Трансафғон темир йўли камида 5 йилда қурилади

    Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов трансафғон темир йўли қурилиши ҳақидаги баъзи маълумотларни очиқлади.

    Тошкент шаҳрида 17—25 октябрь кунлари ўтказилаётган “Халқаро ташаббуслар ҳафталиги” доирасида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов журналистларга берган интервьюсида трансафғон темир йўли қурилиши бўйича тўлиқ келишувга эришилгани ва лойиҳанинг техник–иқтисодий асослари ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.

    “Трансафғон темир йўли ниҳоятда йирик лойиҳа. Уни мураккаблиги Афғонистон ҳудудида эканида. Лекин асосий ташаббускор ҳурматли президентимиз бўладилар. Бугунги кунда бир қатор мамлакатлар билан бу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришганмиз. Ҳозирда унинг техник–иқтисодий асосларини ишлаб чиқяпмиз. 2025 йилда лойиҳага тамал тоши қўйилади деб ўйлайман. Қурилиш мураккаблигини инобатга олсак, жараён камида 5 йил давом этади”, деди вазир.

    Ўзбекистон Термиз—Мозори Шариф—Кобул—Пешовар трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш учун бир неча йиллардан бери ҳаракат қилиб келади. Лойиҳа орқали Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш йўли очилади. Бу эса минтақавий алоқа ва савдони ривожлантиришга хизмат қилади. Темирйўл ишга тушса, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 эмас, 3-5 кун давом этади. Бундан ташқари, битта стандарт контейнерни ташиш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши кутилмоқда. Мазкур йўналиш бўйлаб юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.

    Маълумотларга кўра, темир йўл линияси Термиз—Мозори Шариф—Логар—Харлачи—Toрхам йўналиши бўйлаб давом этиб, Пешовар ва Роҳри орқали Карачи портига чиқади. Мозори Шарифдан Toрxамгача бўлган янги участкаларнинг узунлиги қарийб 760 километрни ташкил қилади. Лойиҳанинг режалаштирилган қиймати 4,8 миллиард доллар.

    ЙТБ таҳлилчиларининг фикрига кўра, трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишда дуч келинадиган асосий қийинчиликлар қуйидагилардан иборат:

    • Афғонистоннинг тоғли рельефи;
    • Афғонистон—Покистон ҳамкорлигининг ҳал этилмаган муаммолари;
    • ўтказиш қобилиятини ошириш учун Покистон темир йўл тармоғини модернизация қилиш зарурати.

    Бундан ташқари, яна бир қатор мураккабликлар мавжуд, хусусан:

    • Афғонистон турли қуролли гуруҳлар фаоллиги билан беқарор минтақа бўлгани сабабли бу транспорт ва инфратузилма лойиҳалари хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Мамлакатдаги сиёсий вазият узоқ муддатли лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни қийинлаштириш эҳтимоли мавжуд.

    Шундай қийинчиликларга қарамай, мутахассислар трансафғон йўлаги Ўзбекистон учун минтақавий интеграция ва иқтисодий ривожланишни сезиларли даражада яхшилаш салоҳиятига эга бўлган муҳим стратегик ташаббус эканини қайд этган.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates