Кейинги кунларда юртимизда, хусусан, Самарқанд вилояти ҳудудида ҳам аномал иссиқ ва қуруқ ҳаво оқими ҳукм сурмоқда. Жазирама иссиқдан нафақат фуқароларимиз балки қишлоқ хўжалиги экинлари, яъни ғўзани ҳам асраш юзасидан қатор агротехник тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.
Шу мақсадда “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғўза парваришида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида жазирама иссиқ кунларда ғўзани асосан тунда шарбат усулида суғориш, сувни қаровсиз қолдирмаслик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ғўза майдонларида тупроқ намлигини 80 фоизда ушлаб туриш сингари долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ғўза ривожланишдан тўхтаб қолишининг олдини олиш юзасидан аномал иссиқ кунларда тунда суспензия орқали ишлов бериш, намликни ушлаб туриш учун ғўза суғорилгандан сўнг, ер етилгач зудлик билан культивация ишларини бажариш ҳосилдорлик ошишига хизмат қилади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси катта инспектори Бектош Раҳмонқулов. – Шу мақсадда, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан сувчиларни резина этик, махсус кийим-бош ҳамда тунги ёритиш ускуналари (фонарлар) билан таъминлаш, ҳар бир пахта майдони бошида “Дала уйлари”нинг аҳволи алоҳида назоратга олинди. Хусусан, 2021 йилнинг июнь ойи давомида ғўза парваришида агротехник тадбирлар ижроси юзасидан жами 196 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 43 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш мақсадида, қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларига 14 та ёзма кўрсатма, 153 та огоҳлантириш берилди, 10 та маъмурий қарор қабул қилиниб, 19 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга тақдим этилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, 2021 йил ҳосили учун Самарқанд вилоятида 75 минг 356 гектар ер майдонида ғўза парваришланмоқда. Мониторинг натижаларига кўра, айни кунларда 45 минг 588 гектар ердаги ғўза ниҳолларида 1-2 та кўсак, 27 минг 077 гектар ердаги ғўзада 3-4 тадан кўсак мавжуд. Бир кунда 3 минг 208 гектар ер майдонидаги ғўза суғорилмоқда, дея хабар беради Агроинспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.









