Туркиянинг Хатай шаҳри делегацияси Бухорода

    Туркия Республикасининг Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш бошчилигидаги ишбилармонлар делегацияси  расмий ташриф билан Бухорода бўлди.

    Музокара аввалида вилоят ҳокими Ботир Зарипов Бухоро ва унинг бугунги салоҳияти ҳақида ахборот берди. Бугунга келиб Бухоро вилоятида 300 дан ортиқ хорижий инвестиция иштирокидаги корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, маҳаллий тадбиркорлар ва Туркия Республикаси компаниялари ҳамкорлигида турли соҳалардаги қўшма лойиҳалар туфайли ҳозирда 39 та хорижий корхона фаолияти йўлга қўйилган. Туркия Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 5 та давлатдан биридир.

    Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда Бухоро вилояти ва туркиялик сармоядорлар, ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ташқи савдо айланмаси 68,7 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, умумий фаолият даромади 2019 йилга нисбатан 8,3 фоизга ўсган. Шу жумладан, экспорт ҳажми 12,4 миллион, импорт ҳажми эса 56,3 миллион АҚШ долларига етказилган. Ана шундай яқин ҳамкорлик самараси ўлароқ, жорий йилда ташқи савдо айланмасини 100 миллион АҚШ долларига етказиш ва тўғридан-тўғри хориж инвестициясини ошириш кўзда тутилган.

    Вилоят ҳокими Туркия делегацияси билан музокарада келгусида амалга оширилиши мумкин бўлган икки томонлама тенг манфаатли ҳамкорлик йўналишлари хусусида тўхталиб, қатор таклифларини илгари сурди. Жумладан, вилоятда ҳар йили ўртача 300 минг тонна атрофида пахта хом ашёси етиштирилиб, шундан 100 минг тоннадан зиёд пахта толаси ишлаб чиқарилиши, бу эса тўқимачилик корхоналари қувватларини ошириш, “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида шерикликда ишлаш ва тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун қулай муҳит.

    Шунингдек, Бухоро вилоятида қоракўлчиликка ихтисослашган хўжаликлар ички имкониятлари кенгайтирилаётгани ҳисобидан қоракўл терини қайта ишлаш ва чарм-мўйна саноатини ривожлантириш, бундан ташқари, ҳудудда қимматбаҳо саналган 50 дан ортиқ ерости қазилма бойликлари — графит, бентонит, мармар, гранит, гипс, олтингугурт, оҳактош ва бошқа хом ашёга бой табиий ресурслар конларини ўзлаштириш, улардан қурилиш ва бошқа соҳалар учун зарур ашёлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истиқболи хусусида тўхталиб ўтилди.

    Қолаверса, кўп асрлик тарихи, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашганлиги, ҳудудда 800 дан ортиқ тарихий ва меъморий обида, муқаддас қадамжолар мавжудлигини, шунингдек, Қадимий Бухоро шаҳри ЮНЕСКО халқаро ташкилотининг сайёҳлик маркази сифатида жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилганлигини инобатга олиб, жадал суръатларда ривожланаётган сайёҳлик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, икки давлат ўртасида зиёрат туризмини ривожлантириш истиқболларига эътибор қаратилди.

    Ўз ўрнида, Хатай провинцияси ҳокими Лютфи Саваш самимий қабул учун вилоят ҳокими ва барча мутасаддиларга ўз миннатдорлигини изҳор қилди. Ташриф ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини ният қилинди.

    Тадбирда қадим ва навқирон Бухорои шариф, шунингдек, унда қад ростлаётган “Bukhara City” замонавий турар жой ва ишбилармонлик мажмуаси тўғрисида тайёрланган видеороликлар намойиш қилинди.

    Меҳмонлар замонавий кент қурилишида муҳташам меҳмонхоналар туркуми ҳамда маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказига ўз лойиҳалари билан ҳисса қўшиш ниятини билдирдилар, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates