Хўш, мазкур фаолиятнинг мазмун-моҳияти қанақа, унинг талабалар ҳаётидаги аҳамияти, фойдали жиҳатлари қандай? Тьюторларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор? Шу ва бошқа саволлар билан ТДЮУнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Аҳрорхон Ҳошимхоновга мурожаат қилдик.
— Аҳрор Мўминович, айтингчи, тьютор ким ва ушбу фаолиятдан кўзланган асосий мақсад нима?
— Тьютор — талабаларнинг шахсий ривожланишига, университет, республика ва халқаро миқёсдаги танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига, шунингдек, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишига кўмаклашувчи инсон бўлиб, у йигит-қизларни касбга йўналтириш, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, турли илмий тўгаракларга жалб этиш ҳамда муаммо ва камчиликларини ўрганиб, уларга атрофлича ечим топиш билан шуғулланади. ТДЮУда ректорининг буйруғи билан тасдиқланган “Тошкент давлат юридик университетида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомда тьюторлар асосий фаолият йўналишлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мақсад ва вазифалари кўрсатиб ўтилган.
Низомга кўра, тьюторларнинг асосий мақсади — таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишда университет ва талабалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, талабаларнинг университет ҳаёти ва таълим жараёнига мослашишига кўмаклашиш, уларга услубий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш ва талабаларда танлаган касбига муҳаббатни оширишдир. Шу билан бирга улар йигит-қизларнинг дарс машғулотларини мунтазам таҳлил қилиб боради ва сифатини оширади, уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлайди ҳамда ижтимоий аҳволидан доимий хабардор бўлиб туради.
— Тьюторлар қайси йўналишларда ўз фаолиятини олиб боради?
— Тьюторлар маънавий-маърифий ва аҳлоқий-тарбия, ўқув ва ўқув-услубий ҳамда илм-фан, инновацион ва илмий-тадқиқот йўналишларида ўз фаолиятини олиб боради.
— Тьюторларнинг ушбу йўналишлар бўйича вазифалари хусусида маълумот берсангиз.
— Ҳар бир тьютор ўзига бириктирилган гуруҳ талабаларини беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган клуб ва тўгаракларга жалб этиб боради ҳамда уларнинг ижодий қобилияти ва истеъдодини намоён этиши учун имкон яратади. Талабаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, уларнинг таълим олиши, илм билан шуғулланиши, яшаши ва дам олиши учун шароитлар яратишга кўмаклашади ва бу борадаги янгиликлардан хабардор қилиб боради.
Шунингдек, йигит-қизларнинг ўқув интизомини мустаҳкамлаш, уларда ижодий фикрлаш, ҳалоллик, тўғри сўзлик каби хислатларни шакллантириш борасида тизимли ишларни йўлга қўяди. Иқтидорли ва истеъдодли талабаларни аниқлаб, уларнинг турли танлов ва олимпиадаларда муносиб иштирок этишига ҳамда талабаларнинг лойиҳа ва стартапларини амалга оширишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, талабаларнинг дарсларни ўзлаштириш даражасини назорат қилиб боради, уларнинг инновацион таълим технологиялари ва ўқув-услубий материаллар, ахборот-ресурслари билан таъминлаш ва ушбу манбалардан кенг ва унумли фойдаланиши учун замин яратади.
Шу билан бирга тьюторлар талабаларни ўйлантирадиган қатор масалалар, хусусан, талабаларни турар жой билан таъминлаш, қолдирилган дарсларни ўзлаштиришига ёрдам бериб боради.
— Тьюторларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд?
— Ҳар бир тьютор ўзига бириктилган академик гуруҳларнинг дарсларини, талаба давоматини ва дарс сифатининг мониторингини олиб бориш мақсадида кузатиш, талабаларга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини талаб қилиш, ТТЖга жойлашиши учун эълон бериш ва бу борадаги комиссия йиғилишида талабанинг иштирокини таъминлаш,талабага тавсифнома ва академик таътил бериш масаласини ҳал қилишда иштирок этиш, уларни рағбатлантирилиши ёки жазоланиши, турли стипендияларга тавсия қилишда хулоса ва фикрнома бериш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, ҳар бир тьютор талабаларнинг шаъни ва қадр-қимматини, обрўсини ҳурмат қилиш, уларнинг жисмоний, руҳий ва психологик ҳолатидан мунтазам хабардор бўлиш, ўқув, маънавий ва илмий фаолиятини мониторинг қилиб бориш, йигит-қизларнинг дарсларда иштирокини назорат қилиш, ёшларнинг ота-оналари ва ўзи билан доимий мулоқот қилиб боришга мажбурдир.
— Самимий суҳбат учун раҳмат!
Жавлон Вафоев суҳбатлашди.