Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 октябрдаги 656-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим ташкилотларида тьюторлик фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом ҳамда тьюторлик фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган.
Низом билан:
- тьюторлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари;
- тьюторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
- тьюторлик фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш ҳамда тьюторларга қўйиладиган малака талаблари;
- тьюторлик фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби белгилаб қўйилди.
Шунингдек, чора-тадбирлар режасига кўра олий таълим ташкилотларида қуйидагилар амалга оширилади.
2025 йилда:
- ҳар бир курс вакилларидан иборат “Курс қўмиталари” фаолияти ташкил этилиб, талабаларнинг муаммолари ва қизиқишлари доимий ўрганилади;
- талабалар билдирган фикрлар асосида “Муаммоларни бартараф этиш дастури” ишлаб чиқилади;
- талабалар учун махсус ижтимоий платформа ва мобил иловалар яратилади;
- медиалабораториялар фаолияти ташкил этилади;
- “Етакчи ва фаол талабалар мактаби” ташкил этилади;
- “Бир зиёли — 10 талабага маънавий устоз” тизими жорий этилади;
- мусиқа ва раққослик ансамбллари фаолияти йўлга қўйилади;
- 2025/2026 ўқув йили давомида “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” дарслари ташкил этилади.
2026 йилда:
- “Амир Темур ворислари” спорт кўрик-танловини ўтказиш низоми ишлаб чиқилади;
- ҳар бир ҳудуддаги битта ОТМда “Ҳарбий спорт майдончалари” ташкил этилади;
- тьюторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш индикаторлари ишлаб чиқилиб, рейтинг тизими жорий этилади;
- энг юқори рейтингга эга тьюторларни рағбатлантириш, паст кўрсаткичли тьюторларга нисбатан таъсир чоралари кўриш механизми жорий этилади;
- энг самарали фаолият юритган тьюторлар хорижга тажриба алмашиш учун юборилади;
- тьюторлар фаолиятини мониторинг қилиш имконини берувчи рақамли платформа яратилади.
Бундан ташқари, ҳар йили “Энг яхши тьютор” танлови ўтказилади.









