Бугун, 23 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар фаолиятида интеллектуал мулк капиталини жорий қилиш юзасидан Савдо-саноат палатаси, Интеллектуал мулк агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси ўртасида уч томонлама ҳамкорлик битими имзоланди.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Интелектуал мулк агентлиги директори Т.Абдусатторов, Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари, “Ҳунарманд” уюшмаси раиси У.Абдуллаев ҳамда ташкилотларнинг ҳудудий бошқарма вакиллари иштирок этди.
Мазкур битимни имзолашдан кўзланган асосий мақсад Агентлик, Палата ва Уюшма ўртасида интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, мазкур соҳани ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида интеллектуал мулк объектлари кенг жорий этилишини таъминлаш ҳисобланади.
Тадбирни Савдо-саноат раиси А.Икрамов кириш сўзи билан очиб бериб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида 2020 йил 12 октябрь куни “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Ҳусусан, давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллий товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шуни таъкидлаш керакки, юртимизда ҳар йили 4500 та интеллектуал мулк объекти, жумладан, 2000 дан зиёд товар белгилари Интеллектуал мулк агентлигидан рўйхатдан ўтади. Лекин саноатимизнинг бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилган бўлиб, бу саноат тармоқларининг экспорт ҳажмини оширишда ҳали кўп ишлаш, аввало, товар белгиларини жаҳон миқёсида танилишида тегишли саъйи-ҳаракатларни олиб бориш лозимлигини талаб этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳозирги кунда маҳаллий товар белгиларини ҳалқаро рўйхатдан ўтқазиш ва шу йўл билан экспорт ҳажмини ошириш асосий вазифа сифатида белгилаб берилди.
Маълумки, товар белгилари ёки товар келиб чиққан жойлар номига эга маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш масалалари Интеллектуал мулк агентлиги томонидан амалга оширилади ва бу йўналишда жойларда маҳаллий тадиркорлик субъектлари ва хунармандлар учун товар белгиси, унинг муҳофазаси, давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, бунда товар белгиларини ишлаб чиқиш ҳамда жаҳон бозорида ўз товар белгиси билан савдо қилишнинг афзалликларини тушунтириб бериш, тадбиркорлар эътиборига етказиш муҳим масалалардан бўлиб қолмоқда. Бу борада Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси уч томонлама ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда товар белгиларини ривожлантириш ҳамда маҳаллий брендларни шакиллантиришда ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишлари лозим бўлади.
Мазкур имзоланган қўшма қарор Интеллектуал мулк агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва Ҳунарманд уюшмаси раҳбарларидан иборат Тадбиркорликда интеллектуал мулк капиталини жорий қилиш бўйича идоралараро кенгаш ташкил этиш ва унинг таркибини тасдиқлаш, мазкур идоралараро кенгаш фаолиятини белгилаб берувчи низомни тасдиқлаш ҳамда тадбиркорларнинг маҳсулотларини “бренд”га айлантириш дастурини ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Шунингдек, имзоланган қўшма қарор юзасидан Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаларига кичик бизнесни, айниқса, маҳаллий саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Тадбирда Палата раиси томонидан мазкур белгиланган вазифаларни тўлақонли таъминлаш орқали жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлар маҳсулотларини халқаро рўйхатдан ўтказиш ва хорижий бозорларда миллий брендларнинг танилиши ва ўз ўрнига эга бўлишига эришиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.








