Мактабларда эркак ўқитувчилар кўпаймоқда

    Эркак ўқитувчилар мактабга қайтаётгани ҳақида мақола ёза бошлаганимда хаёлим олис ўқувчилик йилларига кетди. Сув қуйгандек жим-жит мактаб дарсхонасини адабиёт муаллимининг вазмин ва салобатли овози бузади.

    Устоз берилиб шеър ўқийди:


    “Водийларни яёв кезганда,

    Бир ажиб ҳис бор эди манда...”.


    Унинг жиддий қиёфаси қаршисида ҳайратдан қотиб ўтирардик. Кўз олдимизда ватан кенгликлари жонланар, табиатга шайдолик, ҳаётга муҳаббат туйғуси ақлимизу руҳимизга кўчарди. Дарслар жуда қизиқарли ва сокин ўтар, ҳаётдан сабоқ бериларди гўё.

    Бугун муаллимнинг мавқеи, ўқитувчилик касби нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, меҳнати муносиб эътироф этилаётир. Педагоглар турли юмушлар, ортиқча қоғозбозликдан озод этилиши, ойлик маошлари оширилгани, устоз деган улуғ мақомга муносиб кўрилаётгани самарасини бир маҳаллар турли сабабларга кўра, мактабни тарк этган эркак ўқитувчиларнинг ўз ишига қайта бошлагани мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Ўғил бола синфдошларимиз устозимиздан ҳайиқар, ўйинқароқ болалар ҳам адабиёт фанида тартибли ва интизомли ўқувчига айланиб, китобга, мутолаага ошно тутинарди.

    Ёдимда, 5-синфда ўқиб юрган кезларим илк шеъримни муаллимга қўрқа-писа кўрсатар эканман, ўйчан қиёфасига бир зум қувонч инганини кўрдим. Ана шу қувонч келажакка умид берди. Устозимнинг ишончи ва қўллаб-қувватлови билан мақолаларим, шеърларим дастлаб туман, сўнг марказий нашрларда чоп этила бошланди. Шу тариқа ўз йўлимни танладим.

    Устоз ўшанда ҳар биримиздаги яширин иқтидорни илғаган, шунга қараб ёндашганини кейинроқ англадик. Орадан йиллар, фасллар ўтди. Биримиз муҳандис, биримиз ўқитувчи, яна кимдир шифокор бўлди. Ортга назар ташлар эканмиз, бугунги даражамизда адабиёт муаллимининг нечоғлиқ меҳнати ва

    салоҳияти ётганини яхши тушунамиз. Талабчан ва қаттиққўл, меҳридарё муаллим сиймоси кўз олдимизда гавдаланаркан, қалбимизда миннатдорлик, чуқур ҳурмат ҳисларини туйишимиз бор гап.

    Рақамлар етарлими?

    Бугун муаллимнинг мавқеи, ўқитувчилик касби нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда, ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, меҳнати муносиб эътироф этилаётир. Педагоглар турли юмушлар, ортиқча қоғозбозликдан озод этилиши, ойлик маошлари оширилгани, устоз деган улуғ мақомга муносиб кўрилаётгани самарасини бир маҳаллар турли сабабларга кўра, мактабни тарк этган эркак ўқитувчиларнинг ўз ишига қайта бошлагани мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги берган маълумотга кўра, 2019 йилда жами ўқитувчилар сони 481 минг 604, шундан 148 минг 695 нафарини эркак ўқитувчилар ташкил этган бўлса, 2024/2025 ўқув йилида 538 мингдан ортиқ педагогнинг 161 минг 432 нафари эркаклардир.

    Лекин мактабларда эркак ўқитувчилар сони янада кўпайишига маънавий эҳтиёж бор. Бугун ижтимоий тармоқларда ёшларнинг устозини менсимаслик, ҳурмат қилмаслик ёки мутлақо бир-бирини тушунмаслик каби ҳолатларга бот-бот кўзимиз тушяпти.

    Жамиятдаги бу каби иллат илдизи болалар ҳеч кимдан ҳайиқмаслиги, маънавий муҳит саёзлигига бориб тақалади. Фарзанд зарур таълим-тарбияни, аввало, оилада олади. Отанинг ўрни мустаҳкам оилада ўғил-қиз бағри бутун, тартибли ва ориятли бўлиб вояга етиши сир эмас. Худди шу каби мактаб муҳитида ҳам эркак ўқитувчининг таъсири боланинг ғурурли, мард, жасур бўлиб ривожланишига кўмак беради. Бу эса айни ўсмирлик даврида таълим-тарбияда эркак ўқитувчининг ўрни нечоғлиқ муҳимлигига яққол далилдир.

    Бугун таълим тизимида эркак ўқитувчилар салмоғи ортиб бораётгани болаларда ана шу ижобий фазилатларнинг шаклланишига кўмак беряптими?

    Болалар интизоми билан боғлиқ муаммолар камайган.

    Мардлик, жасурлик, элу юрт равнақи йўлида камарбасталик азалдан йигитларга хос фазилат бўлиб келган. Оила, ватан аталмиш қўрғоннинг ҳимояси, осойишталиги ҳам улар билан. Бугун ёшларда ана шу фазилатлар янада бўй кўрсатиши учун таълим-тарбияга ҳар қачонгидан кўпроқ аҳамият қаратилмоқда. Бунда эса эркак ўқитувчиларнинг ўрни муҳим. Улар бор жойда ижобий муҳит, тартиб ҳукмрон. Жавобгарлик, интизом ва ирода каби хусусиятлар айнан эркак ўқитувчилар туфайли яна юзага чиқаётгани, ўғил болалар учун муҳим саналган ўз-ўзини бошқариш, мустақил ва масъулиятли қарорлар қабул қилиш, мураккаб вазиятларда сабрли бўлиш қобилияти фарзандларимизда шаклланиб бораётгани қувонарли. Зеро, бу фазилатлар эртага бир оиланинг устуни, жамият ҳаётида етакчи, тиргак бўлгувчи йигитларга ҳаётнинг ҳар бир қадамида керак. Устознинг бирор муаммони ҳал қилиш бўйича берган маслаҳат ва йўл-йўриғи қайсидир нуқталарда ўқувчи ҳаётини яхши ўзанга буриб юбориши мумкин. Шундай бўляпти ҳам.

    Мураккаб ҳаётий ҳолатларга тайёр бўлиш, улкан мақсадларга эришишда муҳим бўлган сабр, кучли ирода ва қатъият каби кўникмалар шаклланишида эркак ўқитувчиларнинг таъсири беқиёс экани кўзга ташланмоқда.

    Ўқитувчи учун орият масаласи жўн эмас. Ўқувчилар устозига намуна сифатида қарайди. Муаллимнинг касбига, дарсига ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилиши, билимига нисбатан шубҳа билан қаралиши яхши оқибатларга олиб келмайди.

    Орияти мустаҳкам ўқитувчи бунга нисбатан дарҳол чора кўра олади. Шу тариқа болаларда устозга ҳурмат, тизгинсиз хатти-ҳаракатлардан чекиниш ҳисси юзага келади.

    Мактаблардаги ҳолатни кузатар эканмиз, педагогнинг билими ва салоҳияти болаларни мақсад сари дадил интилишига катта туртки бериши шубҳасиз эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик.

    — 6 йилдан бери ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келяпман, — дейди Фарғона шаҳридаги 19-мактаб ўқитувчиси Баҳодирхон Жўраев. — Мактабга биринчи марта ўқитувчи бўлиб келганимда ўқувчиларнинг баъзилари мени қаттиққўл деб ўйлаган, айримлари эса мактабга дарс бериш учун келган талаба сифатида кўрган. Аммо биз дарҳол умумий тил топишдик. Бир оз тартибсиз болалар ҳам учради. Улар билан қатъий суҳбатлашдим, ўзини тутиши, келажагига дахлдор ҳолатлар ҳақида зарур тавсия ва ўгитлар бердим.

    Орзуси амалга ошишига кўмакдош бўлишимни айтганимда ҳолат ўзгарарди. Озгина яхшилик ва эътибор уларнинг қалбига нур ва чексиз қувонч олиб киришига кўп бор амин бўлдим.

    Ўз устида ишлаган, меҳнат ва машаққатдан қўрқмаган педагог шогирдларига намуна бўла оляпти. Баҳодир яқинда 2024 йилнинг “Энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси”, дея эътироф этилиб, болаларга ўрнак кўрсата олди. Унинг хаёли доим ўзлаштириши паст ўқувчилар савиясини кўтариш ёки қобилиятли ўқувчилар иқтидорини тўғри йўналтириш билан банд. Ўқувчилари фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани ҳам педагогнинг меҳнати бесамар кетмаётганидан далолат беради.

    — Дарсдан сўнг ўқувчилар билан мулоқот қилишга интиламан, — дейди Б.Жўраев. — Лойиҳалар устида ишлашда уларга ёрдам бераман. Болалар нафақат диққатни, балки ғамхўрлик, меҳр ва ҳар бир қалб калитини топиш қобилиятини талаб қилади.

    Биз шундай даврда яшаяпмизки, дарслик ва ўқитувчининг шахсияти ягона ахборот манбаи эмас. Педагогнинг вазифаси шунчаки ўқув материалини тақдим этиш ва болани уни ўрганишга мажбурлаш эмас, балки дарсни бошқа, муқобил маълумот манбаларидан кам бўлмаган тарзда тақдим этишдир. Ажо-

    йиб ва эсда қоларли машғулот ўқитувчи обрўйини оширади. Айниқса, эркак ўқитувчидаги қатъият ва яхши маънодаги қаттиққўллик болаларнинг дарс сабоғини жиддий ўзлаштиришига сабаб бўлаётгани, бундай устоз қўлида таълим олаётган болалар интизом билан боғлиқ муаммоларга камдан-кам дуч келаётгани кўзга ташланаётир.

    Стереотипларни синдириб...

    — Бугун мактабларда эркак ва аёл ўқитувчилар мутаносиблиги сезиларли таъминланмоқда. Сон жиҳатидан мутаносиблик эса гендер тенгликни қўллаб-

    қувватлайди. Бу болаларга жамиятда ҳар икки жинснинг тенглигини англашга ва келажакда профессионал танловларда гендер билан боғлиқ стереотиплардан холи бўлишга ёрдам беради. Чунки ўқувчи аёл устозидан меҳр, ғамхўрлик олса, эркак муаллимнинг қўлида унда ўзгача мардонаворлик, қатъият, ирода шаклланади, — дейди педагогика фанлари доктори Умид

    Хўжамқулов.

    Эркакларнинг ўқитувчиликка қайтиши “ушбу касб фақат аёлларга хос”, деган стереотипни йўққа чиқармоқда. Бу эса мазкур касб ҳамма учун қадрли эканини кўрсатяпти. Эркак ва аёл ўқитувчилар бирга ишлаши мактабда мувозанатли, ҳар томонлама ривожланишга мос муҳит яратади. Бу, ўз навбатида, ёшлар ўртасида ўқитувчиликка қизиқишни орттирмоқда. Ҳар икки устоз ҳам ўқувчиларга турли ижтимоий ва эмоционал қўллаб-қувватлашни бериши мумкинлиги кўзга ташланяпти.

    Мактабларда жисмоний фаоллик ва спортга қизиқиш ортмоқда. Улар кўпинча спорт ва жисмоний машғулотларни тарғиб қилади, бу ўқувчиларнинг жисмоний саломатлигини яхшилашда муҳимдир.

    — Болаларнинг кўнглига йўл топиш, муаммоларини тинглашга ҳаракат қиламан, — дейди Олмазор туманидаги 242-мактаб ўқитувчиси Баҳодир Қаҳҳоров. — Улар турли оилаларда катта бўляпти, феъл-атворлар, одатлар турлича. Баъзан устозни назарга илишмайди. Шундай пайтда жисмоний тарбия ўқитувчиси эканим қўл келади. Болаларни спорт машқларини бажаришга ундайман ва шу орқали руҳиятини тарбиялашга ҳаракат қиламан. Мактаблардаги инспектор-психологлар Ички ишлар вазирлигидан Миллий

    гвардия тизимига ўтказилди. Улар бугун бизга яқин кўмакчи, тартибсизликларни биргаликда бартараф этиб келяпмиз. Мактабимизда эркак

    ўқитувчилар камроқ. Жами ўқитувчиларнинг 10 фоизини эркаклар ташкил қилади, холос. Уларсиз мактаб тўлиқ бўлмаган оилага ўхшайди. Ҳамкасбларимиз сони ортса, мактабда таълим сифати ҳам ошиши, тартиб-интизом қатъийлашишига ишончим комил.

    Эркак ўқитувчиларнинг мактабдаги иштироки ёш ўғил болалар учун ўзликни англашда қўллаб-қувватловчи омил бўлаётгани, болалар келажакдаги шахсий ва ижтимоий мақсадларини белгилашда устозидан илҳом олаётгани рост. Эркак ўқитувчилар таъсирида болаларнинг ўзига ишончи ортиб бораётганига мулоқотлар пайтида кўп бор гувоҳ бўлдик.

    Умидлар йўлида...

    Катта йўл бошида турибмиз. Учинчи Ренессансга пойдевор қўйилаётган шу кунларда миллатимизнинг том маънодаги “олтин фонди”га умид боғланмоқда. Ҳар жиҳатдан етук, фазилатли ёшларни эса қадр-қиммати баланд устозлар тарбиялайди. Бунда қатъият ва ирода соҳиби, феъли кенг, мард ва танти, фидойи эркак ўқитувчиларнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди.

    Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги берган маълумотга кўра, биргина жорий йил бошидан буён 125 ўқувчи-ёш нуфузли халқаро олимпиадаларда юқори натижа кўрсатиб, ғолиб бўлди. Бу дунё таълими саҳнасида 125 марта юртимиз шаъни улуғланганидан далолат беради.

    Олис ва чекка ҳудудларга бориб ишлаётган ўқитувчиларнинг аксариятини эркак педагоглар ташкил этяпти. Кўпгина мактабларнинг “қизил” тоифадан “яшил”га ўтишида ҳам уларнинг ҳиссаси катта. Улар бор жойда билим ва салоҳият, масъулият, тартиб ҳукмрон бўлаётгани кузатилмоқда.

    Кун келиб ҳозирги болалар орасидан етишиб чиққан олимлар, зиёлиларнинг қалбида уларга таълим берган муаллим олдидаги қарздорлик, чуқур ҳурмат туйғулари бўй кўрсатиши шубҳасиз. Дунёни ўзгартиришга қодир гўзал туйғулар, эзгу ғояларга туртки берган устозлар сиймоси хотираларда жонла-

    наркан, ориятли, мард, ғамхўр оталар, акалар ёдга тушади. Бугун касбининг қувончу заҳматига эш, фидойи устоз — эркак ўқитувчилар салмоғи ошиб бораётганини кўриб, кўнгилда кўп яхшиликларга умид уйғонмоқда.

    Умидлар рўёби эса ҳали олдинда!

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates