Халқнинг моддий-маданий мероси, санъат асарлари унинг тарихий илдизлари, бой ўтмишидан ҳикоя қилади. Шу боис ҳам маданий тараққий этган жамиятлар моддий-маънавий мероси, санъат асарларини асраб-авайлайди ҳамда ҳимоя қилади. Тарихда маданий мерос ёдгорликлари, санъат асарларининг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ кўплаб воқеалар юз берган. Уларнинг баъзилари қайтарилган ва қайтариш бўйича ҳаракатлар давом этаётган бўлса, қолганларининг тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда.
Қуйида Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган айрим санъат асарлари ва уларнинг тақдири ҳақида тўхталамиз.
Масалан, Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб Лондонда кимошди савдосига қўйилган рассом Александр Волков асарини олайлик. Александр Волков мазкур асарни 1932 йилда яратган ва «Жўхоризор шовқини» деб номлаган. Асар Лондондаги MakDugalls аукционига қўйилган.
Айтилишича, Ўзбекистон давлат музейидан ўғирланиб, АҚШда савдога қўйилган ХIХ-ХХ асрларга тегишли сўзанани ҳам қайтариш жараёни бошланган. Бу сўзана алмаштириб қўйилган.
Шунингдек, манбаларда Россиянинг Уралида туғилган, бироқ 1923 йилда Самарқандни севиб қолиб, у ерда қолган умрини ўтказган ва минглаб картиналарни чизган рассом Уфимцевнинг асарлари эндиликда Москвадаги кимошди савдо уйларида сотилаётгани айтилади.
Ўзбекистон давлат комиссияси мамлакат музейлари ва омборларида таниқли рассом Виктор Уфимцевнинг 60 дан ортиқ асарлари йўқолиб қолганини аниқлаган.
Виктор Уфимцев асарлари билан бирга Чингиз Ахмаров, Рўзи Чориев ва бошқаларнинг асарлари ҳам олиб чиқиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Самарқанддаги мақбарадан ХIII–ХIV асрларга оид кошинлар партияси Ўзбекистондан ўғирлаб кетилгани аниқланган.
Дунёга машҳур Британия музейи ушбу ноёб кошинларнинг репатриация қилинишида кўмаклашишини маълум қилди. «The Guardian» нашрининг хабар беришича, тарихий буюмлар 2020 йилнинг январида Лондон аэропортида контрабанда маҳсулоти сифатида олиб қўйилган.
Қайд этилишича, ноёб маданий бойликлар Ўзбекистонга келишидан олдин Лондонда намойиш қилинган. Қўшимча ҳужжатларда улар Шаржада 315 дирҳамга сотиб олинганлиги ва сотиш учун мўлжалланганлиги билдирилган.
«Сын Отечества» журналининг князь Трубетский ҳақида ёзган хабарига кўра, «Афросиёбни айланиб юрган полковник кечқурун ишдан қайтаётган мардикорларни учратди. Улар бир сўм эвазига, «омад учун» харобани қазишга рози бўлишди. Ярим соатдан сўнг мардикорлар ёнбошлаб, ўнг қўлига шернинг шаклини ушлаб турган аёл ҳайкалчасини топишди…» Бунақа «омад учун» хазина ахтарувчиларнинг сони кундан-кунга ошиб борарди.
Афросиёбдаги тарихий буюмлар билан Петербургдаги амалдорлар ҳам қизиқиб қолишди. Шу сабабдан, Зарафшон округининг бошлиғи А. Абрамов 1874 йилда майор Борзеновга Афросиёбдан осори атиқаларни топиб, Эрмитажга жўнатишни буюрди.
В. Шишкиннинг ёзишича, 1883 йилда генерал-губернатор М. Черняевнинг буйруғи билан подполковник В. Крестовский Афросиёбда қазиш ишларини бошлади. У топилмаларнинг бир қисмини Тошкентда қолдириб, энг ноёб, қимматбаҳоларини Петербургдаги Археологик комиссияга жўнатди.
Булардан ташқари, Буюк Хоразмнинг антик ва ўрта асрларга оид тарихини ўз бағрида авайлаб сақлаб келган Бозорқалъа, Бургутқалъа, Аёзқалъа, Девқалъа, Ёнбошқалъа, Гулдурсун, Қизилқалъа, Қалъалиқир, Тешикқалъа, Қирққизқалъа, Шоҳсанам, Қўрғонқалъа, Яккапорсон ва бошқа ёдгорликлардан топилган бебаҳо осори атиқалар ҳам Москвага олиб кетилди. Шу ёдгорликлардан топилган аждодларимизнинг диний олами ҳақида қимматли маълумотлар берадиган, моҳирлик билан яратилган бир неча тош тобутлар (остадонлар) Шарқ халқлари санъати музейида сақланмоқда.
Ўғирланган санъат асарлари билан тўлдирилган Лувр
Дунёга машҳур музейлар ҳамда санъат галереялари ўғирланган асарлар ҳисобига «кун кўраётгани» ҳақида гап кетса, кўпчилик ишонмайди.
Лувр дунёдаги энг катта ва энг қадимий музейлардан биридир. Париждаги ўзига хос ойнаванд пирамидасимон ушбу иншоот ўзида қарийб 380 минг буюм ва 35 минг санъат асарларини жамлаган.
Аммо унинг ўтмиши қизиқ синоатларга бой. Боиси музейдаги аксарият санъат асарлари ўғирлаш ва тортиб олиш йўли билан қўлга киритилган. Наполеон Бонапарт дастлаб ҳарбий генерал сифатида, сўнгра императорлик даврида босиб олган ҳудудларидан минглаб гўзал суратлар, ҳайкаллар ва санъат буюмлари олиб келган.
Лувр бир пайтлар қалъа эди. 1793 йил Лувр музей сифатида очилганида унинг экспонати 500 дан ортиқни ташкил этган.
Катта бино учун 500 та санъат асари жуда камлик қилар эди. 1794 йил Бельгия ва Германияда Фламанд рассомлари, жумладан Питер Пол Рубенс, Энтони Ван Дейк ва Гаспар де Креэр ўз асарларидан воз кечишга мажбурланди. Миллий конвенция рассомлар ишларини ўғирлаш учун биноларни, черковларни талон-торож қилди.
Ўғирланган асарлар орасида Микеланжелонинг «Брюсел Мадоннаси», Хуберт ва Ян ван Эйкнинг бир қатор нодир асарлари бўлган.
Наполеон Бонапарт Италиядаги француз қўшинларининг генерали бўлганида талончиликка ҳам қўл урган. У 1796 йилда Италияни кесиб ўтиб, Антонио да Коррегжио, Рафаел, Микеланжело, да Винчи ва бошқаларнинг асарларини тортиб олди.
Наполеон Бонапарт Пиатсензада 20 та сурат олган, яна 20 та расмни Миланда тўплаган, сўнгра яна 100 та санъат асари – ҳайкаллардан тортиб гулдонларгача Балония шартномасида қўлга киритган.
2020 йилда Маданият вазирлиги 1991 йилдан то шу кунга қадар мамлакатимиздан ўғирлаб кетилган санъат асарлари ва меъморий обидалар парчаларини мамлакатга қайтариб олиш жараёнини бошлагани эълон қилинган.
Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудидан олиб кетилган санъат асарларини қайтариш бўйича амалий ишлар аллақачон бошланган ва талай маданий мерос намуналари олиб келинган. Бу ишлар давом эттирилиб, тарихимизнинг бир бўлаги бўлган ноёб санъат асарларини ўз жойига қайтарилиб, қадр топишидан умидимиз катта.
Рашид Хўжамов тайёрлади.