Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси ёхуд ёруғ келажак пойдевори қандай қўйилмоқда?

    Мамлакатлар тараққиётида маънавият, маданият бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозиргидек глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, ягона халқ бўлиб олға интилишда санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Юртимизда эзгулик, инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси кенг тарғиб этилмоқда. Бу жамиятимизда соғлом дунёқарашни ривожлантириб, бунёдкорлик ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қиляпти. Халқимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умидни тобора кучайтирмоқда. Мазкур ислоҳотлар жараёнида маданият ва санъатга, унинг тараққий топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газе­талари таҳририяти мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан интервьюлар ташкил этиб, соҳадаги ўзгаришлар, келажакдаги режалар, ислоҳотлар моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилиб келмоқда. Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда бу галги суҳбатдошимиз маданият вазири Озодбек НАЗАРБЕКОВ бўлди.

    — Суҳбатимизни янги Ўзбекистон ғоясини шакллантириш, ривожлантиришда Маданият вазирлиги фаолияти, унинг ўрни, аҳамияти ҳақида бошласак.

    — Янги Ўзбекистон бугун нафақат маданият, балки барча соҳада дунёга очилди. Янги Ўзбекистон ғояси, ундаги ислоҳотларни дунёга танитишда спорт ва маданият энг кўп натижа ­берадиган соҳа эканини барчамиз яхши биламиз.

    Президентимиз ташаббуси, сиёсий иродаси сабаб дунё мамлакатлари билан маданий алоқалар мустаҳкамланиб боряпти. Масалан, ҳар йили Ўзбекистонда тўрт-бешта давлатнинг маданият кунлари ўтказилмоқда. Ўз ўрнида, бошқа мамлакатларда Ўзбекистон маданият кунлари ташкил этилмоқда.

    Аввал фақат “Шарқ тароналари” халқаро фес­тивали ўтказиларди. Ҳозир ҳар йили камида 2-3 та халқаро фестиваль ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, соҳа ривожи учун ҳуқуқий асос бўладиган ўнлаб ҳужжатлар қабул қилинди. Шунинг ўзиёқ кейинги йилларда соҳадаги кескин ўзгаришлардан дарак.

    Халқаро даражадаги маданий тадбирлар Ўзбекистон имижини яратишда қўл келади, ўзбеклар ким, деган саволга жавоб беради. Европа, умуман, ривожланган давлатларда йирик кўргазмалар, маданият кунлари, театр­лар намойиши ташкил этиш айнан шу мақсадга хизмат қилади.

    — Ўзбек халқининг маданияти, аждодларимиз меросини хорижда кенг тарғиб қилиш борасида улкан ишлар амалга ошириляпти. Бугун юртимиз маданияти ҳақида хорижда анча кенг тасаввур пайдо бўлди. Ўзимизнинг бебаҳо маданиятимиз бўлгани ҳолда бошқа халқлар билан маданий ҳамкорлик қиламиз. Бироқ бу ҳамиша ҳам ижобий бўлмайди. Айниқса, ёшларимизга салбий таъсир кўрсатиб, уларни бошқа йўлларга жалб этишга хизмат қилиши мумкин. Қисқача айтганда, ёшларимизни мафкуравий таъсирлардан ҳимоя қилишда бизга қандай қўлланмалар керак?

    — Бу Маданият вазирлигини доимий безовта қиладиган ва ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган долзарб масала. Шунинг учун бу борада ҳар куни изланамиз, ижобий жавоб қидиришдан ҳеч қачон тўхтамаймиз. Дарҳақиқат, мафкуравий таҳдидлар ўз шаклини кун сайин ўзгартириб боряпти. Бугун ахборот жангида ким кучли бўлса, ўша томон кўпроқ ғолиб бўляпти. Хатарли томони шундаки, оммавий маданиятнинг тажовузи кун сайин ортмоқда. Афсуски, шундай вазиятда дунёда адолат мезонларини таъминлаши керак бўлган ташкилотларнинг ўзи адолатсиз қарорлар қабул қиляпти. Буни инсоният кўриб, билиб турибди. Ўйлайманки, шундай вазиятда маданият соҳаси оёққа туриши, соҳа вакиллари кўпроқ майдонга чиқиши керак.

    Ёдингизда бўлса, ўтган йили 22 декабрда Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари бугун жамиятнинг, балки бутун инсониятнинг маънавий ислоҳотчиларга жуда катта эҳтиёжи борлиги ҳақида гапирган эди. Зеро, иқтисодий ривожланган ҳар қандай давлатда ҳам маънавий инқирозни кўряпмиз. Демак, инсоният ҳаётида маданиятнинг ўрни жуда муҳим. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида. Кўпинча инсонларга индивидуал маданият таклиф қилинмоқда. Умуминсоний маданиятдан воз кечиб, мана шундай нормаларни қабул қилаётганлар ҳам топилади, афсуски.

    Ўзбекистонда маданият соҳасида бўлаётган ислоҳотлар мана шундай хуружларга қарши туришга, ҳозиржавоблик билан иш юритишга қаратилган. Юртимизда ташкил этилаётган халқаро форумлар, уларда ўртага ташланаётган мавзулар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё ёшларини ғоявий хуружлардан асрашга қаратилган. Уларда соҳа вакиллари, профессор-олимларнинг қарашлари, хулосалари ўртага ташланмоқда. Муаммони ҳал қилишга қаратилган ечимлар бериб борилмоқда. Маданият соҳаси стратегияларида ёшларни том маънода ўзбек фарзанди этиб тарбиялаш ўз аксини топган. Бунинг учун, албатта, вақт керак. Дастлабки қадамлар натижа бера бошлади.

    Мафкуравий таҳдидларни бирор чегара тўхтатиб қола олмайди. Улар фарзандларимиз онгигача етиб келмаслиги учун фақат мафкуравий қуролгина ёрдам беради. Шу боис, болаларимизни тўғри тарбиялаб, кўпроқ буюк аждодларимиз ҳаёти, фаолиятини ўргатишимиз керак. Генимиздаги инсоний фазилатларни янада фаоллаштирсак, ҳар қандай таҳдидга қарши тура оламиз. Чунки юксак салоҳиятли, истеъдодли халқ вакили эканимиз кўп бора исботланган.

    Бир аср давомида ўзлигимизни унуттиришга жиддий ҳаракатлар бўлди. Ўша ҳужайраларни уйғотиш даври келди. Бугун юритилаётган сиёсат ҳам айнан ёшларимизни уйғотишга қаратилган. Агар мана шу маррага етишда давлатимиз раҳбари билан елкама-елка турсак, ҳар қандай ғоявий таҳдидлар бизни четлаб ўтади.

    Фарзандларимизни тарбиялаш, уларнинг онгида шаклланаётган замонавий шахс тушунчаси ҳақида гаплашсак. Ёшларни замонавий шахс сифатида шакллантиришда театрларнинг ўрни жуда катта. Аввало, бу мақсадга хизмат қиладиган бош бўғин — қўғирчоқ театрлари қандай ҳолатда?

    — Тўғри савол бердингиз. Зеро, Беҳбудий бобомиз айтганидек, театр бу — ибратхона. Унда ҳар қандай томошабин ўзини кўради. Агар камчилиги бўлса, ислоҳ қилади. Ютуқлари бўлса, қувонади. Айтмоқчиманки, саҳна асарлари, албатта, томошабин ҳаётининг қайсидир қиррасини очиб беради. Қўғирчоқ театрларининг ишлаш услуби бир оз эскирди. Кун талабига тўлиқ жавоб бермайди. Ҳозир қўғирчоқ театрларининг кундалик вазифаларини қайта кўриб чиқяпмиз. Улар саҳнада фаолият юритиши билан бирга ижтимоий тармоқларда ҳам ўз контенти билан фаол бўлиш талабини қўймоқчимиз. Ҳар бир вилоятда биттадан қўғирчоқ театри бор. Аммо фарзандларимизнинг ўн фоизини ҳам спектаклларга қамраб олиш имкони йўқ. Демак, қамровни оширишнинг оптимал ечими — ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш.

    Театр жамоалари ёшларни ўзига жалб қиладиган контентлар тайёрлаб бориши зарур. Саҳнада қандай ишланса, ижтимоий тармоқда ҳам шундай масъулият бўлсин. Зеро, мазкур йўналишда болаларимиз уйда компьютер, телефон орқали фойдаланадиган миллий контентлар кам. Ўша бўшлиқни тўлдириш маъносида ҳам қўғирчоқ театри ходимларининг янгича шаклда, таъсирчан механизм асосида ишлашини режалаштиряпмиз. Концепция ишлаб чиққанмиз.

    Кўпинча набираларим билан суҳбатлашиб, уларнинг, болаларимиз онгида қандай қаҳрамонлар шаклланаётгани билан қизиқаман. Афсуски, улар орасида миллий қаҳрамонлар деярли йўқ. Аввало, миллий қаҳрамонларимизни шакллантириш, болалар онгига сингдириш зарур. Бунинг учун қаҳрамонларни замонавий шаклда тақдим этиш керак. Ҳозир ёшларда дунёдаги энг яхши контентларни кўриш, таққослаш имкони бор. Шунинг учун бу борада олдимизда жиддий вазифалар турибди. Албатта, бу осон иш эмас. Айниқса, мутахассислар масаласи. Бироқ бир нарсадан хурсандман, биз муаммолар сабабини кўра оляпмиз. Бу ечимнинг ярми дегани. Аста-секин маблағ билан боғлиқ ва бошқа масалаларни ҳам ҳал қиламиз. Бунинг учун беш-ўн йиллик дастур қабул қилишимиз зарур. Яъни ишлар тизимли йўлга қўйилса, аниқ натижага эришамиз. Шу маънода, барча чораларни кўряпмиз. Аввал миллий қаҳрамонларимизни танлаб, саралаб олиш керак.

    Аждодларимизни, қаҳрамонларимизни ёшларга танитишда уларни фақат битта образда тақдим этамиз. Масалан, Амир Темурнинг болалиги, ўсмирлиги ҳақида ёшларга мос контентлар йўқ. Ёш болага ўрта ёшдаги қаҳрамон ҳаёти қанчалик қизиқ? Болага миллий қаҳрамонларимизнинг болалиги, ўсмирларга ўзига тенг ёшдаги ҳолатини очиб беришимиз керак ахир. Юқорида айтилган концепцияда шулар ҳам назарда тутилган.

    — Келинг, энди ижтимоий, маиший йўналишда ҳам суҳбатлашсак. Бу йил маданият соҳаси вакилларидан 35 нафарига имтиёзли уйлар берилди. Ижод, санъат аҳлига яна қандай имтиёзлар, енгилликлар, қўллаб-қувватловлар бор?

    2019 йилда маданият ходимларига уй қуриб бериш учун вазирликка ер ажратилди. Бунёдкорлик ишларида тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилдик. Улар бизга арзон нархда уйлар қуриб берди. Шундан 35 та уйни соҳа вакилларига топширдик. Насиб қилса, баҳорда яна 40 га яқин уйни эгаларига беришни мақсад қилганмиз. Бу ҳам юртимизда маданият соҳасига қаратилаётган эътибор самараси.

    Очиғи, айримлар маданият-санъат вакили деганда катта саҳнадаги саноқли санъаткорни тушунади. Соҳанинг қолган 40 минг вакилини ҳам шундай тасаввур қилади. Аммо соҳа вакиллари ичида ижтимоий аҳволи оғир бўлганлар талайгина. Бир неча бор ётоқхонада яшайдиган санъаткорларнинг уйига бордим. Аҳволни кўриб, тўғриси, ачинасиз, бир хонали уйда 5-6 киши яшаяпти. Йигирма йилдан бери шу аҳволда яшаб келаётганлар бор. Шу уйда фарзандларни улғайтирган, эл хизматига қўшган. Агар уларни шу ҳолида ташлаб қўйсангиз, умрбод шахсий уйига эга бўлмаслиги мумкин. Чунки улар соҳанинг фидойилари. Ишини яхши кўрадиган инсонлар. Қийинчиликларга қарамай, маош кам бўлганида ҳам ўзини бизнес ёки бошқа соҳага урмаган. Энг бўронли, аёзли кунларда ҳам соҳани елкасида кўтариб келган айнан ўшалар. Маданият ва санъатга ўзини бағишлаган одамлар улар. Ахир имтиёз, рағбатга энг муносиб инсонлар шулар эмасми?!

    Илгари маданият ходимлари бошқа соҳалардагига нисбатан мажбурий меҳнатга икки баравар кўпроқ жалб этиларди. Фаолиятга ҳақ тўламаслик кўплаб ходимлар ҳафсаласини пир қилган эди. Айниқса, рақс гуруҳлари, фольклор жамоалари, оркестрларда, хор жамоаларида фаолият юритадиган, фақат маош эвазига ҳаёт кечирадиган ходимларга икки-уч ойлаб ҳақ тўланмасди. Бироқ улар ҳар куни ишга борарди. Катта тадбирларга тайёргарлик жараёнида ҳатто сув берилмаган вақтлар бўлган. Бугун давлат тадбирларида иштирок этаётган ижодкорлар меҳнати ҳақли равишда рағбатлантирилмоқда. Албатта, муайян вақтдан бери ҳудудлардаги ташкилотлар бундай хизматдан бепул фойдаланган. Санъаткорлар текин хизмат қилиши керак, деган қараш шаклланган. Буни бир йўла ўзгартириш осон эмас. Аста-секин мана шундай эскича қарашларга барҳам бериляпти. Бу жиҳатлар соҳадаги катта масалалар ечими бўлди.

    — Соҳа вакилларига берилаётган имтиёзлар, қолаверса, уларнинг ҳуқуқлари ҳақида батафсил тушунча берганингиз учун раҳмат. Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, коррупция ва унга қарши кураш масалалари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

    — Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда Жумладан, Маданият вазирлигида ҳам коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш масаласида иш режалари қабул қилинган. Мазкур йўналишда тўғри ечим ҳар қандай пул операциясида инсон омили бўлмаслигида деб биламиз. Шу боис, соҳада мутлақ рақамлаштириш ишлари бошланган. Айниқса, иқтисодий йўналишларда рақамлаштириш жадал кечяпти. Коррупцияга қарши курашиш бўлимимизда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан ҳамкорликда тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

    Театрлар, филармонияларнинг раҳбарлари — ижодкорлар. Иқтисодий билими етарли бўлмаган киши бу борада хатога йўл қўйиш эҳтимоли юқори. Бундай хатоларнинг олдини олиш учун профилактик суҳбатлар, тренинг­лар, давра суҳбатлари ташкил этяпмиз. Ушбу тадбирлардан кўриняптики, соҳа ходимлари юридик билим борасида қийналмоқда.

    Билим етишмаслиги нафақат корруп­цион, балки жиноий ҳолатларга йўл очади. Ўзининг ҳуқуқини ҳам билмай муаммолар гирдобида қолишга сабаб бўлмоқда. Юқорида мажбурий меҳнат ҳақида айтдик. Айрим туманларда ҳатто соҳа вакиллари ўз ташаббуси билан тадбирларда текин иштирок этиб юрган ҳолатларга дуч келяпмиз. Агар юридик билим бўлса, инсон адолатсизликка бетоқат бўлади. Натижада қонунлар барча жойда бирдек ишлаши таъминланади.

    Соҳа ходимларининг ҳуқуқий билимларини Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ошириб боряпмиз. Улар белгиланган режа асосида жойларда ҳуқуқий сабоқ бермоқда. Бу кўп дуч келишимиз мумкин бўлган хатоларнинг олдини олишда катта ёрдам бер­япти. Юқорида айтганимиздек, ислоҳотлар давом этади. Келгуси йил соҳани тўлиқ рақамлаштириб, коррупцион ҳолатларга барҳам беришни режа қилганмиз.

    — Суҳбатга тайёрланиш жараёнида мухлисларимизга мурожаат қилиб, уларни энг кўп қизиқтирган саволларга холис ва асосли жавоб олишни ният қилганмиз. Шундай саволлардан бири мамлакатимизда илк бор ўтказилган “Овоз” танлови ҳақида бўлди. Танлов ўз мухлисларини топди. У маданий йўналишдаги ишларимизни безади, десак ҳам бўлади. Шу билан бирга, айрим баҳсларга ҳам сабаб бўлди. Айтинг-чи, энди режалар қандай? Танлов давом эттириладими?

    — Албатта, ҳозир “Овоз-болалар” мавсуми бошланди. Бу аслида Нидерландиядан сотиб олинган лойиҳа. Унинг франшизасини тадбиркоримиз сотиб олган. Франшиза талабига кўра, болалар мавсумидан кейин

    “Овоз 60+” мавсуми эълон қилинади.

    Ҳақиқатан, танлов журналист ва блогерлар орасида баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Лекин масаланинг моҳиятига жиддий қарасак, ҳолат бутунлай бошқача экани кўринади. Масалан, бутун дунёда ижодкорларга елка тутадиган меценатлар бор. Маданият соҳасининг деярли 30-40 фоизини шу меценатлар қўллаб-қувватлайди. Юртимизда маданият соҳасига ўз ташаббуси билан ёрдам бермоқчи бўлган тадбиркорни учратиш қийин. Чунки тадбиркорларимизда бундай маданият шаклланмаган. Бизда мазкур йўналишни ривожлантиришга эҳтиёж бор. Хўш, соҳага меценатларни қандай жалб қиламиз? Буни ўша франшизасини сотиб олган тадбиркорни қўллаб-қувватлаш орқали таъминлаймиз. “Овоз” лойиҳасида биз тадбиркорнинг ёнида турдик. Агар бу лойиҳа омадли давом этса, эртага яна бошқа йирик режаларни ҳам амалга оширишда кўмакчи бўлади. Тадбиркор маданият соҳаси сабаб эл орасида обрў топса, фойда кўрса, бошқаларда ҳам соҳага қизиқиш уйғонади. Келгусида маданият соҳасига меценатлик қилаётган тадбиркорларга имтиёзлар бериш борасидаги масалани ўрганиб чиқяпмиз.

    Маданият соҳасига тадбиркорлар эътиборини жалб қилиш бутун дунёда натижадор бизнес ҳисобланади. Ўзбекистонда 20 нафар санъаткордан бошқа ким шу соҳада бизнес қиляпти? Театрлар, филармониялар даромад кўряптими, йўқ! Ушбу йўналишда ишлар тўғри ташкил этилса, маданият соҳасининг катта қисми тадбиркорлар ҳиссаси билан ривожланади. Масалан, айрим давлатларда театрларнинг 20 фоизи давлат зиммасида, қолган 80 фоизи хусусий. Шундай тажриба бор экан, нега бизда маданият соҳасига 100 фоиз давлат бюджетидан маблағ ажратилиши керак?!

    Бугун соҳага ажратилаётган икки мил­лиард сўм 20 миллиард бўлиб қайтиши лозим. Келгуси режаларни шунга қараб тузяпмиз. Ҳозир Маданият вазирлиги юз фоиз давлат бюджетидан маблағ олади. Ислоҳотлар тўла амалга ошиши учун эскича шаклдан бутунлай воз кечиб, бозор тамойиллари асосида фао­лият юритишимиз керак. Ҳа, ­Маданият вазирлиги соҳага тадбиркорларни жалб қилиш билан шуғулланиши зарур. Табиийки, соҳада мажбуриятлар ҳам бор. Масалан, мақом, фольк­лор, аския йўналишлари. Улар тадбиркор учун жозибадор бўлмагани туфайли назардан четда қолмаслиги шарт. Биз ана шундай катта марраларни мўлжал олганмиз ва уни, албатта, забт этамиз. Ўша кун муқаррар келади.

    — Муқаррар кун деб ажойиб ибора айтдингиз. “Овоз”нинг кейинги босқичининг муддати аниқми?

    — Аниқ. Битта мавсум 4 ой давом этади. Болалар мавсуми 4 ой давомида ўтказилгач, кейин “Овоз 60+”га старт берилади. Шу ҳисобда “Овоз 60+” келгуси йил аввалидан ­бошланади.

    — Танловлар ҳақида гапирганда бир савол туғилади: катта авлод вакиллари “Олтин фонд” ҳақида кўп эслайди. Айт­ганингиздек, “Олтин фонд”ни қайта тиклашнинг муқаррар куни келмадими?

    — Биласизми, ўша пайтда нафақат ­“Олтин фонд”, балки барча асарлар бир неча муҳаррир синовидан ўтиб, эфирга узатилар эди. Ўша жараёнда қўйилган талаблар ижодкорни чархларди. Уларнинг салоҳияти ошиб боришига хизмат қиларди. Сўзни, ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш масаласи ҳам жиддий назорат қилинарди. Шу боис, “Олтин фонд”га кириш машаққатли кечарди. Бугун ҳам Ўзбекистон давлат радиосида бу жараён давом этяпти. Фонд радиода жойлашган, комиссия билан қўшиқларни кўриб, текшириб қабул қиляпти.

    “Олтин фонд” том маънода бебаҳо. Сабаби, забардаст ижодкорлар асарлари “Олтин фонд”да сақланяпти. Улар вақти-вақти билан халқимиз эътиборига ҳавола этиляпти. Бугун “Олтин фонд” каби таҳрир, саралаш билан шуғулланадиган ҳайъат йўқ. Эҳтимол, шу боис, бугун қўшиқларнинг савияси тушиб кетаётгандир. Теле-радиоасарлар ҳам мазмунан саёз. Савол туғилади, нега бугунги ижодкорлар шундай бўлиб қолди? Нима учун баъзи жиддий ижодкорлар ҳам бачкана қилиқлар қиляпти? Ҳозир бутун дунёда шундай тенденция кетяпти. Санъат асарлари эмас, бачкана нарсалар кўпроқ мухлисларни жалб қилмоқда. Ижодкорлар эса истеъмолчи истаган нарсани ҳеч ўйланмасдан тортиқ этяпти. Шу боис, бу ерда бир томонни тўлиқ айбдор қилиб бўлмайди. Қарс икки қўлдан чиқар экан, фақат ижодкорларни айблаш, уларни тартибга чақириш билан масала ечилмайди.

    Президентимиз мазкур масалага ечимни айтган. Бу борада аллақачон ишлар бошланган. Яъни ўрта мактабларда мусиқа фани чуқурлаштириб ўтилиши юқори дидли мухлисларни тарбиялашга қаратилган. Мусиқий билим ўқувчида ҳеч бўлмаса асарларни саралай олиш борасида бошланғич кўникмани шакллантиради. Ўғил-қизларимизга миллий созларга кўникма ҳосил қилиш талаби қў­йилмоқда. Мактаб ўқувчиси еттита создан бирини чала олиши керак. Бу вақт ўтиши билан ижобий натижа кўрсатади.

    Шу ўринда болалигим билан боғлиқ ҳолатни эслаб ўтмоқчиман. Ўшанда маҳаллаларда учта уйдан бирида дутор, рубоб ёки доира бўларди. Демак, соз чалиш кўникмаси ҳам анча-мунча одамларда шаклланган эди. Синфдошларим мисолида оладиган бўлсам, улар ҳам, албатта, бирор тўгаракка қатнашарди. Шу боис, илгари мухлислар савияси ҳам, талаби ҳам юқори эди. Масалан, оиламиздаги турли маросимларда рубоб ва доирани ҳамма чаларди. Даврадагилар навбати билан қандайдир қўшиқ куйлар ёки соз чалиб берарди. Улар бир-бирининг ижросини муҳокама ҳам қиларди. Ваҳоланки, улар оддий касб эгалари, ҳайдовчи, косиб ёки деҳқон эди. Ҳа, мусиқа саводи жамиятда озми-кўпми шаклланганди. Ўша жамият ўз даврининг дарғаларини тақдим эта олди.

    Яна бир мисол, ҳазрат Алишер ­Навоий даврида бозордаги харидор савдогарга байт айтиб мурожаат қилса, сотувчи ҳам шеърий жавоб қилган. Ўша жойнинг ўзида ижодий муҳит шаклланган. Ҳамма шеър ва ғазалларни ёд билган ва бемалол жавоб бера олган. Навоий бугун янги ғазал ёзса, эртасига бутун эл оғзига тушиб ёд бўлган. Шеъриятга, санъатга муккасидан кетган жамият бўлган ва шунинг учун Навоийдай даҳо шаклланган. Жамиятимизда ҳам мусиқий билим шаклланса, ижодкор ҳам, мухлислар ҳам бирдек юксалади. Бундай муҳитда ўзлик, миллий санъат ўз-ўзидан сақланади, ривож топади.

    Президентимиз бугун санъат ва маданиятга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳатто пандемия чоғида ҳам маданиятга жиддий эътибор берилди. Демак, мамлакатимизда маданият соҳаси ҳар қандай вазиятда ҳам муҳим деб қаралади. Бу имконият соҳадаги кўп муаммоларни ечишда ёрдам беряпти. Масалан, мақом ва бахшичиликка асосланган олий таълим муассасаси ташкил этилди. Жойларда мақом, бахшичиликка ­ихтисослашган махсус мактаб­лар иш бошлади. Ҳар бир ҳудудда мақом ва бахшичилик марказлари, ансамбллари тузилди. Булар бизни ҳақли равишда қувонтиради. Энди мактабда мусиқа билимини чуқур ўрганган авлод жамиятга қўшилса, юқорида айтилган масалаларнинг барчаси ечим топади.

    — Аксарият мухлисларни қизиқтирган яна бир масала, санъаткорларга лицензия бериш тартиби ҳақида. Биламизки, бу борада ҳам баҳс ва мунозаралар бор. Қайсидир санъаткордан лицензиясини олиб қў­йиш ёки қайтариб бериш тартиби, омиллари қандай?

    Илгари, тахминан 7-8 йил аввал санъат­корлар йилига 20-30 миллионгача бож тўларди. Бугун ўша биринчи категориядаги санъаткорлар йилига 6 миллион давлат божи тўлайди. Яъни санъаткорлардан солиқ ундириш учун лицензия жорий қилинган. Бу жиҳат ҳам доим баҳсларга сабаб бўлиб келяпти.

    Ижодкорлар даромадини назорат қилиш, очиқ, шаффоф тарзда солиқ тўлаш тизими ҳақида иш олиб боряпмиз. Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда адолатли механизм ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз. Чунки Тошкент шаҳридаги бутун юртга, керак бўлса, хориждаги мухлисларга эга санъаткор билан олис тумандаги ижодкор бирдек солиқ тўлаши адолат мезонига доим ҳам мос келмайди. Шу боис, ижодкорлар учун солиқ турини жорий этиш масаласи энг оғриқли нутқа.

    Лицензияларни олиш, бекор қилиш масаласи, асосан, ўша даврда санъаткорларнинг одоб-ахлоқига боғлиқ ҳолда кўриб чиқилар эди. Очиғи, аввал лицензияни олиш, бериш ижодкорларни бошқаришнинг ўзига хос усули бўлган. Ҳозир лицензияни бекор қилишни суд қарори билан амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бунинг учун Адлия вазирлиги муайян талабларни ишлаб чиққан. Вазир сифатида ижодкорларни мутлақ эркин қўйиш тарафдори эмасман. Чунки ҳар бир ижодкор маънавий қурол. У кимнингдир мақсади йўлида хизмат қилмаслиги керак. Айни дамда тартиб ва чек­ловлар ҳеч кимнинг ҳуқуқини поймол қилмаслиги шарт. Келгусида бунинг ҳам аниқ, соғлом механизмларини ишлаб чиқишимиз зарур. Айрим ҳолларда ахлоқий нормалар бузиляпти деб чора кўрсак, жамоат­чилик уни цензура, тазйиқ ўтказиш деб қабул қиляпти. Шу боис, олтин ўрталиқни топиб, ечим сифатида қарор қабул қилишимиз лозим.

    — Халқаро тадбирлар Ўзбекистон имижи учун нима беради?

    — Янги Ўзбекистон дунёга очилмоқда. Дунё мамлакатлари билан дўстона муносабатлар шаклланяпти. Бундай алоқалар янада мустаҳкам бўлиши учун Ўзбекистоннинг имижини такомиллаштириш, тарғиб этишимиз керак.

    Айрим давлатлар фуқаролари, ишбилармонлари мамлакатимиз Афғонистон билан қўшни бўлгани учун беқарор давлат деб ўйлайди. Бунга ўзим бир неча бор гувоҳ бўлганман. Улар, аввало, сизларда тинчликми, деб сўрайди. Халқаро фестивалларнинг Ўзбекис­тонда ўтказилиши, хорижлик машҳур шахс­лар, вазирлар, профессор, олимлар ташрифи шу каби саволлар, шубҳаларга барҳам беради. Ўтказилган фестивалларга келган айрим хорижликлар орасида хавотирим бор эди, адашган эканман, тинч ва гўзал давлат экан, деганлари ҳам бўлди.

    Халқимизнинг муносабати, меҳмондўстлигини кўриб, уларнинг фикри мутлақ ўзгаряпти. Бунинг барчаси мамлакатимиз имижига ижобий таъсир қилади. Иккинчи томондан, фестиваллар ўтказиладиган ҳудудда инфратузилма, шаҳарсозлик яхшиланади. Хизмат кўрсатиш, савдо ишларига эҳтиёж ортиб, тадбиркорлар кўпроқ даромад топади. Чунки қарийб 2 минг одам ташриф буюради. Янги иш ўринлари сабаб аҳоли даромади ошади. Қолаверса, фестиваллар халқ, мамлакат манфаатини кўзда тутадиган эзгу мақсад, ғоялар асосида ўтказилади. Юқорида ҳам бу борада фикр айтдик, такрор бўлса ҳам яна қайтармоқчиман. Глобаллашув даврида ўзга кучлар ҳар бир инсонга индивидуал мада­ният таклиф қиляпти. Бундай қараш нафақат миллий, балки умуминсоний қадриятларга ҳам таҳдид соляпти. Бефарқ бўлсак, бундай кучлар инсоний маданиятни таназзулга олиб келиши мумкин. Биз ўша умуминсоний фазилатларни сақлаб қолиш учун ҳам маданиятлар учрашуви майдонини асрашимиз керак. Фестивалларда энг кўп ўртага ташланаётган, илмий конференцияларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзу айнан умуминсоний маданиятни асраб қолишга қаратилган.

    Таҳдидларнинг олдини олиш шартларидан бири халқлар бир мақсад атрофида бирлашишидир. Якка ҳолда катта таҳдидларга туриб бериш осон кечмайди. Бунинг учун дунё халқлари санъати, урф-одатлари ва қадриятларини қалбида сақлаган ҳолда бошқалар билан ўртоқлашиб, келгуси йўлни халқаро тадбирларда илмий баҳслар орқали мустаҳкамлаб олиши керак.

    Салим ДОНИЁРОВ суҳбатлашди.

    9 октябр 2024,

    Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси ёхуд ёруғ келажак пойдевори қандай қўйилмоқда?

    Мамлакатлар тараққиётида маънавият, маданият бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозиргидек глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, ягона халқ бўлиб олға интилишда санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Юртимизда эзгулик, инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси кенг тарғиб этилмоқда. Бу жамиятимизда соғлом дунёқарашни ривожлантириб, бунёдкорлик ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қиляпти. Халқимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умидни тобора кучайтирмоқда. Мазкур ислоҳотлар жараёнида маданият ва санъатга, унинг тараққий топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates