“Умид учун кечмак керак бу чўлдан...”

    ХХ асрнинг бошлари Туркистон ўлкаси тарихида ўзининг мураккаблиги, жараёнларнинг тез ва шиддатли кечгани, одамларнинг онгги ва тафаккуридаги диний ва дунёвийлик ўртасидаги курашнинг аёвсиз бўлгани билан ёдда қолади.

    Бунда бир томондан, эскилик анъаналарини сақлаб қолиш мақсадидаги диний қатлам, иккинчи томондан халқ ва миллатни замона руҳига мос тарбиялаш, одамлар тафаккурини кўтариш учун ҳаракат қилган тараққийпарварлар ўртасидаги кескин кураш кечган. Бу аср Туркистон халқлари учун эрку диёнат бой берилган, асрий урф-одат ва анъаналар қадрсизланган, тафаккур қолоқлик ва жоҳилликка юз тутган давр сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.

    Бироқ ана шундай оғир жараёнларда ҳам ХIХ аср охирида юзага чиққан жадид тараққийпарварларининг ижтимоий сиёсий ғоялари ХХ асрнинг бошларига келиб сиёсий ва амалий аҳамиятга айлана олди. Гарчи жадид тараққийпарварлари бу курашда жисмоний жиҳатдан мағлубиятга учраган бўлсалар-да, маънавий ғолиб бўлган ҳолда, кейинги давр авлодларининг қалбида озодликка интилиш, ислом дини ва ақидасига бўлган садоқат, ёш авлодда ёрқин келажакка ишонч туйғуларини шакллантиришда ўзларидан чуқур из қолдирди. Бу тарихий жараёнларнинг кечишида Ғози Юнуснинг ҳам ўзига хос ўрни ва роли мавжуд.

    Ғозимаҳамат Маҳаматюнус ўғли – Ғози Юнус 1887 йилда Тошкент шаҳридаги иморатсоз уста Маҳаматюнус ва мактабдор Зулфия отин оиласида дунёга келган. Ғозимаҳамат илк таълимни онасидан олиб, хат-саводини чиқаради. Бу ҳақида унинг ўзи қуйидагиларни ёзади: “Ибтидои таҳсилим эски мактабда бўлуб, ёшим 15 га кирганда Бароқхон мадрасасина таҳсилга кируб, 8 йил истиқоматимда “Аввали илм”дан бошлаб, “Ақоид”га етдим”.

    Жадидшунос олим Сирожиддин Аҳмад Ғози Юнуснинг мадрасани давом эттиришига иқтисодий имконияти йўл қўймаганини таъкидласа, филология фанлари доктори Ғафур Умурзоқов аксинча, у мадрасада таҳсил олиб, форс, араб, турк тилларини мукаммал эгаллагани, ўқишни тамомлагач унга “мулла” унвони берилгани, ҳатто мударрисликка ҳам таклиф этилгани, бироқ босмахона очишга доир режалари сабаб таклифни рад этганини ёзади. Авлодлари қўлида сақланиб қолган илмий мероси ва ўғли Тўлқин Ғозиевнинг хотира дафтарларини ўрганиш жараёнида, гувоҳи бўлдикки, Ғози Юнус ўзига тўқ ва бой оиладан бўлиб, ҳеч қачон отаси билан сувоқчилик қилмаган ва иқтисодий қийинчиликда яшамаган.

    Унинг ўз таржимаи ҳолини бу тарзда ўзгартиришига сабаб давр сиёсати эди. Яъни, большевиклар ҳукумати йўқсуллар мамлакатини қурмоқчи ва табиийки, бундай мамлакатда ўзига тўқ ва бой одамларнинг бўлиши мумкин эмас эди. Шу боисдан ҳам Ғози Юнус давр тақозоси билан ўзидан “камбағал” шахсини ясашга мажбур бўлди. Қолаверса, адибнинг авлодлари қўлида сақланаётган “Отамға марсия” шеърида ҳам отасидан эрта етим қолганлигини қайд этади. Шунингдек, Ғози Юнус мадрасада бир муддат мударрислик қилган, диний илмларда замонасининг илғор вакилларидан бири бўлган.

    1916 йилда подшо Николай II томонидан “Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳаракатдаги қўшин туманларида, ҳарбий иншоотлар ва шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш” тўғрисидаги фармонига мувофиқ Туркистоннинг барча шаҳарлари, шунингдек, Тошкент шаҳридан чақирилган эркаклар билан бирга Ғози Юнус ҳам мардикорликка жалб этилади. Унга рус тилини билишлиги қўл келиб, чор қўшинларининг “Сотник таржимон” ҳарбий унвонида фаолият юритади.

    Бу ҳақида унинг ўзи “1916 йилгача савияйи фикрим ва аҳволи руҳиям шу даражада ўринсиз асосға қурилғон эдики, агар ёдга тушса, юрагим тепадир. Агар Оврўпа муҳорабаси чиқуб, биз туркистонликлардан ишчи кучлар олинмасайди, балки ўша мадрасада мутаассиб жаҳолатнинг қурбони бўлур эдим. Муҳорабадан мамнундирманки, мени ҳақиқатга йўлиқтирди. Ишчи баҳонаси бирла мени Лапландия губерниясиға олиб борди ва губерниядағи ерлик халқ умумиятла лотиш халқидан иборат экан. Тўққуз ойда бу миллатнинг аҳволи руҳияси бирла яхши танишдим. Бу миллатнинг руҳонийлари ҳар бир соҳада, сиёсатда халқнинг фикри бирла ҳисоблашаркан, лотишлардаги тараққийни руҳонийларнинг фаолиятида кўрдим. Фикримда шу даражада ўзгариш сездимки, бутун Туркистон жаҳолат ўчоғи эканини яхши тушундим. Руҳонийларимизнинг ўз манфаати шахсиялари учун миллатни ботурмоққа тайёр эканликларини англадим. Бу ҳақиқат менга маълум бўлғонидан кейин ўткан умримга пушаймондан бўлак нима дейман? Ўз турмушимиздан ҳеч ибрат олғоним йўқ” деб ёзади.

    Ғози Юнус мардикорчиликда юрган пайтда яраланади, учинчи гуруҳ ногирони бўлиб қайтиб келади. Укаси Файзи Юнус тарғиботи билан 1916 йилдан аъзо бўлган “Турон” труппаси ва жамияти ишларида қатнаша бошлайди. Бу ерда у Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдула Хўжаев, Абдулла Авлоний, Низомиддин Хўжаев, Бадриддин Аъламов, Баширулла Хўжаев каби зиёлилар таъсирида жадидчилик ҳаракати вакиллари томонидан илгари сурилаётган маслак ва мақсад йўлида ҳаракат қилишга қарор қилади.

    Ғози Юнус 1918 йилнинг январида “Ишчилар комитети” томонидан ташкил қилиниб, Ҳисомиддин Жалолий масъул муҳаррир бўлган “Ишчилар дунёси” журналида бўлим мудири лавозимида фаолият бошлади. Журналнинг бир нечта сонлари чоп қилингач, тўхтаб қолади. Шундан сўнг 1920 йил январигача Черняев уезди Сайрам ижроқўмида ишлади. Бироқ матбуот ва нашриёт ишларига бўлган қизиқиши устун келиб, “Нашриёти Ғози Юнус” матбаасини ташкил қилди ва унда М. Ордобудийнинг “Андалуснинг сўнгги кунлари”, Абдурауф Фитратнинг “Ўғузхон”, М. Уйғурнинг “Туркистон табиби” ва ўзининг “Заҳҳоки морон” асарларини нашр эттирди.

    1919–1920 йилларда “ТуркРОСТА” ва “Иштирокиюн” газетасида адабий муҳаррир, таржимон ҳамда адабий ходим вазифаларида фаолият кўрсатди. 1921 йил 16 декабрда Туркистон марказий ижроия қўмитаси ва ТКП (б) Марказқўми буйруғи билан “Қизил байроқ” газетасига масъул муҳаррир қилиб тайинланди ва унда 1922 йилнинг январигача фаолият олиб борди. 1923 йилдан бошлаб “Туркистон” газетасида ҳам ишлади. У “Қизил Байроқ” газетасини жонлантириш ва савиясини кучайтириш учун таҳририятга Санжар Сиддиқ, Шорасул Зуннун, Аъзам Аюб, Карим Бакир, Вали Алламов, Муҳаммаджон Аҳмаджонов, Муҳаммад Ҳасан ва бошқа зиёлиларни жалб қилди. 1923 йилда Туркистон МК буйруғи билан Тошкент эски шаҳар ижроқўми Ғози Юнусни “Меҳнат ва матбуот қаҳрамони” унвони билан тақдирлайди.

    1922 йилнинг бошига келиб, “Инқилоб” журналининг таҳрир ҳайъати аъзоси этиб белгиланади. 1922 йил сентябрь ойида Самарқандда чоп қилинадиган “Камбағаллар товуши” газетасини жонлантириш мақсадида Туркистон КП Самарқанд вилоят ижроия бюроси Ғози Юнусни ушбу газетага масъул муҳаррир этиб тайинлайди. Шу йилнинг ўзида Самарқандга яна қайтиб, “Зарафшон” газетасини ташкил қилишда ҳам жонбозлик кўрсатади.

    Бу тўғрида маърифатпарвар Ҳожи Муъин “Самарқанд матбуотининг тарихи” мақоласида: “Туркистон жумҳуриятининг марказий фирқа қўмитаси Самарқандда “Зарафшон” отлиғ мунтазам бир газета чиқариш учун ўртоқ Ғози Юнусни тайинлади. Ғози ўртоқ Тошкентдан бир неча пуд янги ҳарф, 150 пудча яхши оқ қоғоз ва иккита ҳуруфчини (ҳарфчини-М.Алижонов) келтириб, бу ерда “Зарафшон” газетасини чиқара бошлади. Ғози ўртоқ бу газетани ҳар жиҳатдан яхшиғина йўлға қўйгач, ўзи 1923 йилнинг бошларида Тошкандга кетди” деб ёзган эди. Ғози Юнус Самарқанддан қайтиб келгач “Туркистон” газетасида (1923 йил) бўлим мудири ва масъул муҳаррир вазифаларида ишлади. 1922–1924 йилларда “Туркистон”, 1924 йил декабрдан бошлаб “Қизил Ўзбекистон” газетасида бўлим мудири сифатида фаолият кўрсатди. Орада (1923 йилда) “Муштум” журналининг асосчиларидан бири бўлишга ҳам улгурди.

    Ғози Юнус шу даражада фаол жамоатчи эдики, у 1917 йилданоқ сиқувга олина бошланиб, бир мунча муддат қамоқда ҳам ётади. У донос (чақимчилик) сабаб қамалганига ишора қилган ҳолда ўзининг “Турма хотиралари ёҳуд ҳақсизлик касофати” номли шеърий достонида қуйидагича ёзади:

    Айтадурман қулоқ солинг, муддаони,

    Туркистонни заҳарлаган бир балони…

    Биздан агар кўтарилса ушбу иллат,

    Тараққийда жавлон ургай бизнинг миллат.

    Донос эрур ҳақиқатда бизга бало,

    Қанча эллар донос билан бўлди адо.

    1925 йилдан бошлаб Ғози Юнус қайтадан сиқувга олина бошланади. Бунга “Муштум” журналида “Оттўрва соқол” имзоси босилган “Ерлилашдириш фокуси” ва “Оқпадар” тахаллуси остида эълон қилинган “Ерлилашдириш теварагидаги лўттибозликлар” мақолалари сабаб бўлган. Айниқса, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 245-сонида эълон қилинган “Ҳўл бало” мақоласи унинг жиноят ишига тиркалганига қараганда большевиклар ҳукуматининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлган. Ғози Юнус ушбу мақоласида: “Бу кун мамлакатимизда бўлиб турғон бузғунчилиқ ва ярамаслиқлар тўғрисида кундалик матбуотда ёзилиб турғон дод-ҳасратни бир ерга тўпласангиз эс кетар даражада бир даҳшат кўз олдингизга келиб босадир. Атрофни тамом ҳар хил бандитлар, ўғрилар, жиноятчилар босқон” деб ёзади.

    Муаллиф бунга сабаб сифатида илгарилари ҳар бир шаҳар ва ҳар бир қишлоқларда халқнинг пишиқ ҳисоби юритилганлигини, шунингдек, четдан ким келишидан қатъий назар, рўйхатга олинганлигини, ҳозир эса бу амалиёт ташлаб қўйилганлигини қайд этиб, маҳаллий ҳокимиятнинг иш услубини танқид қилади. Албатта, бундай танқидлар шўролар ҳукуматининг назаридан четда қолмасдан, матбуотда унинг шахсияти ва ижодидан айб ахтариш авж олдирилади. Жумладан, ҳудди шу “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1928 йил 30 март кунги сонида Мамат Ҳасан (Муҳаммад Ҳасан)нинг “Ғози Юнуснинг баъзи “табдилот” ва “татбиқотлари” номли мақоласи эълон қилинади. Жадидшунос олим Сирожиддин Аҳмедовнинг таъбири билан айтганда, мақола муаллифи Ғози Юнусни “ҳунвайбинчасига” уриб чиқади. Мақолада Ғози Юнус томонидан таржима ва табдил қилинган “Ҳой Шарқ”, “Октябрь гуллари” ва “Хоннинг севгиси” пьесаларини “холисона” таҳлил қилади. Унда энг аввало, инқилобчи сиймосига таъриф бериб, одатда инқилобчи деганда инсоннинг кўз олдида умидсизлик, йиғи-сиғи деган нарсани билмайдирган, пролетариат мафкураси билан суғорилган, унга содиқ бўлган темир иродали кишининг қиёфаси гавдаланишини ёзиб, Ғози Юнус асарларида шундай инқилоб кишиси тасвирланмаганини танқид остига олади.

    Жумладан, Мамат Ҳасан: “Ғози Юнуснинг инқилобчилари тамом бошқача. Биз “Ҳой Шарқ”да унинг бир инқилобчиси билан танишдик (нозик кўнгилли, 21 ёшлиқ йиғлоқ бир талаба)” деб ёзиб, унинг қаҳрамонлари давр инқилобий руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлайди. Кейинчалик ҳудди шу муаллиф томонидан “Коммунист” журналида “Нафис адабиёт майдонида пролетариат мафкураси учун кураш масаласи” номли мақола ҳам Ғози Юнус атрофида қора булутларнинг янада қуюқлашишига сабаб бўлади. Шундан сўнг Ғози Юнус ишлаб келаётган давлат нашриётидан бўшаб 1929 йил апрель-май ойларида “Шарқ ҳақиқати” газетасида техник редактор, 1929 йил июндан то 1936 йил июнь ойигача “Қишлоқ хўжалиги” журналида мусаҳҳиҳ лавозимида фаолият кўрсатди ва қатағон қилинишига яқин бу ердан ҳам сабабсиз бўшатиб юборилди. Воқеалар тезлик билан ривожланиб, ОГПУнинг ваколатли вакиллиги Ўрта Осиё бошқармасига Ғози Юнус шахсиятига доир бўҳтон ва туҳматлардан иборат чақувлар кела бошлайди. Натижада Ғози Юнус 1937 йил 6 августда қамоққа олинади.

    Ғози Юнуснинг турмуш ўртоғи Хадича аянинг қуйидаги хотиралари ўша йилларнинг дахшатли манзарасини чизишда бизга анча ёрдам беради: “1937 йил 20 октябрь соат саккизларда эшик тақиллади. Очганимни биламан, 9–10 нафар милиция ходими, булардан бошқа яна 2–3 киши оддий фуқаро кийимида. Ҳаммаси ёпирилиб уйга киришди-ю эшикни маҳкам ёпиб олишди. Шулардан бири дағ-даға билан гап бошлади:

    – Уйда сиздан бошқа ким бор?

    – Болаларим.

    Мен уларни бошлаб болалар овқатланаётган хонага олиб кирдим. Қизларим сакраб туриб (чайнаб турган нони билан) салом беришди. Салом жавобсиз қолди.

    — Гап бундай. Сизлар бугундан қамоққа олинасизлар, шунинг учун ҳар бирингиз ўзингиз кўтара оладиган даражада кийим-кечак, кўрпа-ёстиқ олволинг. Таомлардан ҳеч нарса олманглар. Эҳтимол сўроқ қилиб қайтариб юборишар, — деди ҳалиги гап бошлаган киши. Кўйлак, либос ва бир донадан кўрпа-ёстиқ олдик. Мен мободо “учраб қолса берарман” деб эримнинг костюмини кийиб олдим. Эрим 6 августда қамоққа олиб кетилганида битта кўйлакда кетган эди.

    Мени Тоштурмада олиб қолиб, қизларимни бақиртириб, бошқа жойга олиб кетишди. Камерага киришдан олдин қилинадиган ишларидан кейин камерага киритишди. Кириб қарасам, тўла аёллар. Буларнинг ярмидан кўпини танийман… Аёллар орасида Собира Холдорова – Файзулла Хўжаевнинг хотини, хуллас, жамоат жам. Чўлпон аканинг хотини Катя югуриб келиб мени қучоқлаб олди. Чунки у мени яхши биларди. Москвага борганимизда Чўлпон аканинг уйида меҳмон бўлганмиз ва мен шу ерда тургандим. Улар Тошкентга келишса, бизларнинг уйимизда туришарди. Борди-келдимиз қуюқ эди…

    Бир куни мени терговга олиб боришганида, Ашурали Зоҳирийни ҳам олиб кетишаётган экан, таниб қолдим, кўришдик, сўрашдик. Менга сабр-тоқат тилади. “Домладан (Ғози Юнус назарда тутилмоқда – М.Алижонов) бошқа ҳаммамиз бир жойдамиз”, дедилар.

    Бир куни мени қамоқхонага олиб келган одам гармушкадан “Хадича опа ким?” деб сўради. Мени кўрсатишди. Навбатим келиб тоғарачани овқатга тутаётганимда, секин-аста бир неча букилган қоғоз ҳам берди. Собира Холдорова дарров қўлимдан олди – бу, Чўлпон аканинг менга ва мен билан бирга бўлган ўзбек аёлларига атаб ёзилган шеъри экан. Чўлпон ака Катянинг шу камерада эканлигини билмасди. Шеърда бизларни замона қаҳрамонлари қилиб кўрсатган, шаънимизга самимий мадҳиялар айтиб, кўнглимизни кўтарган эди. Собира Холдорова ўзининг жарангдор овози билан мазкур шеърни кетма-кет, бир неча марта шоирона қилиб ўқиди, бизлар роҳатланиб, завқ билан эшитдик.

    Бизларни галма-гал икки-учта қилиб ҳаммомга кир ювдиргани олиб боришарди. Мен шундай кезларда доим эримнинг костюмини кийиб борардим. Мободо кўриб қолсам, берарман дердим. Бир гал ҳаммомнинг нариги бўлак эшиги очилиб, мени биров чақирди. Қарасам, эрим. Дарҳол олдига бордим. Кўришдим, йиғладим, костюмини бердим. Менга тасалли берди, ҳеч бир гуноҳи йўқлиги, худо хоҳласа чиқиб кетишини айтди. Шу ондаёқ олазарак бўлиб, тезда чиқиб кетди. 1938 йилнинг апрель ойлари эди. Бу учрашув охирги учрашув бўлиб қолди. Умр бўйи такрор-такрор кўз олдимдан, ҳаёлимдан шу учрашув ўтиб туради. Мана, ёшим юздан ошган бўлса ҳам ўша кунларни унута олмайман…”.

    Ғози Юнус ўз даврининг етук зиёлиси сифатида фарзандларига ҳам яхши таълим-тарбия беришни муҳим деб ҳисоблаган, шу билан бирга давр зиёлилари билан яқиндан дўст-биродар бўлган, уларни қаттиқ ҳурмат қилган. Бу тўғрида адибнинг ўғли Тўлқин Ғозиевнинг қуйидаги хотиралари муҳим аҳамиятга эга: “Отам Ғози Юнус басавлат ва ниҳоятда меҳнаткаш инсон эди. У кунига 3–4 соат ухлаб, фақат ижод билан шуғулланарди. Уйимизга тез-тез Абдулла Қодирий, Чўлпон, Элбек, Ашурали Зоҳирий каби ёзувчи-шоирлар келиб, ёзган асарларини муҳокама қилишарди. Бир қизиқ воқеа ёдимда қолган. Бир куни онам отамга эътироз билдириб, “Ўртоқларингиз уйга келса, уларнинг тагига менинг янги кўрпа-тўшакларимни солманг, кир қилиб юборишяпти” деб шикоят қилади. Шундан сўнг отам Чорсу бозорига тушиб, янги кўрпа-ёстиқларни уйга сотиб олиб келиб, онамга қарата “Кўрпа-тўшакларингни йиғиштириб олавер, мана буларни сол. Улар менинг дўстларим, кир қилиб йиртиб юборишса ҳам сен индама, уларнинг бунга ҳаққи бор” деб таъкидлайди.

    Тўлқин Ғозиевнинг яна хотирлашича, Ғози Юнуснинг ўзи ҳам ёшлигиданоқ мадраса таҳсили билан бирга рус-тузем мактабида ҳам бир муддат таҳсил олган. Ўғли Тўлқин Ғозиевни Тошкентнинг янги қисмида жойлашган рус мактабига шахсан олиб бориб, унинг замонавий таълим олишини истаган. Бу ҳам Ғози Юнуснинг давр талабларини жуда яхши тушунганлигини ва шунга монанд ҳаракат қилганлигини англатади.

    Адиб, публицист ва моҳир ташкилотчи Ғози Юнус 1938 йилда Россиянинг Вологда шаҳрига сургун қилинади ва шу ерда 1942 йил 5 майда очликдан вафот этади. 1957 йил 22 январда Ўзбекистон ССР Олий Судининг қарори билан оқланади.

    Ғози Юнус бутун умри ва ҳаёт фаолиятини Туркистон халқига бағишлади. У публицист, шоир, драматург ва жамоат арбоби сифатида элнинг дард ва орзуларини матбуот ва саҳна орқали кўтариб чиқди.

    Ҳақиқатдан ҳам Ғози Юнус тараққийпарвар инсон сифатида хеч қандай тўсиқдан қўрқмай, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтди. Адибнинг ўзи бу тўғрида қуйидаги мисраларни ёзганида қанчалик ҳақ эди:

    Қайтмагайман, ҳеч қўрқмайман бу йўлдан,

    Майли бўлсун кўз олдимда монеълар.

    Йўлим тўсиб тиғ ўқталсин ёғийлар,

    Умид учун кечмак керак бу чўлдан...

    Муслимбек АЛИЖОНОВ,

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

    Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи

    катта илмий ходими

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates