Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар орқали “Умра” сафарларига юбориш учун тегишли лицензия ва рухсатномаси мавжуд бўлмаган туроператорларининг арзон нархда сотиш таклифлари асосида қилинаётган рекламаларни кузатиб бораётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, “Умра” зиёратчиларига энг катта миқдорда, яъни 25 млрд сўмлик зарарни “Panorama Airways” ва “Gulbakhor Airways” фирмалари етказган бўлиб, алданиб қолган жабрланувчилар сони 2 558 нафарни ташкил этади.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти “Bilolbek travel” МЧЖ Жарқўрғон тумани филиали ходими Н.Ж. тегишли рухсатномасиз "Умра" зиёратига юборишни ваъда қилиб, фуқаро М.А.нинг 14 млн 900 минг сўм миқдоридаги пулини алдов йўли билан олган.
Шунингдек, мазкур МЧЖнинг Бойсун туман филиали мутахассиси А.С. ҳам зиёрат учун фуқаро Х.М.нинг ишончига кириб, 2 200 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Юқоридаги ҳолатларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларни алдов йўли билан ишончига кириб, пулларини ўзлаштираётган, ўзларини эса хорижда сарсон бўлишига сабаб бўлаётган сайёҳлик фирмалари ва туроператорларига тегишли чоралар кўрилган.
"Ҳурматли фуқаролар, “Умра” тадбирларни амалга оширишда фирибгарларга алданиб қолишдан огоҳ бўлиш ва кейинчалик турли кўнгилсиз ҳолатларга тушиб қолмаслик мақсадида хавфсиз, ишончли ва кафолатланган хизматлардан ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган туроператорлар хизматларидан фойдаланишни тавсия этамиз.
Нотўғри, ишончсиз ва шубҳали реклама ахборотлари берилган ҳолатлар кузатилса ёки бундай ахборот туфайли зарар кўрган тақдирингизда Рақобат қўмитасининг ягона ишонч (1159) рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз", — дейилади Қўмита ахборотида.