"Ургут" саноат зонасида бренд маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда

    Жорий йилда 2 миллион долларлик маҳсулотни жаҳон бозорига чиқариш кўзда тутилган.

    Самарқанд замини бугун нафақат бетакрор обидалари, балки сўнгги йилларда ошиб бораётган иқтисодий имкониятлари билан ҳам хорижликлар эътиборини тортаётгани рост. Айниқса, ҳудудлар бўйлаб ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар ишбилармон ва инвесторлар учун қулай шароит яратиш баробарида, тарихий диёрнинг минг йиллик анъаналари асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дунё бозорларига кириб боришига йўл очмоқда.

    Вилоятдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 1 200 гектардан зиёдроқ майдонида қад ростлаган йирик ва замонавий корхоналарда ҳам импорт ўрнини босувчи ва жаҳон стандартларига мос экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш авжида. Президентнинг 2017 йилдаги фармони билан ташкил этилган мазкур зонада айни дамга қадар қиймати 313 миллион долларлик 55 та лойиҳа амалга оширилиб, 4 минг 328 та янги иш ўрни яратилди. Корхоналар томонидан газ плиталари, енгил саноат ва чарм-пойабзал товарлари, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси буюмлари каби 220 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик товар чет давлатларга экспорт қилинди.

    Давлатимиз раҳбари 15 апрель куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, бу ердаги корхоналар фаолияти ҳамда қўшимча 10 минг кишини иш билан таъминлаш, экспорт географиясини кенгайтиришга йўналтирилган 80 га яқин инвестицион лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

    Одамлар ўз қишлоғида қоладиган бўлди...

    Охирги йилларда саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи, қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлашда асосий тиргаклардан бирига айланди. Катта-кичик корхоналарни бир нуқтада бирлаштираётган саноат зоналарида минглаб кишилар учун бўш иш ўринлари яратилиши натижасида бир пайтлар иш излаб хорижга кетишга ошиқадиган одамларимиз шу ерда қолиб, уйига яқин жойда меҳнат қиляпти, оиласи бағрида яшаб, рўзғорини тебратяпти. Чет элда тадбиркорлигини ривожлантириш истагидаги ишбилармонлар эса юртимизда яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, бизнесини шу ерда ривожлантиряпти.

    Самарқанд вилояти Ургут туманида 550 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ургут тоғларининг этагида жойлашган ҳудудда 4-5 йил олдин иш ўрни етишмаслиги сабаб фуқароларнинг кўпчилиги хориж давлатларига чиқиб кетарди. Улар орасида рўзғор ташвишида узоқ йиллар оиласидан олисда яшаганлари қанча...

    Туманда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши нафақат аҳоли, балки тадбиркорлар учун ҳам катта имконият бўлди. 2017 йилда Ургут туманида тадбиркорларга бепул ер берилар экан, деган гапларни эшитган ишбилармон Мажиджон Исломов аввалига, бунга унчалик ишонмади. Оила аъзоларидан суриштириб, бу гаплар рост эканига амин бўлгач, ер оламан, деб тўплаб келаётган маблағини “Ургут” ЭИЗ ҳудудида хусусий корхона очишга йўналтирди. Айни пайтда корхонада “Urgutini” бренди остида ишлаб чиқарилаётган эркаклар кийимлари қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия давлатларига экспорт қилинмоқда.

    — Президентимизнинг ёшларни қуллаб-қувватлашлари, уларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишида бераётган имконият ва имтиёзлари бизни янада руҳлантиради, — деди Мажиджон Исломов. — Фаолиятим давомида Туркия, Хитой, Япония давлатларида бўлдим. Ва ишонч билан айта оламанки, бизни юртимиздаги каби тадбиркорликка яратилаётган шароитлар дунёнинг ҳеч қаерида йўқ. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бунга гувоҳ бўлмадим. Бизда эса ўз ишимни бошлайман, деган ҳар бир ёш учун катта имкониятлар бор. Фақат улардан тўғри ва унумли фойдаланишимиз керак, холос.

    Жаҳонни забт этаётган ўзбек гиламлари

    Катта майдон бўйлаб кенг ёйилган “Ургут” эркин иқтисодий зонаси бир-бирига туташ “Мерганча”, “Сариқтепа”, “Дўстлик”, “Сазағон” ҳамда “Хишрав-2” массивларидан иборат. Уларнинг ҳар бирида маҳаллий ёки қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда иш жараёнининг катта қисми хориж давлатларидан олиб келинган замонавий техникалар ёрдамида амалга оширилади. Ишлаб чиқариш цехларида эса асосан, ёшлар, аёллар ҳамда кам таъминланган оилалар аъзолари меҳнат қилади. Иқтисодий зонада зарур хомашёдан тортиб, тайёр маҳсулотларнинг аксарияти ўзимизнинг маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилиши ҳисобига нарх ва сифат уйғунлигини таъминлашга эришиляпти.

    Ургут туманининг Мерганча массивида жойлашган “Kamalak Tekstil” корхонасида ҳам минг йиллардан буён авлоддан-авлодга ўтиб келаётган гилам тўқиш анъанаси энг замонавий технологиялар асосида давом эттириляпти. Бельгия, Швейцария, Австрия, Франция ва Германия давлатларидан олиб келинган сўнгги русумдаги энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар ёрдамида гилам, тафтинг, ковролин маҳсулотлари, синтетик ип ва сунъий чим ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда тайёрланадиган Самарқанднинг бренд гиламларига жаҳоннинг турли нуқталаридан харидорлар бор. Ўтган йили ишлаб чиқарилган 170 миллиард сўмлик маҳсулотнинг 59 фоизи ички бозорга, 41 фоизи хорижга сотилди. Жорий йилда экспорт ҳажмини 7,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

    — Маҳсулотларимиз дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан, Ўрта Осиё минтақаларидан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиняпти, — дейди корхона бош менежери Темур Ҳайдаров. — Яқинда Саудия Арабистони ва АҚШ давлатларига ҳам гилам экспортини йўлга қўйдик. Келажакда Европа бозорларига чиқиш ниятимиз бор. Давлатимиз раҳбари корхонамизга ташрифлари чоғида ишлаб чиқариш қувватлари билан танишиб, бундай корхоналарни барча ҳудудларда кўпайтириш, жараёнда биринчи галда, сифатга ва таннархни пасайтиришга эътибор қаратиш бўйича топшириқлар бердилар. Шунингдек, биз тақдим этган янги лойиҳани тезроқ ишга тушириб, қўшимча иш ўринларини яратиш кераклигини ҳам таъкидладилар.

    Айни пайтда корхонада 328 кишининг бандлиги таъминланган бўлиб, янги лойиҳани ишга тушириш орқали яна 300 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

    Сонга яраша сифат

    Иқтисодий зонадаги “Сам электро сервис” МЧЖда ҳам 200 дан ортиқ ишчи меҳнат қилиб, шу ердан олган даромади ҳисобига рўзғорини кам-кўстсиз тебратяпти. Корхона раҳбари Соҳиб Азимовнинг айтишича, заводда ишлайдиган одамларнинг 95 фоизи шу ерлик аҳоли. Ҳудудга яқин қишлоқлардан қатнаб ишлаётган бу одамларнинг айримлари бир вақтлар ишлаш илинжида хорижда бўлиб қайтга бўлса, бошқалари кам таъминланган, “Темир дафтар” рўйхатида турадиган оилалар вакиллари.

    Мазкур корхона “Идеал” бренди остида йилига 260 минг дона электр духовка, 150 минг дона газ плиталари ва улар учун қўшимча буюмлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда барча жараён Германия, Туркия ва Хитойдан келтирилган замонавий, энергия тежовчи ускуна ва жиҳозлар ёрдамида амалга оширилади. Заводда 2020 йилда 58 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг 32 фоизи хорижга экспорт қилинди. Жорий йилда 2 миллион долларлик маҳсулотни жаҳон бозорига чиқариш кўзда тутилган.

    Давлатимиз раҳбари корхонада ишлаб чиққарилаётган маиший техника воситаларини кўздан кечирар экан, маҳсулот турларини кенгайтириш, замонавий электр техникалар ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади. Ана шу топшириқлар асосида корхона раҳбарлари тез орада маиший техника турларини кўпайтириб, маҳаллийлаштириш ва экспорт кўрсаткичини оширишни кўзлаяпти.

    “Ургут” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг аксарияти бугун кўзланган марраларни забт этиб, аҳолининг маҳаллий маҳсулотларга бўлган талабини қондиришга ҳисса қўшмоқда. Бунинг натижасида саноат зонасида ишлаб чиқариш ҳажми ва янги лойиҳалар сони тобора ортиб боряпти. Айни пайтда ҳудудда 29 та лойиҳа бўйича олиб борилаётган қиймати 90 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари якунида яна 2 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

    Бундан ташқари, қиймати 144 миллион долларлик 21 та қўшимча лойиҳа шакллантирилган бўлиб, 206 миллион долларлик 33 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Биргина саноат зонасида амалга оширилиши белгиланган бу каби йирик лойиҳалар мамлакат иқтисодиёти ривожи, қолаверса, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates