Ушбу иш ҳафтаси ёмғирли бўлиб, ҳаво ҳарорати пасаяди

    Мамлакатимизда 18 сентябр 2023 1458

    Эртага Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан нам ва салқин об-ҳаво массалари кириб келади. Республика бўйича ҳаво булутли бўлади, баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, фақат жанубда ва Фарғона водийсида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради.

    Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилади. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, кундуз куни 26-28 даражани ташкил этади.

    20 октябрда марказий ва шарқий вилоятлар бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади, айрим жойларда момақалдироқ кузатилади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

    Ҳафтанинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди бўйича яна қуруқ ҳаво кузатилади, фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади.

    20-22 сентябрь кунлари ҳаво ҳароратининг пасайиши давом этади ва кундуз кунлари 23-25 даражадан юқори бўлмайди. Кечалари ва эрталабки соатларда ҳаво анча салқинлашади, ҳарорат 11-16 даража атрофида бўлади.

    Пойтахтимизда:

    18-19 сентябрь кунлари ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 19 сентябрь куннинг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат 26-29 даража атрофида бўлади.

    20 сентябрда кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, кундузи ёғингарчилик кутилмайди. 21-22 сентябрь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 13-15 даражагача, кундузи 23-25 даражагача пасаяди.

    Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, 19 сентябрда 12-15 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбекистон гидрометеорология хизмати маркази.