Бугун "Uzbekistan Airways" бош офисида компания ташкил этилганининг 33 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда сўзга чиққанлар, компаниянинг 2024 йилда эришган асосий кўрсаткичлари ҳақида сўз юритди. Йил давомида авиакомпания 40 416 та авиақатновни амалга ошириб, 6 007 151 йўловчи ташиди. 2025 йилда салкам 7 миллион киши хизмат кўрсатишни режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Мунтазам, чартер ва юк ташувчи авиақатновларида 59 276 тонна юк ташилди. 2024 йил якунларига кўра, йўловчи ўриндиқларининг бандлиги 83,1 фоизни ташкил этди.
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, ҳаво кемалари паркини тўлдириш мақсадида компания иккита "Airbus A320 neo", иккита "ATR-72" ва битта "LET-410" русумли самолётларни харид қилган. Шунингдек, йўналишлар тармоғи кенгайтирилди. Хусусан, Тошкентдан Саня, Фукуок, Махачқала, Нижневартовск, Ханчжоу, Хургаду, Нячанг ва Гоага парвозлар очилди. Шунингдек, эндиликда Нукусдан Истанбул ва Олмаотага, Фарғона водийсидан эса Санкт-Петербургга парвозлар мавжуд. Тошкентдан Рим, Мумбай ва Лаҳорга, шунингдек, Қарши шаҳридан Санкт-Петербургга парвозлар қайта тикланди.
Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Европага парвозлар ҳозирги кунда Озарбайжон ва Туркия орқали амалга оширилмоқда.
Бошқарув раиси Шухрат Худайкуловнинг таъкидлашича, 2025 йилда Тошкент - Мадрид, Тошкент - Урумчи, Фарғона - Урумчи ва Фарғона - Деҳли каби янги йўналишларни очиш режалаштирилган.
Шунингдек, агар шу йилнинг март-апрель ойларида Хитой билан визасиз режим жорий этилса, бу авиакомпания учун янги истиқболлар очиши мумкинлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, матбуот анжуманида айни пайтда "Boeing" компанияси билан меморандум имзолаш бўйича музокаралар олиб борилаётганлиги билдирилди. Мазкур келишув доирасида узоқ муддатли истиқболда 14 та "Boeing-787 Dreamliner" самолётларини сотиб олиш режалаштирилгани ҳақида маълум қилинди.
Шунингдек, тадбирда авиакомпания 33 йилликни нишонлаш муносабати билан авиачипталарга чегирмалар эълон қилингани ҳам айтилди.
Хусусан, 2025 йил 28 январь куни йўловчилар барча йўналишлар бўйича авиачипталарни тарифлардан 30 фоизгача чегирма билан харид қилиши мумкин бўлади. Шу куни парвоздаги барча йўловчиларга авиакомпания номидан эсдалик совғалари топширилади.