«Uzbekistan GTL»: ёқилғи импорти камайиб, экспорт ошади

    Фикр 30 декабр 2021 2685

    Бугунги кунда мамлакат экспорти ҳажмида салмоқли ўринни эгаллаган пахта хом ашёси ва табиий газни экспорт қилиш ҳажми йилдан-йилга камайтирилиб, уларни қайта ишлашдан олинадиган тайёр маҳсулотлар улуши ортяпти.

    Юртимизда табиий газни қайта ишлаш тарихига назар ташласак, 1972 йилда Қашқадарё вилоятида қуриб фойдаланишга топширилган Муборак газни қайта ишлаш заводи ишга туширилиб, табиий газдан фақат олтингугурт ажратиб олиш йўлга қўйилган. 2001 йилда эса мамлакатимиздаги биринчи нефть-кимё корхонаси бўлган Шўртан газ-кимё мажмуаси ва кейинчалик Устюрт газ-кимё мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилиши натижасида табиий газдан саноат хом ашёлари (полиэтилен, полипропилен ва бошқа)ни ажратиб олиш йўлга қўйилди.

    Ушбу мажмуалар ишга туширилиши натижасида мамлакатимизда газ-кимё ва полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаси ривожланди, минглаб тайёр пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган кичик саноат корхоналари ташкил қилинди. Табиий бойликлардан, шу жумладан табиий газдан янада самарали фойдаланиш, уни чуқур қайта ишлаш орқали талаб юқори бўлган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманида «Uzbekistan GTL» заводи очилди.

    Мазкур корхона, ўзининг ноёб технологик устунликлари ва юқори ишлаб чиқариш қуввати билан алоҳида ажралиб туради. Бу иншоот нафақат мамлакатимизда, балки минтақамиздаги нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йириги, десак асло муболаға бўлмайди. Корхонада энг замонавий технологиялар асосида табиий газни чуқур қайта ишлаш натижасида углеводород хом ашёси импортини қисқартириш, нефть-газ тармоғининг экспорт салоҳиятини оширишга эришилади.

    Хусусан, янги корхона иш бошлаши билан йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Бу корхона маҳсулотларининг мамлакат иқтисодиётидаги тенгсиз аҳамиятини қуйидагиларда кўришимиз мумкин.

    Ёқилғи импорти камайиб, экспорт ошади

    Корхона маҳсулотлари ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ базаси ошишига имконият яратилади. Шунингдек 300 миллион долларлик табиий газ қайта ишланиб, уни қиймати 3 баробар юқори ва дунё бозорида талаб катта бўлган тайёр маҳсулотларга айлантиришга эришилади.

    Авиакеросинга бўлган талаб тўлиқ қопланади

    Бу ноёб корхонада авиакеросин ишлаб чиқаришнинг бошланиши мамлакатимизда талаб юқори бўлган ушбу маҳсулотнинг нархи сезиларли арзонлашишига, шунингдек мавжуд авиакеросин муаммосини бартараф этишга хизмат қилади. Янада аҳамиятлиси, бу ерда ишлаб чиқариладиган авиакеросин энг замонавий самолётларга мўлжаллангани, яъни авиакомпанияларга атмосферага чиқариладиган зарарларни камайтиришнинг хавфсиз ва даромадли усулини таклиф этиш орқали келгусида Ўзбекистонда ушбу маҳсулотлар ҳисобига авиация хабларини ташкил қилиш ҳамда юк ташишда хизмат қиладиган йирик логистика компанияларини ривожлантиришга имконият яратади.

    Экологик тоза дизель

    Ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси юқори техник тавсифга эга ва таркибида олтингугурт миқдори деярли бўлмагани сабабли атмосферага айтарли чиқит чиқмайди. Бу эса, GTL дизелини тоза ҳолда дизель двигателларида қўллаш, анъанавий дизель маҳсулотлари билан аралаштириш учун хомашё сифатида фойдаланиш ҳам мумкин. Унинг тоза ва тўлиқ ёниши эса двигателларнинг фойдаланиш муддатини узайтириб, ёнилғи-мойлаш материалларини алмаштириш оралиғини ошириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

    Электр таъминотидаги инновацион ечим

    Ишлаб чиқариш жараёнларини электр энергияси билан таъминлашда ҳам инновацион ечимлар қўлланилмоқда. Яъни, технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан, йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, корхона тўлиқ ўзини ўзи энергия билан таъминлайди.

    Тўлиқ автоматлаштирилган бошқарув

    Корхона бошқарув маркази тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш, мониторинг ва хавфсизликни таъминловчи бутун тизим бошқариб борилади. Бу каби муҳим жараёнларга инсон омили таъсири жуда кам даражани ташкил қилади.

    Янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга имконият

    Корхонада ишлаб чиқариладиган нафта маҳсулоти ҳисобидан вилоятдаги «Шўртан газ-кимё» мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш имкони яратилади. Яъни, нафтани қайта ишлаш ҳисобидан йилига 380 минг тонна полиэтилен ва полипропилен тайёрланадиган янги ишлаб чиқариш қувватини ишга тушириш ва қўшимча мингга яқин янги иш ўринлари яратишга эришилади. Шунингдек, корхона маҳсулотларидан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда, корхона негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

    Хулоса қилиб айтганда, мазкур мега лойиҳа ёқилғи маҳсулотлари импортини камайтиришга, экспортнинг ошишига, иқтисодиёт тармоқларини экологик тоза ёқилғи билан таъминлашга, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилади.

    Абдуғани Умиров,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates