Танлов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш агентлиги ва бошқа бир қатор давлат ва жамат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Қайд этилишича, бунда кўзда тутилган мақсад ЎзЭОАВМА ташаббуси билан қабул қилинган “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” Миллий медиа дастуридаги лойиҳалар доирасида Ўзбекистоннинг янги ва ёрқин қиёфасини акс эттириш, томошабин ва тингловчилар эҳтиёжларига мос, воқеа-ҳодисаларни холис акс эттирувчи, ранг-баранг мавзуларни қамраб олган кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар, фильмлар, ижтимоий видео ва аудиороликлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси Адҳам Шадманов, Ахборот ва оммавий коммуникацияларни ривожлантириш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар жорий йилда Ўзбекистон медиа маконида юз берган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, сўз эркинлиги, журналист ва блогерлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида сўз юритишган
Таъкидланишича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган энг яхши медиа лойиҳа ўналишида режиссёр Фурқат Усмонов томонидан суратга олинган “Инсон” кўп қисмли ҳужжатли фильми лойиқ топилган.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси жараёнларини ёритишга қаратилган энг яхши медиа дастур сифатида ЎзЭОАВМА Ахборот марказининг “Янгиланаётган Ўзбекистон” туркум кўрсатувлари эътироф этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган энг яхши ижтимоий видеоролик йўналишида “Ёшлик киностудияси” ДУК муносиб топилган. “Рухсор FM” радиоканали Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган энг яхши ижтимоий аудиоролик йўналишида ғолиб чиққан. Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” халқаро мультимедиа лойиҳаси “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” Миллий медиа дастури доирасида тайёрланган энг яхши медиа лойиҳа деб қайд этилган.
Шунингдек, “Йилнинг энг яхши ҳудудий телеканали”, “Энг фаол тележурналист”, “Энг яхши телебошловчи”, “Йилнинг энг креатив кўрсатуви”, “Йилнинг энг яхши радиоканали”, “Энг фаол радиожурналист”, “Йилнинг энг яхши матбуот хизмати”, “Энг яхши интернет сайт”, “Энг фаол блогер”, “Энг ташаббускор ҳамкор ташкилот”, “Энг фаол ҳомий” ва бошқа қатор номинациялар бўйича муносиб номзодлар тақдирланди.












