Бу ҳақда «Ўзтемирйўлконтейнер» матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил сентябр ойида Германияга ташрифи давомида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва Германиянинг “Rhenus SE&Co. KG” компаниялари ўртасида Андижон вилоятида ҳамкорликда замонавий мултимодал логистика марказини қуриш бўйича келишувга эришилган эди.
Таъкидланишича, ушбу келишувга кўра Андижон логистика маркази негизида “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ ва “Rhenus SE&Co. KG” компаниялари ўртасида “UzContargo Andijan” қўшма корхонасини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Замонавий логистика маркази очиқ ва ёпиқ божхона омборлари, контейнерларни ортиш-тушириш майдони, оғир юкларни қайта ишлаш ва мултимодал ташувларни амалга ошириш имкониятларини яратади.
2024-2026 йилларда лойиҳага 20 млн. Евро инвестиция киритиш орқали келгусида логистика марказида йилига 250-300 минг тонна юкни қайта ишлаш имкони яратилади.
“UzContargo Andijan” қўшма корхонасининг расмий очилиш маросими март ойининг охирларига режалаштирилмоқда.