Германия Ички ишлар вазирлиги ушбу чора-тадбирлар учун ҳар йили 90 миллион евро ажратишни режалаштирмоқда.
Германия федерал полициясига хавфли учувчисиз учоқларни тутиб олиш ва уриб тушириш имконияти берилиши керак. Бу Германия ҳукумати томонидан 8 октябрь, чоршанба куни тасдиқланган полиция тўғрисидаги Федерал қонунга киритилган тузатишлардан келиб чиқади, деб хабар берди dw.com.
Қонун лойиҳасида, жумладан, “федерал полиция дронлардан ҳимояланиш чораларини кўриши мумкинлиги кўзда тутилган”, деди Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт. Федерал полиция ходимлари ҳам “жисмоний таъсир қилиш воситаларидан” фойдаланишлари мумкин бўлади. “Бу федерал полиция томонидан дронларни тутиб олиш ва уриб тушириш келажакда қонуний тартибга солиниши ва бунга имкони бўлишини англатади”, деб тушунтирди вазир.








