Вакцина мавжуд иммунитетнинг давомийлигини оширади

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг 2022 йил 20 январь сонида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Дилором Турсунованинг "Вакцина мавжуд иммунитетнинг давомийлигини оширади" номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Коронавирус инфекцияси дунёнинг барча давлатига тарқалиб улгурганига икки йилдан ошди. Бугун ҳар бир давлат бу касалликка қарши курашишнинг муқобил усулини, яъни унинг профилактикаси, давоси ва реабилитациясини қўлламоқда. Аммо юзага келаётган янги штаммлар дунёдаги эпидемиологик вазиятнинг тобора мураккаблашишига сабаб бўлаётир. Маълумотларга кўра, сўнгги ҳафтада дунёда 18 миллиондан зиёд кишида коронавирус инфекцияси аниқланган.

    Дунё мамлакатлари касалликни назорат қилиш мақсадида маълум вақт оралиғида карантин қоидаларини кучайтиришга мажбур бўлмоқда. Чунки инфекцияга чалинганларнинг ҳаддан зиёд кўпайиши пандемияни назорат қилиш имкониятини чеклайди ва соғлиқни сақлаш тизимининг зўриқишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, беморларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини пасайтиради.

    Бугун ҳатто энг ривожланган давлатларда ҳам вакцинация жараёни жадал олиб борилишига қарамай, коронавируснинг тарқалиши кўлами кундан-кунга кенгайиб бораётгани ҳар биримизни саломатлигимизга янада эътиборли бўлиш, карантин қоидаларига риоя этиш, эмланишга ундамоқда.

    Шу кунларда омикрон штаммининг жуда тез ёйилаётгани соҳа мутахассисларини яна бир бор қалқитди. Чунки охирги бир ҳафтада дунёда COVID-19ни юқтириш ҳолати 20 фоиз ошган.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус о микрон штаммидан сўнг COVID-19 нинг янги варианти пайдо бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

    Мутахассислар омикрон ўртача ҳисобда ундан олдинги штаммлар каби оғир кечмаса-да, бу енгил касаллик деган тушунча нотўғри эканини, янги штамм беморни шифохонага ётиш ва ўлим ҳолатигача олиб бориши мумкинлигини бот-бот таъкидламоқда. Бундай мураккаб паллада яна бир бор вакцинация жараёнининг нечоғлиқ муҳимлиги кун тартибига чиқади.

    Мамлакатимизга коронавирус киргани эълон қилинган кундан бошлаб унга қарши барча чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Халқимиз саломатлигини муҳофаза этиш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Асосий профилактика ишлари сифатида нафақат санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, шу билан бирга, аҳолини вирусга қарши эмлаш жараёнини йўлга қўйишга ҳам катта эътибор қаратилди. Аввалбошда “Бу вирусга қарши қандай даво қўлланади?”, “Унга қарши қандай курашамиз?”, “Вакцина қачон яратилади?” деган саволлар кўп бериларди. Ниҳоят, бу хавфли инфекцияга қарши дунё бўйича қатор вакциналар ишлаб чиқилди. Аммо бу етарли эмас эди. Барча мамлакатларга вакцина етказиб бериш қийин масала. Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб аҳолини эмлаш ишларига катта эътибор қаратилди. COVAX жамғармаси орқали юртимизга Astra Zeneca, Moderna, Pfizer вакциналари етарли миқдорда олиб келинди. Шу билан бирга, ZF-UZ-VAC 2001, Спутник V, Sinovac сингари жами 7 турдаги вакцина қўлланмоқда.

    Эмлаш жараёни юртимизда 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб йўлга қўйилган. Сўнгги маълумотларга кўра, COVID-19 га қарши қўлланган вакцина миқдори 40,9 миллион дозадан ошди. Биринчи доза билан эмлаш кўрсаткичи эмланиши режалаштирилган қатламга нисбатан 89 фоизни, тўлиқ босқичларда эмланиш кўрсаткичи эса 66,5 фоизни ташкил қилмоқда. Шу пайтга қадар эмланганлар орасида жиддий асорат кузатилмагани вакциналарнинг хавфсизлигига далилдир.

    Вакциналар бир-биридан фарқ қилади. Уларни сақлаш ва эмлаш жараёни, флаконларда неча дозада экани, шу билан бирга, уларни ишлатиш самара бериши ҳам бир-биридан фарқ қилади. Масалан, бир вакцина 95 фоиз самара берса, бошқаси 98 фоизлик натижага эга. Аммо барча вакциналар 90 фоиздан кам бўлмаган ҳолда самаралидир. Вакцинация аслида ҳам инсон организмида ташқаридан тушадиган ёт инфекцияга қарши ҳимоя антитаначалар ишлаб чиқиш учун организмга юбориладиган дори воситаси. У организмга кириши билан иммунитет аъзолари ва ҳужайраларига таъсир кўрсатади. Шу боис, иммун ҳужайралар ҳосил бўлиши жараёнида организмда баъзи вақтинчалик ҳолатлар — тана ҳароратининг 38 даражагача ошиши, бўғим ёки мушаклардаги оғриқ, кўнгил айниши, бош оғриғи каби умумий ҳолатлар кузатилиши мумкин. Буларнинг барчаси тез орада ўтиб кетади.

    Эмланишдан сўнг пайдо бўлган антитаначалар организмнинг индивидуал хусусиятларига қараб маълум муддат сақланади. Ўша вақтда организм муайян миқдорда инфекциядан ҳимояланган бўлади. Эмланган одамга касаллик юққан тақдирда ҳам оғир ўтмайди. Бу антитаначалар кимдадир олти ой, кимдадир бир йил сақланади. Олимлар эмлангандан 6 ой ўтганидан сўнг бустер доза олишни тавсия этмоқда. Бу бежиз эмас. Бустер доза мавжуд иммунитетни янада мустаҳкамлаб, давомийлигини оширади.

    Тўғри, эмланиб ҳам касал бўлаётганлар бор. Икки босқичда эмланиш оралиғи узайиб кетса ҳам касаллик қайта юқиши мумкин. Бундай тоифа 0,001 фоизн и ташкил этади. Эмланганлар орасида ўлим ҳолати ҳам кузатилаётгани йўқ. Шунинг учун эмланиш жараёнининг зарурлиги ҳақида дунёда бонг урилмоқда. Буни ҳар бир фуқаро тушуниши ва ўз вақтида эмланиши керак. Эмланиш коронавируснинг барча штаммларидан маълум миқдорда ҳимоя қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates