Ватан нима? ватанпарварлик-чи?

    Ватанпарварлик ўрнига ватансизликни тарғиб этиш, “глобаллашув дегани сенинг дунё фуқаросига айланишинг”, деб талқин қилиш, миллий тарихни эскилик сарқити сифатида тан олиш каби ўта мантиқсиз ғоялар кўпайиб бормоқда. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, ватанфурушликни юзага келтирмоқда.

    Инсониятнинг онгли ҳаёти давомида қарийб 14,5 мингта катта-кичик уруш бўлган. Бу урушлар туфайли миллионлаб одам, тинч аҳоли қурбон берилди. Мамлакатлар иқтисодиёти издан чиқди. Узоқ йиллар давомида шаклланган миллий маданий мерос йўқ қилинди. Тараққиёт ортга суриб ташланди.

    Бу хунрезликлар ҳеч қачон тўхтамади. Парадокс ҳолат: инсоният тафаккур тарзи бойиб боргани сари урушлар, вайронагарчиликлар тўхташ ўрнига янги сифатлар билан “бойимоқда”. Қурол-яроғларнинг энг замонавий турларини ишлаб чиқиш, одамларни оммавий қиришга йўналтирилган, авваллари ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмаган “ақлли” ракеталар, ўқ-дорилар ишлаб чиқариш “мусобақаси” кучаймоқда.

    Барчани ташвишга соладиган жиҳат шуки, илм-фан тараққий этгани, кишиларда зиёлилик сифати ошгани, маърифатли дунёни барпо этишнинг инсоният учун зарурлик даражаси кўпайгани сари уруш олови тобора кенгайиб бормоқда. Аслида акси бўлиши мумкин эмасми? Наҳотки қанчадан-қанча урушлар натижасида юз берган йўқотишлар, вайронагарчиликлардан чиқарган хулосаларимиз, уларнинг оқибати ҳақидаги кино, театр асарлари, ёзилган китоблар, қилинган панд-насиҳатлардан инсоният хулоса чиқара олмаса!..

    Биз бугун мана шу таҳликали дунёда бундай урушлар, йўқотишларнинг асл сабабини топиш, ундан зарур хулосалар қилиш мамлакатимиз ва миллатимизнинг келажаги билан боғлиқ эканини англашимиз зарур бўлмоқда. Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ўтган йил охирида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари биз бугун дунёда юз бераётган ғоявий-мафкуравий соҳадаги рақобатга тайёрмизми, деган саволни қўйиб, у биз учун бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни белгилаб берадиган, келажакдаги тақдиримиз билан уйғун масала эканига яна бир бор эътиборимизни қаратди.

    Ҳақиқатан ҳам, бугунги дунё тобора таҳликали тус олмоқда. Ким дўст, ким душманлигини аниқлаш тобора қийинлашиб боряпти. Ўзини яқин тутиб, бир қўл билан “меҳрибонлик” қилишга ваъда бериб, бошқа қўл билан турли воситалар ила асл мақсад-муддаоларини яширган ҳолда зимдан иш кўраётган давлатлар, халқаро ташкилотлар, сиёсатдонларни англаш қийин бўлмоқда. Бунга оммавий ахборот воситалари, турли ижтимоий тармоқларда баъзан ялтироқ қоғозга ўраб, баъзан очиқчасига ўз ниятларини баён этаётганларнинг чиқиши мисолида гувоҳ бўляпмиз.

    Айни пайтда ҳаммамизнинг олдимизда Ватан тақдири барча масалаларнинг масаласи сифатида бўй кўрсатаётганини таъкидламаслик мумкин эмас. Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган бугунги кунда халқимиз, айниқса, фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаёт қадрига етиш туйғусини кучайтириш лозимлигини бежиз алоҳида қайд этмади.

    Ватанни севиш ҳисси биз учун энг табаррук туйғудир. Ота-боболаримиз, аждодларимиз минг йиллар давомида яшаб келган ушбу макон, рўйи замин ҳар доим гўзал табиати, моддий-маънавий бойликлари, меҳнаткаш халқи билан бутун дунёни ўзига ром этиб келган. Шунинг учун бу заминга эгалик қилиш барча яқин ва узоқ “қўшниларимиз”нинг орзуси бўлган. Бунинг оқибатида биз миллий давлатчилик тарихимизнинг қарийб учдан бир қисмини мустамлакачиликда ўтказишга мажбур бўлдик.

    Энди бас. Бу кўҳна тарихимизда ҳассамизни кўп бора йўқотдик. Бунинг натижасида ота-боболаримиз, буюк мутафаккир-алломаларимиз яратган тамаддунларни, миллий маданий меросни қўлдан бой бердик. Бугун кўҳна тарихимизни чуқур, теран, холис ўрганиш пайти келди. Ҳозир унинг шонли, муваффақиятлар билан безанган, айни пайтда узоқ вақтлар бой берилган моддий-маънавий бойликларимиз, амалга ошмай қолган кашфиётларимиз, қўлдан чиқарган имкониятларимиз ҳақида очиқ гапирадиган, уларнинг ўрнини тўлдирадиган давр.

    Чунки олдимизда Ватан тақдири турибди. Баъзилар “Бугун бизга ким ҳам ҳужум қиларди, таҳдид қани?” дейиши мумкин. Бу саволни берганларни аслида ё узоқ тарихимизни билмайдиганлар, ё билиб туриб ундан хулоса чиқара олмайдиганлар ёхуд Ватан тақдирига бефарқ кишилар, дейиш мумкин.

    Ватанпарварлик — буюк туйғу. Ватан жонсиз, руҳсиз буюм эмас. Биз бор эканмиз, ҳар биримизнинг қонимизда, жонимизда, руҳиятимизда ватанпарварлик деган виждон суви оқади. Ватанни унутган ҳар бир инсон ўрмонда ёки саҳро-чўлларда адашган, шамчироғини йўқотган киши каби бир умр меҳрга, муҳаббатга зор, ўзи мансуб халққа муҳтож бўлиб яшайди. У жисмоний жиҳатдан тирик, аммо маънан ўлик — бир умр афсус-надомат чекади.

    Биз “Ватанни севиш керак”, деган иборани кўп ишлатамиз. Бу яхши гап. Аммо “бу яхши гап” ҳамма нарсани ҳам англатмайди. Ватанни севиш фақат сўзда бўлганда эди... Ватанни севиш туйғуси бу ибора эътиқодга айланиши билан безалиши керак. Ватанни севаман, деб унга хиёнат қилаётганлар камми? Ўз хизмат лавозимида белгиланган вазифаларни сидқидилдан бажармаслик ҳам, тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган хато, камчиликларни кўра туриб, кўз юмиш ҳам, миллат ва мамлакат қийин аҳволда қолганда фуқаролик масъулиятини атайин унутган ҳам, давлат ва жамият қабул қилган турли меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилинишида фаол иштирок этиб, бироқ унинг ижросида “четга чиқиб туриш” ҳам аслида Ватанга хиёнат эмасми?

    “Қаерда яшаш қулай бўлса, ўша жой мен учун Ватан!” тушунчасини ҳаётий тамойилига айлантириб олганлар-чи? Бу мисолларнинг барчаси бизни ўйлантириши, дўппини ёнга қўйиб, хулоса чиқаришга ундаши керак.

    Хулоса чиқариш учун ҳам узоққа боришнинг кераги йўқ. Кўҳна тарихимизга мурожаат қилишнинг ўзи етарли. Масалан, миллий тарихимиз, қадриятларимизда ҳар доим тупроқ ва маданият алоҳида ўринга эга бўлган. Юқорида таъкидлаганимиздек, тупроқнинг жони бор, у ҳис қилади. Унда аждодларимиз хоки, қувончу армони, қўшиқлари, алёрлари ва фиғону ноласи, оналарнинг алласи, ошиқ-маъшуқларнинг дил розлари мужассам.

    Узоққа кетаётган, қайтиб келиши номаълум кишилар Ватан тупроғидан бежиз олиб кетмаган. Шу бир кафт тупроқда Ватан ҳиди, тафти, меҳри мужассам бўлгани учун, агар киши бегона юртда умри поёнига етса, ўша тупроқни танасига қўшиб дафн этишлари учун шундай қилинган.

    А.Бердимуродовнинг “Ватан ҳаққига муножот” асарида қайд этилишича, 1231 йили сўнгги хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди баланд тоғ устидаги кулбада мудраб ўтирганида орқасидан номард курд илондек судралиб келиб, султонни шаҳид қилади. Шоҳона либосдаги бу кишининг катта бойлиги бор, деган илинжда шаҳидни тинтиб кўради. Қўйнидан чарм халтача топиб олгач, курднинг қонга тўлган кўзлари қувончдан порлайди. Хоин дарҳол халтачани очиб кўради-ю, ҳафсаласи пир бўлади. Халтачада бир сиқим тупроқдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Ҳа, бу Ватаннинг тупроғи, жасур Жалолиддин юртининг бир қисми эди. Султон Жалолиддин бу халтачани ҳамиша юраги устида асраб юрарди. Оқибатда Султон Жалолиддин шу тупроқ, шу Ватан учун жон фидо қилди.

    Душманлар билан бўлган жангларда ҳам, аҳвол танг ҳолатга келганда ҳам ушбу икки қадрият учун, керак бўлса, жон берилган. Хун ҳукмдори Метенинг “Тупроқ миллатнинг илдизидир, уни қандай берайин?!” дегани ҳам ватанпарварлик туйғусининг аждодларимизда қадимдан шаклланиб, ардоқланганидан далолат беради.

    Халқимиз азалдан Ватан ва маданият, миллий қадриятларимизни эгизак ҳолда кўрган, тасаввур қилган. Ватан халқимиз моддий мавжудлигининг ифодаси бўлса, маданият, қадриятларимиз шу Ватаннинг маънавий рамзи, тимсолидир. Минг йиллар давомида шаклланган, суронли алғов-далғов даврларда ҳам миллий хусусиятларини йўқотмасдан, замонлар оша сайқалланиб, миллий жилоларини янги сифатлар билан бойитиб келаётган бундай маданиятимизнинг бардавомлиги Ватанни севиш туйғуси билан ҳамоҳанглигидадир.

    Шунинг учун маданият ва санъатда Ватан мавзуси умрбоқийдир. У ҳақида куйламайдиган, ёзмайдиган, чизмайдиган ижодкорни топиб бўлмайди.

    Шу ўринда чин манбасида таъкидланган императорга тобе бўлиб қолган Ишбарахоннинг қуйидаги сўзлари эътиборга лойиқ: “Ўғлимни саройингизга юборяпман. У сизга ҳар йили келиб чиқиши самовий бўлган отлар тақдим этажак. Эртаю кеч амрингизга тайёрман. Аммо кийимимизнинг олдини очишга, ўрилган сочларимизни ёйишга, тилимизни ўзгартиришга ва сизнинг қонунларингизни қабул қилишга келсак, бизнинг урф-одатларимиз жуда қадимий бўлгани туфайли уларни бузишга жасоратим етмайди. Бутун элимизнинг юраги бирдир”.

    Дарҳақиқат, қадим ватандошларимиз Ватан ҳақидаги тасаввури, миллий қадрияти, урф-одати билан бутун дунёда энг илғорлардан бўлганига тарих гувоҳлик беради. Юқоридаги иқтибосдан учта муҳим хулоса чиқариш мумкин. Биринчидан, қадимги қавмларимиз ота-боболаридан мерос миллий қадриятларига шу даражада содиқ бўлганидан, ҳатто бу қадриятларни бузишга, бирор янгилик киритишга жазм эта олмаган. Инсоннинг бундай руҳий ҳолатга тушишига фақат бир омил сабабчи бўлиши мумкин. Бу – Ватан туйғуси, Ватанни фақат сўзда эмас, амалда севиш, ардоқлаш туфайли содир бўладиган руҳий-ахлоқий кечинмадир.

    Иккинчидан, аждодларимиз элимизнинг юрагини бир, деб таъкидлайди. Миллат ва халқни бирлаштирадиган, уларни ягона мақсад сари сафарбар эта оладиган феномен ҳодиса ҳам Ватандир. Бутун бир халқнинг юрагини бир қиладиган, жипслаштирадиган ватаний туйғуни инсоният томонидан яратилган энг чиройли топилдиқ сифатида қабул қилиш лозим, деб ўйлаймиз.

    Учинчидан, халқимизни узоқ минг йиллар давомида турли бало-қазолардан сақлаб, қанчадан-қанча босқинчиликлару мустамлакачиликлар асоратидан авайлаб-асраб келаётган муҳим омил миллий виждонимиздир. Шунинг учун ҳам халқимиз виждон азобисиз яшаш лаззатини бу дунёдаги энг катта бахтнинг кўриниши сифатида эътироф этиб келган.

    Ватанни севмоқ, унга садоқат билан хизмат қилиш, ташвишли ва қувончли кунларида ҳамдард ва шерик бўлиш ҳар бир инсоннинг маънавий-ахлоқий масъулиятидир. Буюк аллома Алихонтўра Соғуний ҳам Ватан тўғрисида куйиб-ёниб кўп ёзган. Унинг қайд этишича, бу дунёда яшаган ҳар бир кишининг бешта муқаддас нарсаси бўлиши керак: Ватани, дини, моли, оиласи, жони. “Биз, – деб ёзади аллома, – Ўзбекистон халқи, ҳақиқатда шу Ватан аҳлларимиз. Инсон насли яратилиб, ер устига қадам қўйган кундан бошлаб, бизнинг ота-боболаримиз шу Ўзбекистон ўлкасида яшаб келган эканлар, шу кунларгача тирикларимизни бўйнида кўтариб, ўликларимизни қўйнида сақламишдир. Бу Ўзбекистон Ватанимизнинг бир қатлами биз — ўзбек халқи ота-боболаримизнинг суяклари билан кўтарилмишдир. Демак, бўйнида кўтарган, қўйнида сақлаб, оқ сут бериб тарбият қилган бу Ўзбекистон – Туркистон бизнинг ўз она Ватанимиздир”.

    Бугун тинчликсевар инсоният маърифатли дунёни истайди. Маърифатли дунёда давлатлар, сиёсий кучлар, муҳолифатлар ўртасида маънавий келишув юзага келади. Маънавий келишув тараққиёт даражаси, қайси қитъада жойлашгани, аҳолиси сони, ижтимоий йўналганлик ҳолати, қарашлари, маданияти, динидан қатъи назар, мамлакатлар, халқларнинг ўзлигини ҳурмат қилиш, умумий тараққиёт йўлида мақсадларини уйғунлаштиришдан манфаатдорлик даражасидир.

    Бу ҳолатга эришиш ўта қийин. Ижтимоий ривожланишнинг бугунги босқичида дунёда юз бераётган ўзгаришлар, давлатлар, сиёсий кучлар ўртасидаги зиддиятлар, келишмовчиликлар, шубҳасиз, бундай келишувга йўл бермаяпти. Бу жуда ачинарли ҳолат. Юқорида таъкидлаганимиз каби дунё интеллектуал ҳолатининг юксаклиги, инсоният билим ва кўникмаларининг тобора ортиб бориши, муаммоларни цивилизацион йўл билан ҳал этишда янги қоидалар ишлаб чиқилиши баробарида жаҳоний муаммоларнинг янгидан-янги турлари кўпайиб бориши дунё мамлакатлари ва халқларини боши берк кўчага қамаб қўймоқда.

    Бундай вазиятда айрим давлатларнинг чигал вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга интилиши, ўз манфаатини бошқа мамлакатлар ҳудуди ҳисобидан қондиришга уриниши барчани сергакликка ундаши табиий. Бу ҳол ҳар биримиздан ватанпарварлик деган буюк тушунчани борлиғича, онгли равишда англаб етишга чорлаши керак.

    Алломаларимиз бот-бот таъкидлаганидек, кимки ўз Ватанини севмаса, ҳеч нимани сева олмайди. Ватанни севиш учун катта, кенг юрак лозим. Бу юрак ҳар доим инсонни ҳақиқий жасоратга ундаши, Ватан йўлида керак бўлса, жонини қурбон қилишга ҳозир эканини амалда исботлаб туриши зарур. Инсонда фазилатлар жуда кўп. Аслида ҳар биримизнинг мазмун-моҳиятимиз ҳам, ўзлигимиз ҳам тарбия ва ахлоқимизда мужассам бўлган турли фазилатларда акс этади. Ўнлаб, юзлаб фазилатлар барчамизни безаб туради. Бироқ уларнинг орасида энг мақбул, энг зарур фазилат Ватанга садоқатли бўлишнинг амалдаги ифодасидир.

    Баъзан катта-кичик қилмишларимиз, хато ва камчиликларимиз, билиб-билмасдан содир этган хунук қилмишларимизни хаспўшлашга ўрганиб қолганмиз. “Катта давлат ва кўп сонли миллат орасида менинг бу хатоларим арзимас нарса” қабилида иш тутамиз. Аммо шу кичик хато, чала ишимиз, камчилигимиз Ватанга нисбатан сотқинлигимиз, Ватан юзига туширган доғимиз эканини ҳар доим ҳам англаяпмизми? Ватанни хор қилиш уни сотиш билан баробар эканини, Ватанга хиёнат эса шу одамнинг ўз виждонидан айрилиши эканини биламизми?

    Ватанни севиш жуда осондек. Бироқ бу жараён назарий ҳолатдан амалиётга кўчмас экан, Ватанга хиёнатни одатий ҳол сифатида қабул қилаверамиз. Атрофимизда ҳар куни содир бўлаётган камчилик, хатоларга бефарқ муносабатда бўлаверамиз. Шахсий манфаатларини Ватан тақдиридан юқори қўяётганларга лоқайдлигимиз туфайли танбеҳ беролмаймиз.

    Назаримизда, ватанпарварлик туйғусини жонимиз ва қонимиз, руҳиятимизга жо қилиб, сингдириб юборишимиз учун, энг аввало, Ватаннинг яқин ва узоқ тарихини билишимиз керак. Тарихдан бехабар инсон Ватан ҳақидаги тушунчани билиши мумкин. Аммо бу тушунча соғлом эътиқодга айланмайди. Кўҳна тарихимизда минглаб, юз минглаб ватанпарварлар шу замин, шу юрт учун ширин жонини қурбон қилганини бундай одам қаердан билсин!

    Ҳақиқатан ҳам, Ватанни севиш учун унинг тарихини, ёруғ ва қоронғи кунларини билиш, энг муҳими, ундан тўғри хулосалар чиқариш зарур. Дунёда бирорта давлат йўқки, унинг тарихи фақат зафарлардан иборат бўлсин. Бироқ бундай ҳол Ватанни севмаслик ҳуқуқини бермайди. Масалан, юртимизда темурийлар ҳукмронлигидан сўнг – хонликлар даврида юз берган сиёсий парокандалик, ижтимоий-маданий қолоқлик, бойлик орттириш дардида узоқ давом этган урушлар буюк Туркистон тарихидаги қора доғлардир. Албатта, бундай зиддиятли ҳолатлар бизни тарихдан тўғри, холисона хулосалар чиқаришга ундамай қолмайди.

    Қолаверса, Ватан юрагига тиғдек санчилган даврларни эсдан чиқариб бўлармиди. Ватан, миллат манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўя олмаган қанчадан-қанча раҳбарлар, ҳукмрон доираларни кўрмади бу Ватан.

    Ватанни сўзда эмас, амалда севиш кераклигини англатиш учун ҳам тарих бизга устоз эканини англатадиган биргина мисол келтиришни лозим топдик. “Маърифатпарварлик – ижтимоий-маданий ҳодиса” китобида қайд этилишича, Худоёрхон Россия империяси Хўжанд, Ўратепа ва Жиззахни 1866 йил май-октябрда босиб олгани муносабати билан генерал Д.И.Романовскийни табриклаб, совға-салом юборади, унинг келажакдаги ишларига муваффақият тилайди. Генерал Кауфманга Самарқанддан ҳурматли кишилар ва амалдорлар юборган табрикномада бундай ёзилган: “Маҳрам остонасида сизнинг раҳбарлигингиз остидаги шонли рус қўшинлари эришган ғалаба ва Қўқонни қўлга киритганингиз ҳақидаги қувончли хабарни олдик. Қўқонни адолатли бўйсундириб, сиз Оқ подшонинг буюк паноҳидагиларни норози қилган ва уларга зулм ўтказганлар жазоланишини қўшни аҳолига яна бир бор намойиш қилдингиз”.

    Бу дунёда Ватан, миллат тўғрисида айтиладиган сўзнинг масъулиятидан ҳам кучлироқ нарса бўлмаса керак. Юқорида келтирилган мисолнинг ижтимоий-маънавий, тарбиявий-мафкуравий, ахлоқий аҳамияти бор. Уни кўрмаслик ҳар биримизда ватанпарварлик деган буюк туйғунинг мавжуд эмаслигига бир ишорадир. Тарихда шундай даврлар бўладики, Ватан тақдири халқ номидан ҳукм қиладиганлар, айрим шахсларга боғлиқ бўлиб қолади. Ана шундай онларда барча масъулиятни ўз гарданига олмаслик, масъулиятни ўзидан соқит қилиш аслида Ватанга ва миллатга сотқинлик, хиёнатдан бошқа нарса эмас.

    Шонли тарихимизда бундай аянчли мисоллар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам бизга тарих керак. Тарих тафаккур тарзимизни ислоҳ этади, ўтмиш билан бугуннинг фарқини таққослаш асосида хулоса чиқаришга ёрдам беради, айрим одамларнинг моғор босган онги ва қалбини тозалайди, руҳиятини мусаффо ҳаво билан бойитади. Тарих, шунингдек, бугун Президентимиз, халқимиз томонидан ишонч билдирилган, аммо нафс балосига қулоқ тутган, ўз манфаатини ҳар нарсадан юқори қўйган айрим амалдорлар, “давринг келди, даврон сур” қабилида иш тутадиганларни тарбия қиладиган, тўхтатадиган, ўйлантирадиган, хулоса чиқаришга мажбур этадиган буюк куч, феномен ҳодисадир.

    Хўш, ватанпарварлик нима? Ватанпарварлик – ҳар биримизнинг туғилиб ўсган, киндик қонимиз тўкилган Ватан олдидаги фарзандлик, фуқаролик бурчимиз, маънавий масъулиятимиз, унинг тараққий этиши, янада гуллаб-яшнаши учун фидойилик ҳиссини туйиш каби кўплаб маъно-мазмун берадиган тушунча.

    Ватанпарварлик Ватанни шунчаки севиш, у тўғрисида шеър ёзиш, қўшиқ куйлаш, чиройли гапиришгина эмас. Ватанпарварлик ҳақида минглаб асарлар яратилган, у ҳақида гапирмаган одамнинг ўзи йўқ. Аммо бу билан биз ватанпарвар бўлиб қоляпмизми? Ёдланган шеър, ўқилган бадиий асар, куйланган қўшиқ, ёқланган диссертацияда кўтарилган ғоялар одамларнинг аввал соғлом эътиқодига, сўнг амалий ҳаракатига таъсир этмас, буларнинг натижасида шу Ватан равнақида ҳам моддий-иқтисодий, ҳам жамиятнинг маънавий-руҳий ҳолатида акс этмас экан, бу ғоялар, назариялар қуруқ гапдан бошқа нарса эмас.

    Ҳақиқатан ҳам, ватанпарварлик бугун реал кучга айланиши керак. Бунга яқин ва узоқ тарихимизда мисол кўп. Садриддин Салим Бухорийнинг “Буюк Хоразмийлар” китобида қайд этилишича, Паҳлавон Маҳмуд ҳинд халқи томонида туриб, Ҳиндистон душманларига қарши жангда иштирок этади. Жанг пайти жонини хатарга қўйиб бўлса-да, ҳинд шоҳи Рай Чўпани ўлимдан қутқаради. Шунда шоҳ Паҳлавон Маҳмуднинг бемисл жасорати, мардлигини муносиб тақдирламоқчи бўлиб: “Тила тилагингни!” дейди.

    Паҳлавон Маҳмуд: “Эй буюк шоҳ! Бундан анча йиллар муқаддам ватандошларим – хоразмийлар бу ерга асир қилиб олиб келинган. Ўшаларни озод этсангиз. Бирдан-бир тилагим шу!” дейди. Шоҳ ҳайрон бўлиб: “Эй ҳиммати баланд паҳлавон! Агар ярим давлатимни тилаганингда эди, уни гап-сўзсиз сенга инъом қилган бўлурдим. Агар соҳибжамол қизимни никоҳингга олмоқни сўраганингда эди, сени ўзимга куёв этиб, тожу тахтимни сенга бағишлаган бўлардим. Зеро, жасоратинг улкан мукофотга муносиб. Майли, тилагингни бажо келтирдим. Ватандошларинг озод! Уларни Хоразмга боргунларича озиқ-овқат, кийим-бош, улов билан таъминлашни ҳам буюраман!” дейди.

    Бугун дунёда содир бўлаётган жаҳоний ўзгаришлар, қадриятлар трансформацияси, ахлоқ тушунчаларининг емирилиши давлатлар ва халқлар тақдирида кўплаб салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, биз учун ниҳоятда муқаддас бўлган ватанпарварлик тарбиясининг тагзаминига, асл моҳиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

    Натижада ватанпарварлик ўрнига ватансизликни тарғиб этиш, “глобаллашув дегани сенинг дунё фуқаросига айланишинг”, деб талқин қилиш, миллий тарихни эскилик сарқити сифатида тан олиш каби ўта мантиқсиз ғоялар кўпайиб бормоқда. Ушбу ҳолат, ўз навбатида, ватанфурушликни юзага келтирмоқда.

    Ватанфурушликнинг реал ҳаётдаги кўриниши жуда сероб. Масалан, меҳнатсиз роҳат кўришни исташ, ўз юртидаги ўзгаришлар, халқ қадрини ошириш борасидаги ислоҳотларни кўрмаслик ёки кўриб туриб тан олмаслик, ўз бахтини ўзга юртлардан қидиришга интилиш, жамиятдан фақат иллат қидириш ва бунинг натижасида ўзидан сохта демократ образини яратиш, кишилар тафаккур тарзини манипуляция қилиш — буларнинг барчаси бугунги ватанфурушнинг ижтимоий портретидир.

    Ана шу ҳолатлар шахсда ўзга ғояларга тобелик кайфиятини кўпроқ оширади. Ўзга юртлардаги хунрезликлар, зиддиятлар, келишмовчиликларни ўзича таҳлил этиш орқали жамиятда ёлғон таассурот уйғотиш кўникмаси пайдо бўлади. Бу жуда хавфли ҳолат. Сохта ватанпарварларнинг пайдо бўлиши ҳам шу тарзда юзага келади.

    Боланинг онага муҳаббати табиий равишда пайдо бўлса, Ватанга ва юртга муҳаббат унинг онгига сингдирилмоғи, ўргатилмоғи керак. Шу маънода, Патрик Жозеф Бьюкенен бундай дейди: “Американинг умумтаълим мактаблари зарурат туғилганда мамлакатимизни ҳимоя қилиш мумкин бўлган фуқаро ва ватанпарварларни тарбияламоғи даркор. Улар болалар қалбига Америкага нисбатан муҳаббат туйғусини жо этмоғи зарур. Зеро, буюк кишилар таржимаи ҳоли, тарихий ва бадиий асарларни ўқиб, халқ қўшиқларини тинглаб, шонли тарихимиз акс эттирилган санъат асарларини томоша қилиш жараёнида уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат туйғуси мустаҳкамланиб боради. Бу туйғу қанчалик кучли бўлса, Ватаннинг узвий қисми бўлиб қолиш, унинг учун жон фидо қилиш, бутун халқни ўз оиласини ҳимоя қилгандек асраб-авайлаш ҳисси шунчалик зўр бўлади”.

    Бьюкененнинг ушбу фикрларидан чиқарган хулосам бор. Бу, биринчидан, ҳамма орзу қилган, бутун дунё талпинган АҚШдек давлатда ҳам ватанпарварлик масаласида муаммо борлигини англатиб турибди. Демак, гап у ёки бу мамлакатнинг бой-бадавлатлигида эмас.

    Иккинчидан, ватанпарварлик ҳар бир инсондан идентитетликни талаб қилади. Инсон идентитетлиги миллий хусусиятлари, жамият билан муносабатлари, дунёқараши, ахлоқи, оламга, одамга, ўзига нисбатан тасаввурида ва, энг муҳими, ватанпарварлигида аксини топади.

    Тарихий заминини англамаган ҳар қандай шахс на ўзи олдида, на жамият олдида маънавий масъуллик ҳис этади. Фақат аниқ ва равшан ватаний, миллий, маҳаллий, маданий ва оилавий идентитетга эга инсонгина авваллари одамлар қандай, нима учун ва нимага асосланиб яшагани, нимага интилиб, нимага эришганини, аждодлари ер юзида қандай из қолдирганини билади. Ана шу ҳолат инсонда юксак маънодаги ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи, уни маънавий озиқлантириб, ушбу феномен ҳодисани аввал билишга, кейин соғлом эътиқодга, ундан сўнг эса реал ҳаракатга айлантирувчи, ҳар биримиздан шу ер, тупроқ учун ҳеч иккиланмасдан курашга (жон бериш учун эмас, унда ким курашади?!) отлантирувчи кучга айланади.

    Учинчидан, мазкур иқтибос бизни дунёга янгича назар билан муносабатда бўлишга ундаяпти. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг илгари ўз мақсад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунёдаги қудратли марказлар энди очиқчасига босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз, деган чуқур маъноли фикрларини доимо ёдда тутиш керак, деб ҳисоблаймиз.

    Ҳақиқатан ҳам, ҳаддан ташқари тез ўзгариб бораётган дунёда дунёқарашимиз, ҳаётий тамойилларимизни замонга мос равишда ўзгартиряпмизми? Давлат ва миллатнинг ҳаёт-мамот масалалари кун тартибига қўйилган бир пайтда майда, маиший масалалар билан овора бўлиб қолмаяпмизми? Биз қўшиқ қилиб куйланган шеър, ғазалдаги, ўқиган китобдаги, эшитган панд-насиҳатдаги миллатни уйғотувчи, уни янги марраларга чорловчи ғояларнинг рўёбидан қониқяпмизми?

    Агар ҳар биримиз шу саволларни ўзимизга ва бир-биримизга берсак ҳамда уларга жиддий жавоб олишга интилсак, шубҳасиз, ўзгарамиз. Биз аксарият ҳолларда ўз такомилимизни дунёқарашимиз чегараси билан ўлчаймиз. Аммо кўпинча дунёқарашимиз (дунёга қараш, уни кенг маънода кўриш, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни теран таҳлил қилиш ва ягона тўғри хулоса чиқариш) “оилақараш”, “маҳаллақараш”, “қишлоққараш”, “туманқараш” даражасида, чекланган чегара доирасида қолиб кетмаяптими?

    Бугунги дунёда ватансизликни, ватанфурушликни тарғиб этаётган таҳдидлар тобора кўпайиб бораётган, турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ўзларининг аниқ мақсадларини чиройли гаплар, билим савияси паст, тажрибасиз кишиларга хуш ёқадиган жозибали қолипларга солиб талқин этаётган бир шароитда ўзликни, Ватанни сақлаб қолиш ва бу йўлда юксак ватанпарварлик намуналарини кўрсатиш энг долзарб масалага айланди.

    Бу йўлда, бир томондан, эътиқоди суст, боқибеғам, онгсизлик касалига дучор бўлган, масъулиятдан қутулиш учун беқарорликни танлаган, ватандошлик кайфиятидан мосуво, майда маиший муаммоларидан бошқа нарсаларни тан олмайдиган айрим одамларни уйғота олсак, иккинчи тарафдан, Президентимиз ва халқ ишончини юксак мартаба, шу юрт ва миллат учун хизмат қилишни ҳаётининг мазмун-моҳияти деб билган ҳамда бундан маънавий-руҳий лаззат оладиган раҳбарларимиз янада кўпайса, энг катта ютуғимиз бўлади. Айнан шундай кишилар билан барча мақсадимизга эришамиз.

    Абдухалил МАВРУЛОВ,

    тарих фанлари доктори, профессор