Ўзбек миллий-маънавий мероси, тарбия тизими шу даражада мукаммал тузилганки, уларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳар қандай олиму мутахассисни ҳайратга солмай қўймайди. Биз билиб-билмай ҳар куни ишлатадиган иймон, эътиқод, маслак, ҳамият, андиша, номус, инсоф, ғурур, ифтихор, ахлоқ, салоҳият, ирода каби ўнлаб, балки юзлаб атамалар борки, уларнинг бари бир нарсага — инсонни яхши шахсга айлантиришга, кишиларда комиллик сари қадам ташлаш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилади.
Бу атамалар кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Улар узоқ минг йилларга бориб тақалади. Мазкур тушунчалар орасида яна шундай атама борки, у ҳақида алоҳида тўхталмаслик асло мумкин эмас. Бу — виждон. Бу сўзни такрорламаган онимиз, оммавий ахборот воситалари ёхуд ижтимоий тармоқларда эсламаган кунимиз йўқ. Чунки зиддиятларга бой даврда яхши билан ёмоннинг, эски билан янгининг, эзгулик билан ваҳшийликнинг, адолат билан ҳақсизликнинг кураши бор экан, бу сўзни тилга олаверамиз.
Минг йиллар давомида одамлар виждонли ва виждонсизга бўлинган. Хайриятки, ота-боболаримиздан асрлар давомида сақланиб келаётган миллий-маънавий меросимиз, дунёдаги барча халқлар ҳавас қилса арзийдиган тарбия тизимимиз борки, улар орамизда виждонли кишиларнинг тобора кўпайиб боришига имкон бермоқда.
Мамлакат раҳбари виждон атамасини юксак маънавият ва маърифат сўзлари билан уйғунликда кўрмоқда. “Менинг назаримда, — деб қайд этади Президентимиз “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида, — инсоният дунёсининг буюк бир ёритқичи — маънавият чироғи бор. Бу чироқнинг бошқалардан фарқи шуки, у инсоннинг онги ва тафаккурини ёритади, қалби, виждонини уйғотади, одамийлик ҳиссини кучайтиради”.
Демак, бугунги энг муҳим масалалардан бири — инсон виждонини уйғотиш муаммоси. Виждон сўзи араб тилида ҳиссиёт, кишининг ички дунёси, руҳ, кўнгил, ор-номус маъноларини ҳам беради. Айрим олимларимиз таъкидлагани каби инсоннинг ҳаёти фақат ақл билан бошқариладиган бўлса, бу дунё ҳаёти ўта бешафқат, ўта худбин тус олади. Бундай пайтда инсонда моддий манфаатлар ҳар доим биринчи ўринга чиқади. Бу эса жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит беқарорлашувига олиб келади.
Хўш, виждон ўзи нима? Унга берилган таърифлар жуда кўп. Баъзи олимлар виждонни кишиларнинг кундалик фаолияти, хатти-ҳаракати, феъл-атвори учун оила, жамоат, жамият ва Ватан олдида маънавий масъулият ҳис этиш сифатида таърифлайди. Яна бир гуруҳ мутахассис ва олимлар уни инсонга хос бўлган юксак маънавий фазилат тарзида тушунтиришга ҳаракат қилади. Яна бирлари эса виждон атамасини шахснинг ахлоқий жиҳатдан ўз-ўзини назорат қилиши, ахлоқий бурчни мустақил шакллантириш ҳамда ўзидан уни адо этишни талаб қилиш ва ўз хатти-ҳаракатларига баҳо бериш қобилияти, дея тушунтиради.
Назаримизда, виждон, энг аввало, ахлоқий тушунча. Виждон яхшилик нимаю ёмонлик нималигига жавоб берадиган ички ишонч, ўзининг амалдаги фаолияти учун ахлоқий масъулиятни англашдир.
Бугун биз Янги Ўзбекистонни қуриш йўлига ўтар эканмиз, атрофимизда виждонли одамлар жуда кўпайиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бундай кишилар, аввало, виждонни ўз ҳаёти ўлчови, деб билади. Виждонли одамлар ёлғон гапиришни ўзига эп билмайди. Уларнинг ҳаётий позицияси битта: бошига қилич келса ҳам, рост гапириш, виждонига хилоф иш қилмаслик. Барчамиз севиб томоша қиладиган “Суюнчи” бадиий фильмида Анзират холани маҳалладошлари “Анзират хола қишлоғимизнинг виждони эди”, дея таърифлашида жуда катта маъно бор.
Яна шу нарсага эътибор бериш лозимки, бугун виждонли бўлиш жуда оғир. Виждонли киши учун у эгаллаган билим, атрофидагиларнинг унга ҳурмат-эҳтироми, тўплаган бойлиги етарли эмас. Бундай кишилар доимо зиддиятли ҳолатда бўлади. Аслида, виждонли одамлар, бир томондан ўзининг атрофидаги диёнатсиз, инсофсиз, лоқайд кишилар билан кураш олиб борса, бўлак тарафдан у ўзи билан ўзи оғир курашга киришадиган, юксак маънавиятли одам.
Инсоннинг ўзи билан ўзи курашга киришишидан ҳам оғир иш йўқ, деб ўйлаймиз. Чунки виждон кўзга кўринмайди. Аммо маънавий-ахлоқий аҳамияти ва кучи нуқтаи назаридан у ҳамма нарсадан кучли ва таъсирлидир.
Виждон инсондаги ўзини ўзи назорат қилишнинг энг мукаммал амали. Бугунги инсон дунёда содир бўлаётган барча воқеа-ҳодисаларни таҳлил қила олади, баҳо бериш қудратига эга. Биз бугун илм-фан, техника, юксак технологиялар бўйича мукаммал билимга эгамиз. Гўёки дунёда биз билмаган нарсанинг ўзи йўқдек. Ҳақиқатан ҳам шундай. Чунки бу дунёдаги барча нарсалар Яратганнинг каромати, бизнинг, инсоннинг қўли билан яратилган. Бироқ биз ҳамма кашфиётлар, янгиликлар, қолаверса, атрофимиздаги барча яхши-ёмон нарсаларни билган ҳолда, ўзимизни ўзимиз билмаслигимиз, ўз ўзимизга адолатли ва тўғри баҳо бера олмаслигимиз аён бўлиб турибди.
Нима учун биз атрофимиздаги барча одамлар, яқинларимиз ҳақида гўёки ҳамма нарсани билгандекмиз-у, ўзимизни ўзимиз англай олмаймиз? Нега ўзимизга баҳо берганда қийналамиз, ўзимизни ўзимиз алдаймиз? Назаримда, бунинг сабаби битта: биз ўзимизга виждон кўзи билан баҳо бермаймиз ёки беролмаймиз.
Ўзбек миллий маданияти, хусусан, тарбия концепциямизда, буюк мутафаккирларимиз томонидан яратилган маънавий-маърифий меросимизда виждон ахлоқ категорияси билан уйғунликда кўрилади. Ҳақиқатан, чуқурроқ ўйлаб кўрсак, ахлоқли одамда виждонлиликни ёки виждонли одамда муносиб ахлоқни кўриш мумкин.
Бироқ ахлоқ ва виждон тушунчалари орасида муайян фарқ борга ўхшайди. Масалан, виждонли инсон ҳеч қачон ҳаётий тамойилларидан қайтмайди, у ўзини ўзи алдашга йўл қўймайди, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳақиқатни ўзига қалқон қилади. Ҳар қандай шароитда ҳам рост гапиради. Ахлоқли шахс эса атрофидагиларнинг, суҳбатдошларининг қалбига озор беришни истамайди, уларнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатмасликка ҳаракат қилади.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ўғли Султон Валад “Маориф” асарида дунёни чуқур билиш, рост ва ёлғонни хатосиз фарқлаш, илоҳий сирлар мушоҳадасида, умуман, инсонда ахлоқий сифатларни шакллантиришда виждон кўзига алоҳида эътибор қаратишни таъкидлайди. Асарда бундай дейилади: “Назар иккидир. Бири махсус, иккинчиси виждоний эрур. Биринчиси бошимиздаги кўздир. Виждонийси эса унинг-ла ўзимиздаги қаҳр, хотиржамлик, дарғазаблик, лутф, жўмардлик, фақирлик, садоқат, дўстлик, душманлик, бирлик, қарама-қаршилик, шаҳват ва иффат ҳолларини кўра оладиганимиз кўздир. Сен буларни бошдаги кўз билан кўра олмайсан... Хўш, бу виждоний кўз, яъни басиратнинг очилишига қандай эришса бўлади? Бунинг биринчи ва асосий шарти қалб тасфияси. Қалб покланмас экан, инсон учун ҳеч нарса пок ва мусаффо эмас. Зеро, у покни чиркиндан, латифни касифдан, боқийни фонийдан ажрата билмайди”.
Ҳақиқатан ҳам, виждонли одам бу дунёдаги барча инсофсизликлар, адолатсизликлар, маънавий бузуқликлар, кишилар орасидаги ўзаро келишмовчиликларни кўра олади. Тўғри, бундай салбий ҳолатларни бошқалар ҳам кўради. Аммо улардан фарқли ўлароқ, виждонли киши теварак-атрофда юз бераётган барча кўнгилсизликлардан изтиробга тушади, одамларни тўғри йўлдан бошлашга ҳаракат қилади.
Виждонли одам тортган изтиробларга ҳамма ҳам чидай олмайди. Ҳар кимнинг виждонли инсонга айланиши ўта мураккаб жараён. Назаримизда, виждонли инсоннинг шаклланиши ирсиятга ҳам боғлиқ. Бунга мисоллар жуда кўп. Улуғ уламоларимиз, буюк олиму мутафаккирларимиз ҳаёт тарзи, фаолияти, жамиятда тутган ўрни бунга яққол мисол бўла олади.
Яна бошқа томондан, виждонли инсонлар ҳар бир жамиятда бор ва улар ўзлари яшаб, истиқомат қилган муҳитдаги мавжуд яхшилик ва ёмонлик, адолат ва ҳақсизлик, тўғрилик ва эгрилик кабилар орасида ўзини йўқотмайди, виждонлилик сифатларини шакллантириб боради.
Улуғ алломалар, буюк олимлар асарларини мутолаа қилиб, айни пайтда ўз умрим давомида тўплаган камтарона ҳаётий тажрибам асосида шундай хулосага келдимки, виждонли инсон шаклланишига таъсир этувчи омиллар жуда кўп эса-да, уларнинг энг муҳимлари — биринчиси оилада олинган тарбия, иккинчиси ақл, учинчиси тафаккур тарзидир.
“Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Виждонли, инсофли, диёнатли инсонлар фарзандлари аксарият ҳолларда ота-боболарига ўхшаганини кўрганмиз. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда оилавий тарбия масалаларига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Тўғри, дунёнинг глобаллашиб бориши, бозор муносабатларига шиддат билан кираётганимиз, тирикчилик ғамида ўзимизни ҳар тарафга уришимиз оилавий тарбия тизимига айрим салбий таъсирларини ҳам кўрсатмасдан қолмаяпти.
Бироқ ўзбек учун оила том маънода маънавият ва маърифат маскани, ёшларни виждонли қилиб тарбиялашнинг ўчоғи бўлиб қолаверади. Шу ўринда яна бир нарсага эътибор беришни лозим топдик. Албатта, биз учун тарбияли инсонлар керак, уларсиз жамиятни маънавий жиҳатдан поклантириш, кишилар ўртасида эзгулик уруғларини сепиш, одамларни комиллик сари етаклаш, бу борада муайян натижаларга эришиш мумкин эмас. Аммо унутмаслик жоизки, ҳар доим ҳам инсоннинг тарбияланганлик даражаси уни виждонлилик ҳолатига олиб келмайди. Демак, шахснинг тарбиялангани унинг виждонлилик сари ташлаган биринчи қадами, холос.
Энди масаланинг иккинчи жиҳатига тўхталсак. Биз юқорида виждонли инсон шаклланишида ақл масаласига эътибор бериш муҳимлигини эътироф этган эдик. Дарҳақиқат, виждонли инсоннинг энг муҳим сифатларидан бири унинг ақллилик даражасидир. Хўш, ақл нима? Ақл ҳар биримиз учун ўйлаш, фикрлаш, теварак-атрофдаги воқеа-ҳодисаларни онгли равишда англаш ва хотирлаш, хулоса чиқариш имкониятини берадиган қобилият, ўта ноёб маънавий-маърифий ҳодиса, моҳиятга етишнинг ишончли воситаси.
Инсоннинг ақли илм ҳосил қилиш учун энг муҳим омил эканини таъкидлаган ҳолда, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ақл воситасида ҳосил бўладиган илм иккига бўлинади, дейди. Биринчиси таҳлил ва мушоҳадасиз, бир кўргандаёқ, ўз-ўзидан пайдо бўладиган илм. Ҳар бир нарса ўзининг бир парчасидан кўра катта экани бир кўришда ўз-ўзидан билинади. Буни “зарурий илм” деб аташ мумкин. Иккинчиси ақлни ишга солиб, таҳлил ва мушоҳада воситаси ила ҳосил бўладиган илм. У “касб қилиб топилган илм”, дейилади.
Ақл ила юзага келадиган илм ҳис қилиш аъзолари воситасида ҳосил бўладиган илмдан кучлидир. Ақл воситаси ила ҳис қилиш аъзолари йўл қўйган хатолар ҳам тузатилади. Масалан, сувда бирор нарсанинг аксини синган ҳолатда кўриш мумкин. Бу — кўзнинг хабари ва нотўғри хабар. Лекин ақл акси сувда шундай кўринаётган нарсанинг аслида бутун, тўғрилиги ҳақида илм беради. Касал одамга ширин таом ҳам нордон туюлиши мумкин, лекин ақл у таом аслида ширин эканини билдиради. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. — Тошкент, 2013. 74-бет).
Инсон ҳаётида ақлнинг нечоғлиқ муҳимлигини исботлашнинг ўзи асло тўғри эмас. Бу аксиома. “Ватан туйғуси” китобида таъкидланишича, Алишер Навоий асарларида ақлнинг 27 даражаси ва 27 сифати маълум қилинади. Демак, ақлнинг ўзи битта, аммо одамларнинг ақлий даражалари жуда кўп, шунинг учун бу дунёда бир хил ақлга эга икки одамни топишнинг мутлақо иложи йўқ.
Айни пайтда олимлар барча ақл эгаларини улар ўз олдига қўйган мақсад-муддаоларига кўра иккига ажратади. Биринчиси некбин ақл эгалари бўлиб, улар ақлни инсоният тараққиёти, жамият барқарорлиги йўлидаги эзгу мақсадлар учун сарфлайди. Иккинчиси эса худбин ақл эгалари бўлиб, улар ўз ақлидан фақат шахсий мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилади.
Шунинг учун ҳам барча ақлли одамларни виждонли кишилар, дейиш мумкин эмас. Биз ҳаётда ҳам бундайларнинг кўпига дуч келамиз. Ўзаро суҳбатларда улар ҳақида “қани энди, шундай кишилар ўз ақлини халқ хизмати йўлида сарф қилсалар”, деб бекорга айтмаймиз. Демак, ақлли одамларнинг жамият тараққиётидаги муҳим ўрнини инкор этмаган ҳолда, уларнинг барчаси ҳам виждонли бўлиши мумкин эмаслигини ҳам ёдда тутиш керак. Шу нуқтаи назардан, одамлардаги ақл феноменини виждонлилик йўлидаги иккинчи дадил қадам деб ҳисоблаш мумкин.
Бизнингча, ҳар биримизда виждонлилик сифатлари шаклланишида инсон тафаккур тарзининг ўрни беқиёс. Тафаккур тушунчаси арабчада фикр сўзидан келиб чиқади. У инсон маънавиятининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлиб, билишнинг оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг умумий, муҳим хусусиятларини аниқлашга ёрдам беради, улар ўртасидаги ички, зарурий алоқаларни акс эттирадиган феномен ақлий бойлик. Тафаккур инсонда нарса ва ҳодисалар, воқеалар моҳиятини олдиндан билиш, кўриш, башорат қилишга ёрдам беради.
Тафаккур феномени бизни турли хатолардан, чалкашликлардан, турфа оламдаги воқеа-ҳодисаларни нотўғри мушоҳада қилишдан асрайди. Инсоннинг фикр қилиши унинг олдига қўйилган мақсадларга осонроқ йўллар билан, кам харажатлар сарфлаб, кўпроқ ва самарали натижаларга эришишга имкон беради. Шунинг учун барча мутафаккирларимиз инсонда виждонлилик сифатини шакллантиришда тафаккур масаласига алоҳида эътибор бериб келган.
Ал-Фақиҳ Абу Лайс Ас-Самарқандий “Танбеҳул ғофилин” китобида қуйидагиларни ёзади: “Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Инсонлар орасида шундайлари борки, улар яхшиликка калит, ёмонликка қулфдирлар. Шу туфайли уларга ажр ёзилади. Инсонлардан яна баъзилари борки, улар ёмонликка калит, яхшиликка қулфдирлар. Шу туфайли уларга гуноҳ ёзилади. Яхшилик учун калит бўлган ва ёмонлик учун қулф бўлган кишилар қандай яхши. Бир соатлик тафаккур мен учун бир кечалик ибодатдан яхшидир”. Ушбу китобда яна “Бир соат фикрлаш бир йиллик ибодатдан афзалдир”, дейилади.
Йирик тасаввуф арбоби, тариқат пири, тасаввуф таълимотини муайян даражада тартибга келтирган мутафаккир Жунайд Бағдодий (910 йили вафот этган) ҳам тафаккур масаласида собит бўлган. У бундай дейди: “Ҳақ таолонинг қудрат ва азаматини тафаккур қилмоқдан маърифат ортар, неъматларни тафаккур қилмоқдан муҳаббат туғилар, ваъид ва азобларни тафаккур қилмоқдан ҳавл (қўрқув) туғилар”.
Энди масаланинг асосий қисмига ўтсак: биз юқорида айтганимиз каби, а) тарбия инсон фаолиятини тартибга солса, б) ақл нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини билишга ёрдам берса, в) тафаккур инсонга ўша воқеа-ҳодисалар моҳиятини англагандан сўнг ушбу онгли англанган моҳият асносида фаолият юритишимизга кўмаклашадиган феномен ҳодисадир. Шу ўринда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги фикрларини эътиборга олиш лозим: “Ақл Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандага берган неъматлар ичида энг улуғларидан биридир. Инсон зоти ақл билан бошқа жонзотлардан устун туради. Инсон ўзига берилган ақл воситасида етиши мумкин бўлган энг юқори мартабаларга эришди. Аммо ақл ўз-ўзидан ишлаб кетавермайди. Ақлни ҳаракатга солувчи куч тафаккурдир. Бошқача қилиб айтганда, инсонни ҳаракатга солувчи куч ақли эмас, балки тафаккури ила эришилган идрокдир. Тафаккур бўлмаса, ақлнинг ўзи ҳидоятга йўллай олмайди. Дунёда қанчадан-қанча ақллилар бор. Аммо уларнинг ақллари тўғри йўлга бошламаяпти, ёмонлардан қайтармаяпти”.
Демак, инсонда виждон феномени шаклланишида тафаккур тарзи алоҳида ўринга эга. Бунга биз юқорида келтирган мисоллар, алломаларимиз фикрлари, мулоҳазалари, ҳаётий тажриба исбот бўла олади. Билдирилган фикрлардан хулоса ясаш мумкинки, виждонли одам бўлиш ўта қийин жараён. Унинг формуласи эса тахминан қуйидагилардан иборат: тарбия + ақл + тафаккур = виждон.
Бугун энг оғир масалалардан бири одамларда виждонлилик сифатини шакллантиришдир. Бир пайтлар одамларда виждонлиликни уйғотишга қаратилган қанчадан-қанча ҳаракатлар бўлганининг айрим жиҳатларини миллий маданиятимиз мисолида эслагим келди. Бугунги ўрта ва кекса авлод хотирасида сақланиб қолган, таниқли санъаткор Шукур Бурҳоновнинг “Қиёмат қарз” спектаклидаги роли, “Гирдоб” видеофильмидаги Муҳаммад чатоқ, “Диёнат” спектаклида атоқли санъаткор Наби Раҳимов образида жаранглаган Нормурод Шомуродов, “Иймон” спектаклидаги профессор Комилов, Асқад Мухторнинг “Чинор” асаридаги Очил бобо образларини бугун ким эсламайди, дейсиз.
Назаримда, ўша асарлардаги биз юқорида эслаб ўтган образлар том маънода виждонли одамнинг реал ҳаётдаги кўриниши, чин инсоннинг ижтимоий-маънавий портретлари эди. Бундай одамларнинг маънавий қиёфасидаги энг муҳим жиҳатлар ва бугунги авлод учун намуна бўлиши мумкин бўлган сифатлари қуйидагилардан иборат бўлган. Биринчидан, виждонли одам сифатида худди донишманд каби фақат адолат ва ҳақиқат учун курашдилар, бу йўлда ҳеч қандай қийинчиликдан қўрқмадилар ва қайтмадилар. Иккинчидан, адолатга ва ҳақиқатга осон йўл билан эришиш мумкин эмаслигини, бунинг учун тинимсиз курашиш лозимлигини аввалдан билган ва бу курашга олдиндан ўзларини руҳий жиҳатдан тайёрлаган. Учинчидан, виждон инсон моҳиятининг буюк неъмати эканини англаб етдилар ва шунинг учун ҳам уни ҳар бир инсоннинг ҳаёт ўлчови сифатида тан олдилар. Тўртинчидан, виждонни инсон табиатига Аллоҳ томонидан юборилган нур тарзида қабул қилдилар. Бешинчидан, виждонни соғлом эътиқоднинг ҳиссий қоровули сифатида тан олдилар. Олтинчидан, жамиятдаги виждонсиз, ўз манфаати йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган одамларни тўғри йўлга солиш мумкин эканига ишондилар, бунинг исботи сифатида танасини ўз руҳига бўйсундира олдилар.
Юқорида биз санаб ўтган асарларнинг қаҳрамонлари, албатта, тўқилган образлар. Аммо улар реал ҳаётда жуда кўп. Таъкидлаш лозимки, шундай кишилар, жамиятнинг тирик виждони эди. Одамлар бундайларга қараб ҳушёр тортар, ўз қалбига, бажараётган амалларига разм соларди, тарбиясизлик, тартиббузарлик, жиноят ҳолатларидан ҳайиқар эди.
Мен бу фикрларни бекорга айтаётганим йўқ. Бугун мамлакатимизда эркин иқтисодий фаолият кўрсатиш, тадбиркорликни кучайтириш, жамият равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилиш учун барча имкониятлар яратиб берилди. Камбағалликни қисқартириш, одамларнинг иқтисодий жиҳатдан бойиши учун барча шароитлар муҳайё этилди. Энди виждон амри билан, бировларга зиён-заҳмат етказмасдан фаровон ҳаёт барпо этиш имкониятлари юзага келмоқда.
Жамиятда виждонли одамлар қанча кўп бўлса, бу шу юртда истиқомат қилаётган барча фуқароларнинг бахту иқболи. Виждонли кишилар жамиятни турли салбий ҳолатлардан, адолатсизликлардан сақлаб турувчи, ижтимоий барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшувчи инсонлардир. Бундай одамлар туфайли порахўр, коррупционер, виждонсиз, ўз манфаатини ҳамма нарсадан устун қўювчи, бюрократ раҳбарлар ўзига четдан баҳо беради, ўзини тартибга солишга мажбур бўлади.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида 2023 йилни “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилар экан, жамиятда бугун муайян даражада мавжуд бўлган адолатсизликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор берди. Бу борада, айниқса, давлат вакиллари, катта-кичик раҳбарлардан халқ олдида “ўзининг ҳалол меҳнати, оддийлиги, халқсеварлиги ва фидойилиги билан одамларимиз меҳрини қозониши керак”лиги талаб қилиниши айни муддао бўлди.
Аслида, бу сўзлар бутун жамиятга, барчамизга муҳим феномен ҳодиса ҳисобланмиш виждон масаласида олдимизга қўйилган катта вазифадир. Худди шундай. Янги Ўзбекистонни барпо этиш виждонли кишилар қўлида эканини унутмасак, биз, албатта, ўз мақсадимизга етамиз. Виждон азобисиз яшаш қандай яхши.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор