Бугун жаҳонда мафкуравий жараёнларнинг глобаллашуви жуда катта тезлик билан кучайиб бормоқда. Бу жараён, ўз навбатида, одамларга ғоявий ва маънавий таъсир ўтказиш имкониятларини ҳаддан ташқари кенгайтириб юборди. Ер юзининг барча минтақаларида мафкуравий кураш аллақачон умумбашарий миқёс касб этган. Энди дунёнинг бирон-бир ҳудуди бундай зиддиятли ҳолатдан қутила олиши қийинга ўхшайди.
Дарҳақиқат, ҳозирги инсон онги, ҳиссиётлари учун кураш тобора кучайиб бораётган бир пайтда маънавий, мафкуравий, ғоявий таҳдид ва хуружлар жамиятимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётига таъсир ўтказишнинг кучли қуроли, хавф-хатарлар манбаига айланиб қолмоқда. Мазкур муаммонинг ўта жиддий эканига эътибор қаратган ҳолда, Президентимиз “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида шундай ёзади: “Жамиятимизда соғлом фикр, соғлом куч устувор бўлиши учун биз маънавий ҳаётимизни юксалтириш, аҳоли, аввало ёшларимизни турли зарарли таъсирлардан асраш, уларни ҳар томонлама етук инсонлар қилиб тарбиялаш ҳақида муттасил ўйлашимиз, фаол иш олиб боришимиз зарур. Ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларнинг таҳлили, афсуски, улар аксарият ҳолларда кутилган натижани бермаётганини кўрсатмоқда”.
Ҳа, биз бу борада кейинги йилларда қатор ишларни бажардик, турли тадбирлар ўтказдик, фуқароларни нималаргадир чорлагандек бўлдик. Бироқ бу ишларимиз биз ўйлагандек натижани бермади. Жамият ижтимоий-маънавий ҳолатига таъсир этувчи ички ва ташқи таҳдидлар кўпайса кўпайдики, аммо камаймади. Ёшларимизнинг муайян қисмида жамиятдан бегоналашув жараёни юз берди. Жамиятда айрим фуқароларимиз лоқайдлик касалига мубтало бўлгандек. Маънавий-мафкуравий иммунитетнинг сустлиги оқибатида баъзи ёшларимизда радикаллашув ҳолати юз бера, миллий қадриятларимизга, ахлоқий тамойилларимизга бепарволик кайфияти шакллана бошлади.
Мен бу фикрларни бўрттириб билдираётганим йўқ. Булар, афсуски, бутун маърифатли дунёда бўлгани каби, бизнинг жамиятимизда ҳам маълум маънода ўзининг бўй-бастини кўрсатмоқда. Назаримизда, бундай салбий ҳолатнинг пайдо бўлиши сабаблари жуда кўп. Дунёнинг тобора глобаллашуви, бир қутбли дунёнинг кўп қутбли дунёга айланиши туфайли содир бўлаётган миллий манфаатлар қарама-қаршилигининг кучайиб бориши, “оммавий маданият”нинг янги-янги усулларда ўзини кўрсатиши билан боғлиқ ташқи таҳдидлардан тортиб, мамлакатимизда ташқи таъсирлар натижасида баъзи ёшларимизнинг “ҳаддан ортиқ” индивидуаллашуви, жамиятдан бегоналашуви, ўз мустақил ижтимоий мўлжалига эга эмаслиги, уларда конформ дунёқараш шаклланишидан иборат ички хавфлар ўзини ўта салбий кўринишларда намоён этмоқда.
Мен бу фикрларни айнан бугун билдираётганимнинг сабаби бор. Барчага маълумки, жорий йилнинг 30 апрель куни мамлакатимиз аҳолиси ҳаётидаги муҳим сана бўлиб тарихга киради. Шу куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказилади.
Янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Бош қонунимиз лойиҳаси, шубҳасиз, унинг бугунги кун талабларига ҳамда жаҳон ҳамжамияти, халқаро хуқуқшунослик талабларига мутлақо жавоб берадиган, амалда янги конституциявий ҳужжат эканлигидан дарак беради. Шубҳасиз, ушбу ҳужжат мамлакатимиз ва Ўзбекистон жамиятини тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқишига ишонамиз.
Лойиҳада менинг диққатимни кўп нарсалар тортган бўлса-да, бироқ бир муҳим нарсага алоҳида эътибор беришни лозим топдим. Бу барчамизнинг тақдиримизда муҳим ўрин эгаллаётган, аммо юқорида таъкидлаганимиз каби, кейинги пайтларда муайян даражада эътибордан четда қолган масала – ахлоқий тарбия билан боғлиқ масалага тегишлидир.
Гап шундан иборатки, қабул қилишимиз назарда тутилаётган Конституция лойиҳасининг бешта моддасида (21, 33, 44, 71, 79-моддалар) ахлоқ масаласи кўтарилган. Ваҳоланки, амалдаги конституцияда ушбу масала бирорта ҳам моддада ўз аксини топмаган. Айни пайтда, 21, 33, 71 моддаларда мазкур масалага янада кенгроқ ёндашилган. Ахлоқ ижтимоий ахлоқ сифатида талқин этилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида ушбу масалага алоҳида эътибор берилишининг сабаблари, фикримизча, барчага аён. Бу бўйича айрим мулоҳазаларни юқорида ҳам билдирдик. Шу ўринда, ўқувчиларнинг диққатини ахлоқ масаласи бугун мамлакат ва жамият тақдирида алоҳида ўрин эгаллайдиган масалага айланганини таъкидлашни лозим топдик. Тарбия, маънавият-маърифат, ахлоқ масаласи билан бутун жамият, давлат шуғулланмас экан, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига эришиш амри маҳол. Буни барчамиз биламиз.
Аммо, биз юқорида қайд этганимиз каби, бугунги дунёнинг шиддат билан ривожланиши, миллий ва умуминсоний қадриятлар трансформацияси, инсон, унинг онги, тафаккури, айниқса, қалби учун тобора кучайиб бораётган ғоявий-мафкуравий курашлар ахлоқ феномени аҳамиятини башарият учун нечоғли зарур эканини исботлаб қўймоқда.
Мени, оддий бир фуқарони хурсанд қилган нарса шундан иборатки, мазкур Конституциявий қонун лойиҳасида ахлоқ масаласи, фуқаролар тарбияси, маънавий ривожланиши масалалари ҳам жамият, ҳам давлатнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Масалага шу тахлитда ёндашишнинг яна бир ўта муҳим томони бор.
Гап шундаки, кейинги пайтларда айрим “сохта демократлар”, ўзларини инсон ҳуқуқларининг ҳимоячилари, деб билувчи “шоввозлар”да тарбия, маънавият-маърифат, айниқса, ахлоқ масалаларига тескари кўз билан қараш аломатлари кучайиб бораётган эди. Эмишки, ахлоқ ҳар бир фуқаронинг шахсий иши. Унга кўр-кўрона аралашиш шахснинг фуқаролик эркинликларини бўғармиш!
Масалага шундай тарзда ёндашиш, шубҳасиз, шахс, жамият, давлат ўртасидаги ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилишига салбий таъсир кўрсатади. Бизнинг миллий қадриятларимизда, тарихий тараққиётимизнинг ҳеч бир даврида ахлоқ ҳеч қачон жамият тараққиётидан алоҳида ажратиб олинган даражада ташлаб қўйилмаган. Халқимиз тарбия, ахлоқ масалаларига жамият томонидан беэътиборлик албатта маънавий фалокат, ижтимоий муҳитнинг емирилишига сабаб бўлишини яхши билган. Шу маънода биз ўрганаётган ҳужжатда ижтимоий ахлоқ масаласига алоҳида урғу берилиши давлатнинг адолатли жамият, мамлакатда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришдан манфаатдорлигидан далолатдир.
Хўш, ижтимоий ахлоқ, деганда нимани тушуниш керак, ҳақиқатдан ҳам бугун айримлар давлат ва жамиятнинг инсон ахлоқи масалаларига аралашуви унинг эркинлигини бўғишдан иборат, деган иддаоларининг концептуал камчилиги нимадан иборат? Назаримизда, ижтимоий ахлоқ тўғрисида айрим фикрларни баён этишдан аввал, умуман ахлоқ ҳақида қисқача тўхталишни лозим топдик.
Олим, мутахассисларнинг фикрича, ахлоқ инсон ва жамият ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-маънавий ҳодисадир. Арабчада ахлоқ хулқнинг кўплигини англатувчи тушунча бўлиб, кишиларнинг тарихан таркиб топган хулқ-атвори, ижтимоий, шахсий ҳаётдаги ўзаро муносабатлари, шунингдек, жамиятга бўлган муносабатларни тартибга солувчи барқарор, ҳаётий тажрибадан ўтган меъёрлар, қоидалар мажмуасидир. Ўзбек халқи азал-азалдан ахлоқ деганда соғлом иймон-эътиқодга эга, кучли иродали, инсоф ва адолатни ўзининг ҳаётий тамойилига айлантира олган кишиларни тушунган.
Ўзбек халқи ижтимоий-маданий ҳаёти тарихига эътибор берадиган бўлсак, унинг барча даврлари инсонларни камолот сари сафарбар қилиш, уларда руҳни тарбиялаш, юксак иродани шакллантириш билан боғлиқ ижтимоий вазифаларга жуда кенг ўрин берилганини кўриш мумкин. Муқаддас “Авесто” китобида, туркий халқлар тош битикларида, “Темур тузуклари”да, умуман Марказий Осиёдан, буюк Турондан етишиб чиққан барча аллома-ю мутафаккирлар, жадид боболаримиз асарларида шахс тарбияси, инсон руҳияти ислоҳотида ахлоқ масалалари дунёда тенги йўқ мукаммал концепция ҳолатида шаклланганини кўриш мумкин.
Келинг, яхшиси, улар ҳақида айрим мисолларни келтириш билан юқорида билдирган хулосамизни асослай қоламиз. Буюк бобомиз Абу Наср Форобий ўзининг ҳикматларида ахлоқли одам ўзида 12 туғма хислатни бирлаштириши лозимлигини кўрсатади.
Улар қуйидагилардан иборат:
биринчидан, бундай одамнинг барча аъзолари шу даражада мукаммал тараққий этган бўлиши зарурки, у бу аъзолари ёрдамида бажармоқчи бўлган барча ишларини осонлик билан амалга ошира олсин;
иккинчидан, барча масалани, муҳокама ва мулоҳазани тўғри тушуна оладиган, унинг маъносини англай оладиган, сўзловчининг мақсади, айтилган фикрининг чинлигини тезда пайқай оладиган бўлсин;
учинчидан, хотираси жуда бақувват бўлсин, кўрган, эшитган, сезган нарсаларининг бирортасини ҳам эсидан чиқармай, ёдида сақлаб қоладиган бўлсин;
тўртинчидан, зеҳни шу даражада ўткир бўлсинки, бирор нарсанинг аломатини сезиши билан бу аломат нимани билдиришлигини тезда билиб олсин;
бешинчидан, сўзлари аниқ бўлсин, фикрини ва айтмоқчи бўлган мулоҳазаларини равон ва равшан баён эта олсин;
олтинчидан, билиш ва ўқишга муҳаббати бўлсин, ўрганмоқчи бўлган билимини чарчашни сезмасдан осонлик билан ўзлаштира олсин;
еттинчидан, овқатланишда, ичимлик истеъмол этишда очкўз бўлмасин, табиати қимор ўйинларини ўйнашдан узоқ бўлсин ва улар келтирадиган хурсандликдан жирканадиган бўлсин;
саккизинчидан, ҳақиқатни ва ҳақиқат тарафдорларини севадиган бўлсин, ёлғон ва ёлғончиларга нафрат билан қарайдиган бўлсин;
тўққизинчидан, руҳининг ғурури ва виждонини қадрлайдиган бўлсин, унинг руҳи ўз табиати билан паст ишлардан юқори ва олийжаноб ишларга ишлатиладиган бўлсин;
ўнинчидан, дирҳам, динар ва шу каби турмуш буюмларига жирканиш билан қарасин;
ўн биринчидан, ўз табиати билан адолатни севадиган ва адолат учун курашувчи бўлсин, адолатсизликка, жабр-зулм ўтказувчиларга нафрат билан қарайдиган, адолатни тарғиб этадиган бўлсин;
ўн иккинчидан, адолатли бўлсин, аммо қайсар бўлмасин, ўзи зарур деб билган нарсасини амалга оширишда қатъийлик кўрсатсин, қўрқмас, жасур бўлсин, қўрқиш ва ожизликни билмасин.
Буюк мутафаккир алломанинг юқорида билдирган фикрларининг бугунги кун учун афзаллиги шундаки, уларда шахснинг нафақат тарбияси, шунингдек, муҳим инсоний сифатлар бўлган қатъий характер, адолат принципларига амал қилиш, ҳақиқат феноменини ўз фаолиятининг асоси тарзда қабул қилиш, виждон, киши руҳияти билан боғлиқ жиҳатлари ҳам ахлоқ кўриниши сифатида эътироф этилади.
Ахлоқ жуда кенг тушунча. Унинг ўзига хос меъёрлари, қоидалари борки, уларга беэътиборлик ушбу муҳим ижтимоий ҳодисанинг аҳамиятини саёзлаштиради. Аслида, ахлоқ ёрдамида инсон адаби бошқариб борилади. Бу ҳақда замонамизнинг буюк ва улуғ алломаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шундай дейди: “Ахлоқ – барча махлуқотлар билан хусни хулқда бўлишдир. Ахлоқнинг асосини хилм, авф ва сабр ташкил этади. Халойиқ сенга қандай муомалада бўлишларини истасанг, сен ҳам уларга шундай муомала қилишинг ахлоқдир. Озорни тўхтатиб, эҳсонни сочиб; инсофни кўрсатиб, жафони йўқотиб; сафони топиб, дунёни ортга отиб юбормоқ ахлоқдир. Ахлоқ – шаҳват ва ғазаб қўзиганда нафсни жиловламоқдир”.
Назаримизда ахлоқ категориясига бундан ортиқ таъриф бериш мушкулга ўхшайди. Чунки ушбу таърифда ахлоқ масаласига нафақат тарбия усули сифатида, айни пайтда унинг ҳам ижтимоий-маънавий, ҳам сиёсий-мафкуравий жиҳатларига эътибор қаратилган. Аслида ҳам шундай. Шу маънода бу ёруғ дунёдаги барча одамларни юқоридаги таъриф бўйича “ахлоқли одам” ва “ахлоқсиз одам”га бўлишнинг ҳеч қийин жойи йўққа ўхшайди.
Халқимиз ижтимоий-маънавий ҳаётини тарбия, ахлоқни ислоҳ қилиш жараёнларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Миллий тарихимизнинг қайси даврини олиб қарамайлик, барчасида миллий ахлоқимиз ўша давр хусусиятларини эътиборга олган ҳолда такомиллашиб, сайқалланиб борганини кўришимиз мумкин. Жумладан, жадид бобомиз Абдулла Авлоний шундай дейди: “Инсонларга энг муҳим, зиёда шараф, баланд даража берувчи ахлоқ тарбиясидир. Биз аввалги дарсда тарбия ила дарс орасида фарқ бор, дедик, чунки: дарс олувчи – билувчи, тарбия олувчи – амал қилувчи демакдир”.
Дарҳақиқат, жадид бобомизнинг ушбу фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Гап шундаки бугунги шаддат билан ривожланиб бораётган ахборот дунёсида ёшу қари билмаган ўқимаган нарсанинг ўзи йўқ. Оддий тарбия жараёнидан то мукаммал технологияларгача, тирикчилик муаммоларини ҳал этишдан жаҳоний геополитик муаммоларгача – барча-барча нарсадан хабардормиз. Яъни, жадид бобомиз қайд этганидек, ҳаммамиз билувчимиз. Аммо билган нарсага амал қилиш бобида эса нўноқлигимиз кундай равшан. Ахлоқ феномени эса ана шу номутаносибликни бартараф этувчи воситага айланиши биз учун жуда муҳим.
Энди масаланинг яна бир муҳим жиҳати – ижтимоий ахлоқ масаласига эътиборни қаратсак. Бу масалани ўрганиш асносида янги таҳрирда қабул қилиниши кутилаётган Конституциямиз лойиҳасининг 1-моддасига эътибор қаратмоқ керак. Унда мамлакатимиз “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, дея таърифланади.
Бугунги Ўзбекистон муҳтож бўлаётган ижтимоий ахлоқ аслида Конституция лойиҳасида таклиф этилаётган “Ижтимоий давлат” тушунчаси билан бевосита боғлиқ.
Ижтимоий давлат аслида, энг аввало, ижтимоий адолатга, фуқароларнинг ижтимоий ҳамжиҳатлиги ва ҳамкорлигига, жамият барча аъзоларининг ягона мақсад сари бирлашиши, миллий бирликка асосланган, кишиларнинг ижтимоий ҳимоялангани хусусида ғамхўрлик қиладиган давлат. Бу жуда мураккаб жараён эканини барчамиз англаб турибмиз.
Назаримизда ижтимоий давлатни барпо этишнинг энг муҳим омилларидан бири, бу – ижтимоий ахлоқни шакллантириш масаласидир. Айримлар бу масалада ҳам ўз иккиланишларини сездирмоқда. Гўёки, ҳамма учун бир хил бўлган ахлоқий тамойилларни ишлаб чиқиш ва уларни барча орасида кенг ёйиш шахс ҳуқуқларини паймол қилиш эмиш. Бу мутлақо ҳақиқатдан узоқ фикр ва хато хулоса.
Негаки, миллий ахлоқимизнинг яхшилик, адолат, инсонпарварлик, ор-номус, меҳр-оқибат, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, жамоа руҳи билан яшаш, ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, тинчликсеварлик, бурч, виждон, бахт каби қатор муҳим таркибий қисмларини шахс камолотини шакллантирувчи буюк куч сифатида инкор этиш оғир оқибатларга олиб келаётганини барча ҳам бирдай тан олмаяпти. Шунинг учун ҳам, бугунги Ўзбекистон жамиятида ахлоқсизлик аломатлари кўп учраяпти, адолат тамойилларининг бузилиш ҳолатлари кўзга ташланиб, одамларимиз орасида меҳр-оқибат ришталарининг узилишлари содир бўлмоқда.
Ана шундай шароитда ўз миллий тараққиётини, келажагини, ёш авлод тақдирини ўйлаган ва унга дахлдор бўлган ҳар қандай давлат ижтимоий ахлоқ масаласига кучли нигоҳ билан қараши лозим. Хўш, ижтимоий давлатни барпо этишнинг зарур шарти бўлган ижтимоий ахлоқнинг ижтимоий вазифалари нималардан иборат бўлиши мумкин?
Биринчидан, жамият ривожи, ижтимоий давлатни барпо этиш шу жамиятдаги барқарор ва мақбул ижтимоий муҳитга боғлиқ. Бир томондан, инсоннинг ўзи ижтимоий муҳит маҳсули бўлса, бўлак тарафдан, ана шу барқарор муҳитнинг ижодкори ҳам инсон. Ижтимоий ахлоқ мазкур объект (ижтимоий муҳит) ва субъект (инсон)нинг ижтимоий мослашувчанлигини таъминлайдиган, уларнинг самарали ҳамкорлигини йўлга қўядиган омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан ҳам ижтимоий давлатни ижтимоий ахлоқсиз барпо этишнинг мутлақо иложи йўқ.
Иккинчидан, жамият аъзоларининг барчасида ўз шахсий эҳтиёжлари мавжуд. Биз барчамиз кеча-ю кундуз ушбу эҳтиёжларимизни қондириш мақсадида тинмай ҳаракат қиламиз. Бу йўлда баъзан тўғри, айрим пайтларда қинғир йўлларни пойлаймиз, мавжуд қонунчиликка зил равишда фаолият кўрсатамиз. Бошқача сўз билан айтганда, ўз ахлоқсизлигимизни намоён қиламиз.
Шу билан бирга бугунги цивилизацион дунёда ижтимоий эҳтиёжлар, жамият манфаатларига асосланган қадриятлар ҳам бор. Бироқ биз ўз шахсий манфаатларимиз йўлида уларни инкор этамиз. Ижтимой ахлоқ ана шу номутаносибликни бартараф этади. Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, ахлоқ бизнинг шахсий эҳтиёжларимиз билан абадий муросага интилишимизнинг муҳим кўриниши сифатида ижтимоий мазмунга эга бўлади. Шахсий ва ижтимоий ахлоқнинг мувофиқлашуви, бир-бирига тоқат қилиш муҳитининг яратилиши, назаримизда ижтимоий давлатни бунёд этишнинг асосини ташкил этади.
Учинчидан, ижтимоий ахлоқ инсонни ахлоқий идеалга яқинлаштиради. Ахлоқий идеал ахлоқ меъёрларига асосланган хулқнинг юксак даражаси, мукаммал ҳолати ҳисобланади. Ахлоқий идеал шахснинг бугунги реал ҳаётдаги турли воқеа-ҳодисаларга муносабатида акс этган ҳолда, унинг ҳаётда ўз ўрнини топишига, ҳаётий позициясини мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилади.
Афсуски, бугун реал ҳаётдан адашган, ўзлигини топа олмаётган, шу туфайли ахлоқсизликнинг турли кўчаларига кириб кетаётган ёшларимиз ҳам учраб турибди. Бундайлар, одатда, виртуал дунёни ҳақиқий дунё сифатида тасаввур қилади. Виртуал дунёга ғарқ бўлганда ўзини ўзи бошқариш амалиёти аста-секинлик билан йўқ бўла бошлайди. Улар реал дунёни тан олмайди ва ҳақиқий лаззатни, ҳаётнинг мазмунини бошқа дунё, яъни виртуал дунёдан қидиради. Бу ўта хавфли ҳодиса ҳисобланади. Ижтимоий ахлоқ кишиларни ана шу ҳалокатдан сақлайдиган куч ҳисобланади.
Тўртинчидан, ижтимоий ахлоқ инсонларни ижтимоийлаштирувчи муҳим восита. Дарҳақиқат, индивидуаллашган жамиятда том маънодаги ижтимоий давлат тўғрисида фикр билдириш амри маҳол. Энди икки оғиз ижтимоийлашув ҳақида фикрлашсак. Ижтимоийлашув бирон-бир воқеа, ҳодиса, шахс ёки ҳаракатнинг ижтимоий моҳият касб этиб, кўпчиликка дахлдор бўлиб, ижтимоий муносабатлар мажмуига айланишини таъминлайдиган жараён.
Айримлар шахс ва жамиятнинг ижтимоийлашуви ва индивидуаллашувини бир-бирига зид қўяди. Бу, назаримизда, хато хулоса. Ҳамма гап шундаки, жамият ва шахснинг ижтимоийлашуви инсоннинг индивидуаллашуви натижасида пайдо бўлади. Яъни шахс ва жамиятнинг ижтимоийлашуви ҳар қандай тараққиёт учун зарур эканини англаш учун ҳам инсонда индивидуаллашув жараёни юз бериши лозим. Мазкур ҳолат аста-секинлик билан сифат жиҳатдан бойиб бориши, мукаммаллашуви туфайли жамият ижтимоийлашуви юз беради. Аниқроқ айтиладиган бўлса, ижтимоий давлат ўзида индивидуал сифатларга бой, амалга ошираётган ишларини онгли равишда англаган, ўз фаолиятини жамият манфаати ва эҳтиёжларига уйғунлаштира олган, ижтимоий ахлоқ нормаларига қатъий амал қиладиган мустақил кишилар мамлакатидир.
Бешинчидан, ижтимоий ахлоқ жамият аъзоларини ягона мақсад сари сафарбар этишга йўналтира оладиган муҳим куч. Айёр, қўрқоқ, ўзини ислоҳ қилишга эҳтиёжи йўқ, бефарқ, дангаса, яккаликдан роҳат топадиган одамларнинг жамият олдидаги катта мақсадлар йўлида бирлашиши амри маҳол. Мутафаккирларнинг қайд этишича, айёрлик – ахмоқнинг ақли.
Ана шундай иллатларга эга инсонлар ахлоқнинг ижтимоийлашувидан манфаатдор эмас. Чунки бу борада уларнинг ўз “дунёси” бор. Жамият томонидан қабул қилинган стратегик вазифалар, ижтимоий мўлжаллар уларни қизиқтирмайди. Ижтимоий ахлоқ эса ана шундай кишиларни тарбиялайди, уларнинг самарасиз ҳаракатига мазмун киритади, аста-секинлик билан онгсиз фаолиятини ахлоқий фазилатлар билан безай бошлайди.
Бугун биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга аҳд қилганмиз, Учинчи Ренессансни яратиш амалий ҳаракатимизга айланган. Маърифатли жамият ва янги маънавий макон қуруқ орзуимиз эмас, балки, барча ҳаракатларимизнинг асл мақсадига айланган. Бу борадаги ишларни фақат ва фақат бутун жамиятни маънавий соғломлаштириш ҳамда юксалтиришига куч берувчи омил – ижтимоий ахлоқ туфайлигина амалга ошириш мумкин.
Олтинчидан, ижтимоий ахлоқни жуда кенг маънода тушуниш лозим. Ахлоқ дини, тили, эътиқоди, ирқидан қатъий назар барча инсонларни ҳамжиҳатликка, ижтимоий ҳамкорликка чақиради. Ижтимоий ахлоқ бутун жамият аъзоларининг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатини ягона мақсадга йўналтира оладиган феномен ҳодисадир.
Шу ўринда ахлоқий қадриятлар иерархиясида барча миллат ва халқлар учун устувор аҳамиятга эга бўлган қадриятлар борки, уларсиз жамиятда ижтимоий-маънавий барқарорликни таъминлаш, соғлом ғоявий-мафкуравий муҳитни яратиш асло мумкин эмас. Шубҳасиз бундай қадриятлар сарасига тинчлик, ижтимоий ҳамкорлик, турли халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, барқарор ривожланиш кабиларни киритиш мумкин.
Шу аснода таъкидлаш лозимки, бугунги дунёда ижтимоий ахлоқ феноменида миллийлик мазмуни билан тенг равишда унинг байналмилаллик жиҳатлари аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳолатни кўрмаслик асло мумкин эмас. Бошқача сўз билан айтганда, бугунги дунёнинг ҳаддан тез равишда глобаллашуви, давлатлар ва минтақалар ўртасидаги интеграция жараёнлари кенгайиши ва чуқурлашуви, миграцион ҳаракатлар ортиши, жаҳон Интернет тизими ва ижтимоий тармоқлар кишилар онги ва тафаккур тарзига таъсири кучайиши ижтимоий ахлоқнинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Масаланинг яна бир муҳим жаҳати бор ва у минтақамиз – Марказий Осиё давлатларида истиқомат қилаётган халқлар тақдири билан бевосита боғлиқ. Ушбу минтақа халқлари азал-азалдан бир ҳаводан нафас олиб, бир дарёдан сув ичиб, ўз тақдирларини бир-бири билан боғлаб келган. Аслида, бу халқларнинг тарихи ҳам, тақдири ҳам, дўсти ва душманлари ҳам бир бўлган. Айни шундай, бизнинг ахлоқий қадриятларимиз ҳам деярли бир хил.
Қолаверса, кейинги 5–6 йиллар мобайнида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги авваллари турли сабаблар натижасида ёпилган “темир дарвозалар”нинг очилиши, ушбу мамлакатлар орасидаги ўзаро ишонч, ҳамжиҳатлик ва барча соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳам бўйига, ҳам энига кенгайиб, чуқурлашиб бориши ижтимоий-гуманитар жабҳадаги алоқаларни янада кенгайтиришни талаб этмоқда. Буларнинг бариси, шубҳасиз, минг йиллар мобайнида битта макон ва замонда шаклланган халқларимиз ахлоқий қадриятларига, тарбия тизимига ҳам бевосита тегишлидир. Бас, шундай экан, бугун бу халқлар миллий ахлоқи ижтимоий мазмунга эга бўлмоқда, халқларимиз ва давлатларимизни умумий манфаатлар йўлида бир-бирига яқинлаштирмоқда.
Шахснинг тўлиқ шаклланиши унинг ахлоқийлик даражаси билан боғлиқ. Ахлоқийлик эса ҳар бир инсоннинг ўзи ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятга нисбатан муносабатида акс этади. Ахлоқийликнинг айрим кўринишлари инсоннинг ташқи ҳаракатларида намоён бўлса-да, айни пайтда, унинг том маънодаги ахлоқий сифатлари индивиднинг ички руҳиятида макон топади. Шунинг учун ҳам ахлоқийлик ҳар биримизнинг ички, ботиний ҳаётимизда яшайди. Ана шундай сифатлар асосида биз тарбия топамиз, ўзимизни ислоҳ қилишга эҳтиёж сезамиз, пировард натижада реал ҳаёт ва ахлоқий идеал ўртасидаги чегараларни қисқартирамиз.
Ижтимой ахлоқ эса жамият ижтимоий-маънавий, ғоявий-мафкуравий муҳитини соғломлаштиради, кишиларни умуммиллий мақсадларни бажаришга сафарбар этади. Кишилар ўртасидаги турли муносабатларни мувофиқлаштириш, жамият аъзолари амалий фаолиятини соғлом, инсонпарварлик, ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган қадриятлар билан безайдиган куч ҳам ижтимоий ахлоқдир.
Шу маънода биз нимани ютсак ижтимоий ахлоқ туфайли ютамиз, нимани бой берсак, у ҳам ижтимоий ахлоқ нормаларига беэътиборлигимиз натижасида содир бўлади. Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ахлоқ, хусусан, ижтимоий ахлоқ масаласига жиддий эътибор берилиши мамлакат ва миллат тақдирида алоҳида ўрин эгаллашидан даракдир.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор