Жорий йилнинг 13 декабрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Даниянинг Копенгаген консенсус маркази билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ижтимоий-иқтисодий соҳага оид белгиланган асосий мақсадлар ва кўрсаткичлар” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ва бошқа ташкилотлар мутахассислари иштирок этишди.
Маълумот ўрнида айтиш муҳимки, Копенгаген консенсус маркази 2006 йилда Дания давлатининг молиявий кўмагида ташкил этилган нуфузли таҳлил маркази бўлиб, атроф-муҳит соҳасидаги тадқиқотлар бўйича дунёдаги энг яхши ўнта таҳлил марказларидан бири ҳисобланади. Копенгаген консенсус маркази, шунингдек, глобал муаммолар масалаларида тадқиқотлар олиб боради ҳамда миллий тараққиёт дастурларини амалга оширишда манбаларни самарали ва мақсадли йўналтириш бўйича ҳукуматларга таклифлар ишлаб чиқади.
2022 йилда “Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Швецияга ташрифи доирасида Копенгаген консенсус маркази билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, мазкур марказ мутахассислари томонидан 2022 – 2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг учинчи устувор йўналиши бўйича мақсадларнинг амалга оширилиши самарадорлигини ўрганиш бўйича харажат ва фойда услубида тадқиқотлар олиб борилди.
Тадбир аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўзга чиқиб иштирокчиларни Копенгаген консенсус маркази экспертлари томонидан олиб борилган Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларига оид илмий тадқиқот ишининг мақсади ва моҳияти билан таништирди.
Шу билан бирга, давра суҳбатида Копенгаген консенсус маркази президенти Берн Ломборг мазкур тадқиқот натижаларини эълон қилиб, Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ижобий натижаларга эришилаётганлигини таъкидлади. Хусусан, рақамлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган сармоялар ҳаражат ва фойда жиҳатидан энг самарали соҳалардан эканлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, халқаро давра суҳбати доирасида Копенгаген консенсус маркази экспертлари билан тадқиқот иши натижаларининг очиқ муҳокамаси ҳам ташкил этилди, бу эса барча иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш имконини берди.