Қайд этилишича шу йилнинг 4 январь куни ушбу монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси рамзининг асосини “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” тимсоли сифатида “Янги Ўзбекистон” боғидаги Мустақиллик монументи сиймоси ташкил этади. Рамзда акс этган Мустақиллик монументи мамлакатимиз тарихи, бугунги куни ва келажакнинг ўзаро уйғунлиги ифодаси сифатида талқин этилса, унинг юксакликка бўйлаши негизида халқимизнинг бирлиги ва бирдамлиги, мамлакатимизнинг дунё давлатлари билан ҳамжиҳатлиги, тинчликсевар сиёсати мужассамлашган. Шунингдек, юқорига интилган чизиқлар динамикасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг бешта устувор йўналиши ва унда белгиланган 100 та мақсадни тўлиқ ҳамда муваффақиятли амалга ошириш эзгу ғояси мавжуд.
Унинг юқори қисмида бахт-саодат, ҳуррият ва тинчлик тимсоли ҳисобланган қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. У қадим, уч минг йилдан зиёд давлатчилик тажрибасига эга, шу билан бирга, навқирон, орзу-мақсадлари катта, қонида эрксеварлик туйғулари жўш ураётган, меҳнатсевар ва олийжаноб халқига таянадиган давлат тимсоли сифатида гавдаланган. Ҳумо қушга туташ устунлар эса инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллий ва умуминсоний қадриятлар, таълим ва тарбия, давлат ва жамият мувозанатининг ифодаси сифатида тасвирланган.
Стратегия рамзида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида қоида сифатида белгиланган “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг мажозий нишонаси сифатида учбурчак шакл элементидан фойдаланилган. У фаол ислоҳотларни амалга ошириш даврида аҳолининг барча қатламларини муҳофазалаш, улар учун тенг имкониятлар яратиш, айниқса, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам доимо давлат олдидаги устувор вазифа эканлигининг тамал тошидир.