Вояга етмаганлар томонидан содир этилган безорилик жиноятларини олдини олиш чоралари

    Кейинги авлод 28 август 2025 802

    Бугунги кунда ёш авлоднинг маънавий тарбияси ва ижтимоий онгини шакллантириш масаласи нафақат оила, балки бутун жамият олдида турган муҳим вазифалардан биридир.

    Айниқса, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган турли жиноятлар, хусусан, безорилик ҳолатлари бу соҳадаги ишларимизни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу борада шундай деган эдилар:“Ёшларни оғу ва жиноятдан асраш, уларни жамиятнинг фаол ва фойдали аъзосига айлантириш – энг муҳим вазифамиз бўлиб қолмоқда.”

    Ушбу фикрлардан келиб чиқиб, жамиятдаги ҳар бир фуқаро, айниқса, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ота-оналар ёшларнинг жиноятчиликдан йироқ бўлиши учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишлари шарт.

    Безорилик жинояти бу жамиятда тартибни бузиш, одоб-аҳлоқ меъёрларига зид равишда ҳаракат қилиш, бошқаларнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш ҳисобланади. Вояга етмаганлар орасида бундай ҳолатларнинг кўпайиши нафақат уларнинг келажагига, балки жамият барқарорлигига ҳам таҳдид солади.

    Бу каби жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:

    Оилавий муҳитнинг носоғлом бўлиши – Ота-оналар орасидаги келишмовчилик, эътиборсизлик, зўравонлик муҳитида ўсган бола агрессив ва ҳимоясиз бўлади. Бу эса уни жиноятга мойил қилади. Баъзан болалар ўз қилмишларини ўзига эътибор жалб қилиш воситаси деб билади.

    Таълим муассасаларида назоратнинг сустлиги – Ўқитувчилар ўқувчиларнинг ички дунёсига бефарқ бўлса, болада ўзини кераксиздеб ҳис қилиш ҳолати пайдо бўлади. Бу эса безорилик орқали ўзини кўрсатишга уриниш билан тугаши мумкин.

    Ёшлар орасидаги гуруҳбозлик ва салбий таъсирлар – Дўстлар таъсири остида ёмон одатларга берилиш, айниқса ўғил болалар орасида “мендан эркак чиқади” деб нотўғри хатти-ҳаракатлар қилиш ҳолатлари кўп учрайди.

    Ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида зўравонликни тарғиб қилувчи контент – Баъзи видеоблоглар, фильмлар ва челленжлар ёшларда зўравонликни оддий ҳол сифатида қабул қилишга олиб келмоқда.

    Ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини кўриб чиқсак.
    Финляндия: “Маданий тарбия” дастури Фин мактабларида ёшлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш учун “Restorative justice” (тутумли ярашув) тизими амалда. Низога сабаб бўлган ҳар икки томон мулоқот орқали келишувга эришади. "Биз жазоламаймиз, биз тинглаймиз ва тушунамиз" – Финляндия Таълим вазирлиги.

    Япония давлати: “Шахсий масъулият” тарбияси мактабларда болаларга болалигиданоқ жамият олдида жавобгарлик ҳисси уйғотилади. Ҳар бир ҳолат учун улар масъулиятни ўз зиммасига олади. "Жамиятга хизмат қилишни ўрганмаган бола эртага жамият учун таҳдидга айланади." – Япония психология институти.

    Германия давлати: "Streetworker" дастури мутахассислар
    тўғридан-тўғри кўчаларда, интернетда, кафе ва марказларда жиноятга мойил ёшлар билан ишлайди. Улар шахсий маслаҳат, таълимга қайтиш ёки ишга жойлашишга ёрдам беради."Биз ёшлар орқали келажакни даволаймиз." – Германия Ички ишлар вазирлиги.

    Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасида бу муаммога қарши курашиш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

    Хусусан, Мактаб ва коллежларда “Низоларниҳал қилиш фанини жорий этиш. Бу дарслар,ёшларга жанжалсиз муомала қилиш, тўғри мулоқот олиб бориш, эмпатия ва кечириш қобилиятини ривожлантиради. Швецияда мактаб ўқувчилари учун “эмоционал интеллект” машғулотлари мажбурий ҳисобланади ва бу болаларда агрессия даражасини 30% га пасайтирган. Шунингдек, мактаб ва коллежларда ҳуқуқий маданиятни ошириш, бунда ҳар ойда вояга етмаганлар учун “Ҳуқуқий соат”лар ташкил этилиб,
    ИИО, суд ва прокуратура ходимлари иштирокида жиноятнинг оқибати, жазо чоралари тўғрисида аниқ мисоллар асосида тушунтириш берилиши керак. Интерактив ўйинлар, симуляция асосидаги машғулотлар орқали жиноят
    ва унинг оқибатлари ҳақида реал тасаввур уйғотиш лозим. Ота-оналар учун “Масъулиятли ота-она” дастурини йўлга қўйиш – Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги роли, улар билан мулоқот маданияти бўйича доимий тренинглар ўтказиш. Канадада "Positive Parenting Program" (Triple P) дастури ота-оналарни болалар билан мулоқот қилишга ўргатиб, жиноятчиликни камайтиришга ҳисса қўшган.

    Бундан ташқари, таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини кучайтириш, ҳар бир мактаб ва коллежда тажрибали психолог ишлаши шарт. Психологлар профилактика, эртадиагностика, агрессияни назорат қилиш ва фойдалимашғулотлар билан шуғулланиш орқали ёшларнихатардан асрайди.– Гапиришни истамайдиганёшлар учун аноним "психологик қути" тизимижорий қилиниши мумкин.

    Шунингдек, ота-оналар билан яқин ҳамкорлик ва маслаҳат тизимини кучайтириш,ота-оналарни фарзанд тарбиясида фаол иштирок эттириш мақсадида, ҳар ойда "Ота-оналар мактаби" семинарлари ўтказилиши лозим.Масъулиятсизлик ҳолларида ота-оналарга нисбатан маъмурий чоралар қўллаш масаласи ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

    Ёшлар учун бандлик ва қизиқишни уйғотувчи платформалар яратиш, спорт тўгараклари, робототехника, IT, театр студиялари каби машғулотлар ҳар бир туманда очилиши зарур.Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш орқали уларни салбий таъсирдан сақлаш мумкин.

    Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, вояга етмаганлар орасида безорилик жиноятларининг олдини олишда ҳам давлат, ҳам оила, ҳам таълим муассасалари, ҳам жамоатчилик фаол иштирок этиши шарт. Ҳар бир бола бизнинг эртамиз экани, унинг тақдиридаги хатолар бутун жамиятга таъсир кўрсатиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

    Абдурауф Абдурашидов,

    Тошкент давлат юридик университети

    Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедрасиўқитувчиси