Самарқанд шаҳар 35-мактаби ўқувчилари Самир Усманов ва Азимхон Акрамовлар дунёга машҳур MM Group халқаро таълим консорсиуми томонидан технология таълимни кенг ёйишга, замонавий технологик ечимлар орқали STEM ва хорижий тилларни ўрганишга қўшган ҳиссаси учун "EduTech–2025" нуфузли халқаро мукофоти билан тақдирланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил бошида мамлакатимизда олий таълимни ривожлантириш бўйича ўтказган селектор йиғиишида таълимни технологик трансформация қилиш, замонавий ҳамда илғор методикаларни жорий қилишни алоҳида таъкидлаган эди.
Мана шундай эътибор натижасида давлат ва нодавлат таълим муассасаларида замонавий технологиялар асосида ўқитиш, таълим стандартларини халқаро андозалар асосида трансформация қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Самарқандлик мактаб ўқувчилари 2025 йилда яратилган Key Links таълим платформасини Марказий Осиёда биринчи бўлиб ўзбек ўқувчилари учун тақдим этишди. Мазкур таълим платформаси ўз ичига компьютер ўйинлари (gamification) орқали болаларнинг академик саводхонлигини ошириш учун яратилган. Эндиликда Key Links платформаси ўзбек ўқувчиларга STEM ва хорижий тилларни замонавий технологик ечимлар орқали ўрганиш имконини беради.
Ўқувчиларга мазкур мукофотни олишда илмий раҳбарлик қилган халқаро эксперт Мухаммадхон Солиев айтишича, олдинлари халқаро платформалар бизга 3–5 йил ўтибгина кириб келар ва технологик таълимни татбиқ қилиш бўйича мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятидан орқада эди. Ҳозирги кунда ёшларимиз дунёнинг нариги чеккасида яратилган дастурий таъминот ёки платформаларни ўша пайтнинг ўзида жорий этмоқдалар. Азимхон ва Самир ҳам айнан мана шундай жонбозлик кўрсатгани учун платформа яратувчилари томонидан нуфузли "EduTech–2025" мукофотини ҳақли қўлга киритишди.







