Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ишлар кўлами тобора ортиб бордики, самараси ҳам узоқ куттирмади. Энг асосийси, жараён изчиллик билан давом этмоқда.
Маълумотларига кўра, мамлакатимизда олий таълим билан қамров кўрсаткичи 42 фоизга етган. Мазкур рақам кейинги йилларда, айниқса, яққол сезилмоқда. Олий таълим юртимиз тараққиётининг таянч кучи сифатида намоён бўлиб, ёшларнинг илмга, билимга, тил ўрганишга, хорижнинг етакчи олийгоҳларида таҳсил олишга иштиёқи ошмоқда.
Албатта, шароит бор жойда интилиш, изланиш бўлади. Бугун янги Ўзбекистон ёшлари ана шундай имкониятга эга. Ўқиш, ўрганиш йўллари улар учун доим очиқ. Бу давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида соҳани ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари аниқ белгилаб берилган. Ушбу вазифалар ижроси замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрловчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, олий таълимни модернизациялашга, илғор таълим технологияларини татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Бухоро давлат университети жамоаси ҳам илмий салоҳиятни ошириш, ўқув жараёнига илғор технологияларни жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали ислоҳотларга муносиб бўлишга ҳаракат қилмоқда. Жамоамиз учун май ойи, айниқса, самарали кечди. Гап шундаки, 28–29 май кунлари Андижон давлат университетида Ўзбекистон ва Озарбайжон олий таълим муассасалари форумида иштирок этдик. “Ўзбекистон – Озарбайжон: олий таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида ўтказилган форум Ўзбекистон ва Озарбайжон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг кўзга кўринган олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди. Улар олий таълимдаги устувор йўналишлар, илмий тадқиқот соҳасидаги ҳамкорлик ва талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллигини кенгайтириш бўйича фикр алмашдик.
Форумнинг биз учун муҳим воқеаси — Бухоро давлат университети ва Озарбайжоннинг қатор етакчи олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Жумладан, Боку олий нефть мактаби ўртасида имзоланган меморандум асосида халқаро академик мобиллик дастурлари доирасида талабалар алмашинуви ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети, Ленкаран давлат университети ва Озарбайжон давлат маданият ва санъат университетлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Ушбу шартномалар таълим соҳасида қўшма дастурларни (Double Degree) жорий этиш, Erasmus+ лойиҳаларида ҳамкорликда қатнашиш, шунингдек, илмий изланувчилар ва профессор-ўқитувчилар учун академик алмашинувни йўлга қўйиш каби муҳим масалаларни ўз ичига олади.
Ҳамкорларимиз соҳада ўзига хос салоҳиятга эга. Хусусан, 1930 йилда ташкил этилган Озарбайжон давлат иқтисодиёт университети (ODIU)да 10 та факультет мавжуд ва уларда 18 мингга яқин талаба таҳсил олади.
Ленкаран давлат университети нисбатан ёш: 1991 йилда асос солинган. Ўқув даргоҳида ҳозирги кунда 1500 дан зиёд бакалавр ва 100 га яқин магистр таҳсил олади. 250 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритади, уларнинг 150 нафари фан номзоди.
Озарбайжон давлат маданият ва санъат университети (ASUCA) 1923 йилда ташкил топган бўлиб, у мамлакатдаги энг йирик ва нуфузли санъат муассасаларидан бири саналади.
БухДУнинг мазкур ташаббуслари халқаро майдонда унинг нуфузини янада ошириш, талабаларга сифатли таълим имкониятларини яратиш ҳамда профессор-ўқитувчилар учун илмий изланишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Умуман олганда, кейинги йилларда университетимизда илмий-тадқиқот олиб бориш истагида бўлган хорижликлар сони ва географияси кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда Хитой, Туркия ва бошқа мамлакатлардан тадқиқотчилар университетимизда илмий изланиш қилмоқда.
2024 йилда малака ошириш ва илмий стажировкалардан ўтиш мақсадида 120 марта хорижий сафар амалга оширилган бўлса, уларнинг аксарияти жаҳон рейтингларида юқори 1000 таликка кирувчи олий таълим муассасаларида ташкил этилди.
Талабаларнинг касбий малакасини ошириш, замон талаблари асосида илғор технологиялар билан таништириш мақсадида йўлга қўйилган хорижда амалиёт ўташ ва таълим олиш дастурларида 136 талаба иштирок этди.
Дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан келиб, университетимизда дарс ўтган, шунингдек, иш фаолиятини юритган хорижлик мутахассислар сони 51 нафарни ташкил этди.
Амалдаги шартнома ва келишувлар сони 240 дан ортиқни ташкил этади. Айни пайтда 219 талабамиз 6 та қўшма таълим дастурида таълим олмоқда. Ўтган йилги халқаро лойиҳалар сони 17 та бўлиб, улардан тушган маблағ 2 миллиард сўмдан ошиқни ташкил этади.
Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастури доирасида олий таълимда салоҳиятни ошириш йўналишидаги лойиҳаларнинг 2024 йилги танловида БухДУ иштирокида 3 та лойиҳа танлаб олиниб, университетимиз ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистонда биринчи ўринни эгаллади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси танловларида 6 нафар номзод стипендиат деб топилиб, ушбу кўрсаткич бўйича ҳам республикамизда юқори ўринлардан бирини эгалладик.
Гринметрикс халқаро рейтинг тизимида университетимиз миллий координатор ҳисобланиб, 2024 йил натижаларига кўра, жаҳон рейтингида 447-ўринни эгалладик. Шунингдек, ҳозир нуфузли QS рейтингида Осиёнинг энг кучли 1000 та университети рейтингига кирганмиз. Буларнинг бари мамлакатимизда олий таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасидир.
Обиджон ҲАМИДОВ,
иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор
Ҳамкорлик материали








