Wizz Air авиакомпанияси Ўзбекистон шаҳарларига парвозлари географиясини кенгайтиради

    Транспорт 28 апрел 2023 1625

    Тошкентда «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Джураева ва Wizz Air Group компанияси президенти Роберт Кери ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.

    Учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид қатор масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, Wizz Air авиакомпаниясининг Ўзбекистон шаҳарларига парвозлари географиясини кенгайтириш ва Тошкентга парвозлар частотасини ошириш, Европа давлатларига янги йўналишларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди, деб хабар беради «Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти матбуот хизмати.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойидан бошлаб Венгриянинг WizzAir loukoster авиакомпанияси биринчи марта Самарқандга мунтазам парвозларни амалга ошира бошлаган эди. Жорий йил январь ойидан бошлаб авиаташувчи Абу-Даби ва Тошкентни тўғридан-тўғри рейслар билан боғлади.