Халқ билан мулоқот – қалб билан мулоқот

    Ижтимоий ҳаёт 3 март 2021 4068

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхоналарига 2020 йилда 18 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 11 мингдан ортиғи қаноатлантирилган, 5 ярим мингтасига эса тушунтиришлар берилган.

    Жорий йилнинг шу даврига қадар эса 3 887 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг ярмидан кўпи қаноатлантирилган, 687 тасига тушунтириш берилган, қолган 1 минг 826 таси ҳозир кўриб чиқиш жараёнида.

    Аниқ мисолларга ўтсак. Каттақўрғон тумани – Самарқанд вилоятининг олис ва чекка ҳудудларидан саналади. Туманда Халқ қабулхонаси, сектор раҳбарлари ҳамкорлигида аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини тизимли ўрганиш ва уни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Кадан-Оқтепа автомобиль йўли Каттақўрғон туманини Иштихон тумани билан боғлайди. Афсуски узоқ йиллар мазкур йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолгани боис қишда лой, ёзда эса чанг тўзон бўлиб кетар эди. Бу эса нафақат ҳайдовчилар учун, балки аҳоли учун ҳам катта қийинчиликларни келтириб чиқарарди. Ҳаттоки, ушбу йўлда пиёдалар йўлакчаларининг йўқлиги сабаб аҳоли йўлнинг қатнов қисмидан ҳаракатланишга мажбур бўларди. Ҳудуд аҳолисининг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатидан сўнг, мазкур йўлда таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Ҳозирда йўл 6 метрдан 8 метрга кенгайтирилиб, ариқларга бетон лотоклар ўрнатилмоқда. Айни пайтгача йўлнинг 8 километрига асфалт қопламаси ётқизилди.

    “Мундиён” маҳалласи Каттақўрғон туманининг аҳолиси энг кўп ҳудудларидан саналади. Шу вақтга қадар мундиёнликларни қишлоқда мактабгача таълим ташкилотининг йўқлиги масаласи қийнаб келарди. Улар ҳам фарзандларини боғчага боришини, билим олишини, спорт билан шуғулланишини исташар эди. Мурожаатдан сўнг маҳаллада давлат хусусий шерикчилик асосида янги ва замонавий мактабгача таълим ташкилоти қуриб битказилди. Айни пайтда бу ерда 120 нафар болажонларимиз таълим-тарбия олишмоқда. Шаҳарникидан асло қолишмайдиган, барча шарт шароитларга эга боғчанинг ташкил қилинишидан қишлоқ аҳолиси мамнун. Муҳими, бу ерда 20 га яқин янги иш ўринлари яратилиб, опа-сингилларимиз ишли бўлишди.

    Туманнинг “Жавлон” маҳалласи аҳолисини эса электр энергия таъминоти билан боғлиқ муаммо қийнаб келар эди. Гап шундаки, маҳаллада аҳоли сонини ошиши сабабли ўрнатилган эски трансфарматорнинг қуввати етишмай, электр энергиясидаги узилишларни келтириб чиқараётган эди. Фуқароларнинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаатидан сўнг, ушбу маҳаллада қўшимча равишда янги трансфарматор ўрнатилди ҳамда 350 метр узунликда янги тармоқ тортилди. Бунинг натижасида эса ҳудуддаги 60 та хонадонни узлуксиз энергия билан таъминлаш имконияти яратилди.

    Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги амалий натижаларни тоғли Ургут тумани мисолида давом эттирамиз. Ургут туманининг “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи тадбиркор Ўктам Бобоев ўз тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида ҳамда зарур хом ашё сотиб олиш учун кредит олиш мақсадида банкка мурожаат қилади. Аммо унинг мурожаати ортга сурилиб келаётганилиги боис, у ўтказилган сайёр қабулда айни шу масалада амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилади. Унга 100 млн сўмлик кредит ажратиб берилди.

    “Ғўслик” маҳалласи Ургут туманининг 4-сектор ҳудудида жойлашган. Мазкур маҳаллада яшовчи Дилором Тошкентбоева ҳам сектор раҳбари ва Халқ қабулхонасига тикувчлик цехи ташкил этиш, бунинг учун эса тикув машиналари харид қилиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилади. Унинг мурожаатидан сўнг унга кредит олишда ёрдам кўрсатилди ҳамда тикув машинлари олиниб, 6 нафар “Темир дафтар” да турган аёллар бандлиги таъминланди.

    Бугун Халқ қабулхоналари кўпроқ фуқаролар билан уйма-уй юриб, сайёр тартибда мурожаатларни ўрганиши натижасида кўплаб муаммолар сектор раҳбарлари иштирокида шу ернинг ўзида ечим топмоқда. Энг аввало, мутасадди ташкилот ва идораларнинг мурожаатларни кўриб чиқишида шахсий масъулияти оширилди, муаммолар амалда ҳал этишига қараб улар фаолиятига баҳо берилиши - бу нақадар самарали тизим эканлигини ҳаётнинг ўзи амалий тасдиқлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates