Халқ дардини ўзиники деб билганлар эл меҳрини қозонади

    Яқин-яқингача маҳалла раисининг асосий вазифаси аҳолига маълумотнома бериш-у, маҳаллада ўтадиган тўй-маъракага бош бўлиб, назорат қилишдан иборат эди. Бугун-чи? 

    Сўнгги йилларда уларнинг вазифаси ҳам, масъулияти ҳам тубдан ўзгарди. Шунга яраша обрў-эътибори ҳам ортиб боряпти. Энди хонадонлардаги қувончу қайғуга шерикликдан ташқари, одамларнинг қандай яшаётгани, уларни қийнаётган муаммолар, иш билан таъминлаш, боқувчисини йўқотган ёки кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш, уй-жойини таъмирлаш каби масалаларда ҳам маҳалланинг кўмагига эҳтиёж бор. Бир сўз билан айтганда, маҳалла жамиятнинг “жон томири”га айланди. Жойларда айрим иқтисодий камчилик ва тўсиқларни бартараф қилишда, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга ҳар томонлама кўмак беришда, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган фуқароларнинг бандлигини таъминлашда ҳам маҳалланинг ўрни ва нуфузи ортиб бораётгани бор гап.

    Қаловини топса, қор ҳам ёнар

    Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Шоштепа маҳалласи фақат кўп қаватли уйлардан иборат. 12 та 5 қаватли, 4 та 9 қаватли уйда жами 5539 киши истиқомат қилади. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, уйғур, озарбайжон, тожик, афғон, рус, татар, украин, корейс каби миллат вакиллари бир оила аъзоларидек ҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг мақсадлари бир, ниятлари ўхшаш. Барчаси шу юрт, шу маҳалла ободлиги, тинчлиги учун ўзини масъул ҳисоблайди.

    Маҳалла муҳити кўп жиҳатдан одамларга бошқош бўлаётган маҳалла раиси ва фаолларининг фаолиятига боғлиқ. 2016 йилда маҳаллага аввал қурилиш соҳасида фаолият кўрсатиб келган Алишер Юнусов раис этиб сайланди. Дастлаб ишни нимадан бошлашни, айни қайси жиҳатга эътибор қаратишни билмай боши қотган раисга маҳалла фаоллари кўмакка келди. Аввал маҳалланинг молиявий аҳволини ўнглашга келишилди. Ҳомийлар жалб этилди. Шу тариқа ҳар бир муаммо бирма-бир ўз ечимини топиб бормоқда. Аҳоли раиснинг ишидан мамнун, шунинг учун 2019 йилги сайловда уни бегона қилишмади, қайта сайлашди.

    Ҳудуд кўп қаватли уйлардан иборат бўлгани боис, бу ерда иссиқхона ёки томорқа орқали тадбиркорлик қилиб бўлмайди. Демак, одамларнинг ўзини ўзи банд қилиши учун бошқа чора топиш даркор. Маҳалла раиси бунинг йўлини топди.

    — Бугунги замон кечаги эмас. Одамлар ҳаракат қиляпти. Бир жойдан даромад топаётган оила яна қўшимча даромад топишга интиляпти. Ҳаракатда барака борлигини тушуниб қолдик, — дейди “Шоштепа” МФЙ раиси Алишер Юнусов. — Давлатимиз раҳбари тинмай ишлагач, одамларнинг руҳини кўтаргач, ишонч бергач, халқ ҳам шунга яраша уйғонди. Ҳар биримиз тадбиркор бўлишга, жамиятда ўрнимизни топишга, бир-биримизга кўмак қўлини чўзишга ҳаракат қиляпмиз. Беш қўл баробар эмас. Минг интилгани билан ўзини тиклаб олишга қийналаётган оилалар ҳам бор. Уларнинг қаддини давлат кўтаряпти, молиявий ва маънавий кўмак беряпти. Биз бу юмушларга кўмакчи сифатида Президентимизга бақамти ишлаяпмиз. Маҳалла фаоллари, раис ёрдамчилари — барчамиз бирлашиб, маҳалламизни ўзгартиришга эришяпмиз. Жорий йил бошида давлатимиз раҳбари Янгибоғ маҳалласида туманимиздаги маҳаллалар фаоллари билан учрашди. Шавкат Мирзиёев мазкур учрашувда маҳаллалар иқтисоди ўзгариши кераклигини таъкидлади. Шунда кўп қаватли уйлардан иборат маҳаллалар қандай йўл тутаркинмиз, деб ўйладик. Маҳаллага тадбиркорлик субъектларини жалб этиш орқали масалага ечим топдик.

    Қибрай туманида тадбиркорлик билан шуғулланаётган Фарҳод Ҳасанов — маҳалладошимиз. Биз Фарҳоджонни ҳамкорликка чақирдик. Тадбиркор укамиз бу ерда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Айни пайтда цехда турли печенье маҳсулотлари тайёрланиб, халқимиз дас турхонига тортиқ этилаётир. Энг муҳими 20 га яқин киши, хусусан, ёшлар иш билан таъминланди. Улар орасида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар ҳам бор.

    Бугун мазкур цехда кунига 1-1,2 тоннагача маҳсулот чиқариляпти. Маҳсулотлар харидоргир. Ишчилар меҳнатига яраша ҳақ олади. Ҳар ой ишчиларда маҳалладан чиқмай 1,5 миллиондан 3 миллион сўмгача маош олиш имкони бор.

    — Олдимизга қўйган мақсадларимиз бисёр, режаларимиз катта. Ишимизни кенгайтириш орқали ҳам ўзимизга, ҳам аҳолига фойда келтирмоқчимиз, — дейди Фарҳод Ҳасанов.

    Ташландиқ жой ўрнида ўқув маркази қад ростлади

    Шоштепа маҳалласи Тошкент шаҳрининг энг чекка ҳудуди. Маҳаллани Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан автомагистрал йўл ажратиб туради. Ёшларнинг тил ва ҳунар ўрганиши учун яқин-яқингача шароит йўқ эди. Яна тадбиркорлар жалб этилди. 2018 йили маҳалла раиси ташаббуси билан ташландиқ бино — эски дўкон ўрнида ўқув маркази қад ростлади. Қўшимча хоналарга эҳтиёж сезилгани боис, пандемия пайтида кенгайтирилди. Новвойхона, стоматология хонаси, сартарошхона, қассобхона, сут-қатиқ маҳсулотлари ва хўжалик моллари сотиладиган дўконлар қаторида “Осиё билим” ўқув марказининг очилиши маҳалла аҳлини, жумладан, ёшларни қувонтирди. Маҳалладан 17 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

    Марказда айни пайтда ўзбек тили ва адабиёти, рус, инглиз, араб, хитой, корейс тиллари, бухгалтерия сабоқлари, ментал арифметика, болалар учун мактабга тайёрлов, шахмат ва шашка, тасвирий санъат, мусиқа ва рақс каби курслар фаолият юритяпти. Камола Ваҳобова, Феруза Аҳмедова, Лариса Ким, Шаҳзода Юнусова каби маҳоратли педагоглар 200 дан ортиқ ўқувчига билим бермоқда.

    — Ўқув марказимиз иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ, лекин ўз ўқувчиларини топди. Маҳалла ёшлари илмга чанқоқ, бир гуруҳнинг курси тугамасдан навбатдаги гуруҳ шаклланиб бўлади. Бунда, албатта, маҳалланинг эътибори ва қўллаб-қувватлаши бизга куч беряпти, — дейди ўқув маркази директори Нилуфар Юсупова. — “Ёшлар бекор юрмасин, ўқисин, келажакда эл корига ярайдиган одамлар бўлсин. Ёшларга энг катта яхшилик — уларнинг таълим-тарбиясига эътибор қаратиш”, — дейди маҳалла раиси. Шунга яраша ҳаракат қиляпмиз. Маҳалладаги кам т аъминланган оилалардан 16 ўқувчи маҳалла тавсияси билан текин таълим олади. Шунингдек, айрим ўқувчилар мактабдан чиқиб, бизга ўқишга келгач, ота-оналари ишлагани боис, бўш қолади. Баъзан ота- она ўз вақтида олиб кетолмайди. Шундай вазият учун ҳам уларга шароит қилиб қўйганмиз. Иккита хонамиз бўш, машғулотдан чиққач, истаса бошқа машғулотларга кириши, чарчаса дам олиши ёки мактабдан берилган вазифаларни бажариб ўтириши мумкин. Бунда бола фақат битта — ўзи қатнашадиган асосий машғулотга пул тўлайди, холос. Кўчада қаровсиз қолгандан кўра, назоратимизда бўлгани барчамизга яхши.

    Шу маҳаллада яшовчи Холида опанинг айтишича, унинг икки фарзанди “Осиё билим” ўқув маркази ўқувчиси. Абдураҳмон дастлаб мактабга тайёрлов гуруҳига келганди, эндиликда араб тилини ўрганяпти. Ҳузайфа эса рус тили, математика ва араб тили машғулотларига қатнашади. Бир оиладан икки ёки ундан ортиқ ўқувчи учун имтиёз берилади.

    “Аёллар дафтари”дан чиққан аёл оиласида ҳаёт ўзгарди

    “Аёллар дафтари” мамлакатимиздаги ижтимоий, иқтисодий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда назорат олиб боришда қулай ва янги тизим бўлди.

    Шоштепа маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳло Қудратиллаеванинг турмуш ўртоғи ўтган йили айни пандемия пайти вафот этди. Оиладаги тўрт ўғил ёлғиз онанинг гарданида қолди. Уларнинг қорнини тўқлаш, устини бутлаш, таълим-тарбиясини назорат қилиш бирор жойда ишламайдиган Шаҳло опага, табиийки, оғирлик қилди. Шундоқ ҳам кунлари амал-тақал ўтаётган оила учун оғир кунлар бошланди. Боз устига, олий ўқув юртига имтиҳон топширган тўнғич ўғил — Жавлон контрактга тушиб қолди. Онаси фарзандининг университетда ўқиши, келажаги учун қарз-ҳавола кўтарди. Йиққани — етмади. “Ойи, келаси йили яхши тайёргарлик кўриб, қайта топшираман”, деди Жавлон. Шаҳло опа рўзғорга ёрдамлашаман, деб ўқишга тайёргарлик кўришга ҳафсала қилмайди, деган хавотирда унинг раъйини қайтарди. “Амаллаб тўлаймиз”, деди. Бироқ маҳалланинг “кўзи” бор. Дарҳол кўмакка келишди. Шаҳло Қудратил лаева “Аёллар дафтари”га киритилди. Тез кунда 100 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилиб, уй мукаммал таъмирланди. Мебель ва жиҳозлар келтирилди. Хонадон кўркам қиёфага кирди. Жавлоннинг бир йиллик контракт пули ҳам тўланди.

    — Тошкент давлат транспорт университетига контракт асосида ўқишга кирдим, — дейди Жавлон Баҳодиров. — Ўқимоқчи эмасдим, рўзғорни тебратиш онамга оғирлик қилишини биламан, мустақил ишлаб, кўмак бермоқчи эдим. Бироқ маҳалла ёрдами билан бир йиллик контракт тўлаб берилгач, ўқишни бошладим. Бу йил эса ёзи билан ишлаб, контрактим учун маблағ йиғмоқчиман. Қолаверса, укам ҳам институтга ҳужжат тайёрлаяпти. Унинг тайёргарлиги пухта, насиб қилса, давлат гранти асосида ўқимоқчи. Вақти келиб, бизга давлатимиз ва маҳалла томонидан кўрсатилаётган ёрдамни оқлаймиз — жамият корига ярайдиган кадр бўлиб етишишга ҳаракат қиламиз.

    Маҳалла раиси ўринбосари Матлуба Набихонованинг айтишича, Жавлон Баҳодиров “Ёшлар дафтари”га киритилади. Шу орқали унга яна кўмак бериш мумкин.

    Шаҳло опа эса, бозорга хамир маҳсулотлари тайёрлаб сотишни йўлга қўйди. Унга юмушларни бажаришда ўғиллари ёрдам беради. Онасининг улар учун астойдил ҳаракат қилаётганини ҳис этишади. Ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади, йигитлар ўқиб, бирор ишнинг бошини тутса, оила даромадга киради. Бугун эса маҳалла оиланинг оёққа туриб олишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

    Маҳаллада қурилиш ишлари жадал

    Маҳалла ҳудуди обод бўлса, аҳоли кайфияти ҳам шунга монанд бўлади. Тоза ва обод жойда яшаш, ишлаш одамлар кайфиятини кўтаради. Уларнинг ҳаётида ўзгаришлар ясайди.

    Шоштепа маҳалласи бу борада ҳам бошқаларга ўрнак бўларли. Анча йиллар эгасиз қолган маҳалла идораси янги бинога эга бўлди. Замонавий, қулай шароитларга эга бино маҳалла аҳолиси учун кечаю кундуз хизматга шай. Айни пайтда мономарказ, саломатлик йўлаги қуриляпти, ҳудуддаги 555-мактабгача таълим ташкилоти таъмирланяпти.

    Биз маҳалла идораси рўпарасида жойлашган МТТ да қилинаётган ишлар билан танишиш учун муассасага кирдик. Маҳалла раиси Алишер Юнусов қурилиш соҳасининг одами эмасми, ишнинг бошида ўзи турибди.

    — Муассасамиз 1986 йили, ҳудуддаги кўп қаватли уйлар қад ростлаганида қурилиб, фойдаланишга топширилган, — дейди муассаса директори Зулфия Жалолова. — 420 ўринга мўлжалланган бинода 428 нафар бола ўзбек ва рус тилида, 14 гуруҳда таълим-тарбия олмоқда. Ой сўнгига қадар ишларимиз якунланади. Яна болажонлар севимли масканлари бағрига қайтади. Ёзги соғломлаштириш мавсуми уларга қувонч улашади. Боғча очилишини тарбиячилар ҳам, ота-оналар ҳам болалар билан бирдек кутяпти.

    Халқ дардини ўзиники деб билганлар, бегона санамаганлар эл меҳрини қозонади, оғизга тушади, олқиш олади. Алишер Юнусов ҳам мазкур ҳудуддаги кўп қаватли уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилганда илк кўчиб келганлардан. Шу боисми, маҳаллага, одамларга меҳри бўлак. Маҳаллада туғилган илк фарзанд унинг қизи экан.

    Маҳалла барпо бўлгандан буён барчага таниш Алишер акага одамларнинг ҳам ҳурмати баланд. Ҳар бир ишда раисга камарбаста. Катталар маслаҳати билан, ёшлар меҳнати, ташаббуси билан унинг ёнида. Маҳаллага “намунали” сифатининг берилиши ҳам ана шу ҳамжиҳатлик туфайли.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates