Халқ дипломатияси – дўстлик кўприги

    ШҲТ ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан брифинг ўтказилди

    Президентимизнинг “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида марказга ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш вазифаси юклатилган.

    Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда ШҲТ таъсис этилганининг 23 йиллиги муносабати билан жорий йил 14 июнь куни Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази томонидан хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ўтказилди.

    Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров маданий, илмий, маърифий дастурларни ташкил этиш, делегациялар алмашинуви, тематик форумлар, бадиий кўргазмалар, мусиқа фестиваллари ва спорт тадбирларини ўтказиш доирасида Марказ ҳамкорлари билан биргаликда амалга оширилган ишлар ва тадбирлар тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берди.

    Марказ директори фаолиятнинг ҳозирги босқичи ҳақида гапирганда, ходимлар тажриба тўплаган ва ҳамкорлик ўрнатган ишдаги қийинчиликларга эътибор қаратди. Жумладан, “Ҳар йили ўтказиладиган тадбирлар сони ўсди, халқ дипломатияси асослари бўйича билимлар тўпланди ва сўнгги 6 йил ичида ташкилот фаолияти юқори сифатли даражага кўтарилди, - деди.

    Марказнинг охирги бир ярим йиллик фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, бугунги кунга қадар марказ фаолиятининг турли йўналишлари бўйича маҳаллий ва хорижий шериклар билан 16 та меморандум ва ҳамкорлик шартномаси имзолагани маълум қилинди. Бундан ташқари, марказ томонидан ШҲТ халқлари маданияти ҳақидаги билимларни янада чуқурлаштириш, халқларимиз ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маданиятлар хилма-хиллигини сақлашга қаратилган 130 га яқин илмий-амалий анжуманлар, кўргазма ва учрашувлар ўтказилди, 1 та китоб нашр этилиб, 40 дан ортиқ радио эшиттириш ва интервьюлар берилган.

    – ШҲТ Халқ дипломатияси маркази Андижон вилояти Асака туманида иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Ғулом Ёқубов хотирасига бағишлаб тадбир ўтказган эди ва унинг доирасида қаҳрамонимиз уйларига биргаликда боргандик. Шу орқали мен ушбу ташкилотни яқиндан билдим. Ушбу марказ жуда кўп мамлакатлар билан дўстлик риштасини боғлаяпти. Тинчлик, ёшларнинг билим олиши йўлида жуда катта ҳамкорлик қиляпти. Юртимизнинг миллий қадриятлари ва урф одатларини ўрганаяпти, - деди Абдурашид Эргашев.

    Ушбу даврда миллатлараро ва динлараро тотувлик, цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ШҲТга аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш мақсадида маҳаллий ва хорижий босма ва электрон нашрларда 40 га яқин мақола ва ахборот-таҳлилий материаллар чоп этилган.

    Тадбирда ОАВ вакиллари марказнинг оммавий ахборот воситалари билан икки ва кўп томонлама алоқаларини ривожлантириш истиқболлари юзасидан келишиб олишди.

    Шундан сўнг “Халқ дипломати” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди. 50 нафарга яқин шахсларга ушуб кўкрак нишонлари топширилди.

    Маълумки, “Халқ дипломати” кўкрак нишони ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни кучайтириш, ўзаро маданий – гуманитар алоқаларни кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтлари, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш, ШҲТ мақсади, вазифаси ва фаолиятининг устувор йўналишлари ҳамда асосий тамойилларини тарғиб этишга йўналтирилган фаолиятни рағбатлантириш мақсадида 2021 йилда марказ томонидан таъсис этилган.

    “Халқ дипломати” кўкрак нишони билан ташкилотга аъзо давлатларда халқ дипломатияси ривожига муносиб ҳисса қўшган давлат арбоблари, олим, ёзувчи, фан, санъат ва маданият соҳаси вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, ёшлар ва хотин-қизлар алоҳида хизматлари учун тақдирланади.

    Шунингдек, тадбир доирасида марказ ҳамда С.Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг Ўзбекистондаги филиали, «Олима аёллар жамияти» ҳамда Чингиз Айтматов номидаги Халқаро Иссиқкўл форуми ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Концерт дастури намойиш этилди.

    Зулхумор Акбарова,

    Yuz.uz мухбири


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates