Халқ дипломатияси — ташқи сиёсатнинг муҳим модели

    Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров билан суҳбат.

    — Глобаллашув даврида яшаяпмиз. Мамлакатлар келажаги ўзаро боғлиқликда ривожланиш тенденцияларига дахлдор бўлиб қолмоқда. Экосиёсий, геосиёсий муҳит тобора зиддиятли тус олаётган бир шароитда бу жараён табиий, албатта. Шундай маконда яшаётган дунё халқлари бугун “ягона интилиш” омилларига эҳтиёж сезаётгани ҳам бор гап. Бу ўз-ўзидан минтақавий жипсликни талаб қиладиган ҳодисалар билан боғлиқ. Шу маънода, ШҲТ маконида фаолият юритувчи Халқ дипломатияси марказларига табиий эҳтиёж қай даражада эди ва уларнинг ҳаётий маъноси қандай намоён бўлмоқда?

    — Биласизми, бугунги кунда халқаро муаммоларни ҳал этишда халқ дипломатияси тобора муҳим аҳамият касб этаётир. Аслида, халқ дипломатиясини кичик хайрли ҳаракатлар сиёсати, дейиш ҳам мумкин. Бунда асосий эътибор давлат тузилмалари ва мансабдор шахсларга эмас, балки ҳамкорликни кенгайтириш имкониятига эга жамоат ташкилотларига қаратилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунёда глобал зиддият ва қарама-қаршиликлар авж олаётган бир паллада, айнан халқ дипломатияси ўз самимийлиги ҳамда холислиги билан ажралиб туради. Расмий дипломатия воситаларидан фарқли равишда, халқ дипломатияси халқлар ўртасида ўзаро ишонч, ҳурматни мустаҳкамлашга ва дўстлик алоқаларини тиклашга қодир. Муҳими, давлатлар ва халқларнинг умумий мақсад сари ҳамкорлик қилиш нияти бўлса, кифоя.

    Расмий дипломатиянинг ажралмас қисми ва унинг муҳим элементига айланиб бораётган халқ дипломатияси сўнгги йилларда тобора фаоллашмоқда. Фуқаролик жамияти ва хорижий мамлакатлар жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни ўз ичига олган халқ дипломатияси, давлатнинг халқаро алоқаларини кенгайтиришда ноёб восита бўлиб хизмат қилмоқда. Халқ дипломатияси фаолияти – жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари, биродарлашган шаҳарлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар ва халқаро нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик каби йўналишларни ўз ичига олади.

    Бундай тузилмани ташкил этиш зарурати Ҳиндистон ва Покистон ШҲТнинг доимий аъзолари сафига қўшилгандан сўнг янада ошди, зеро ташкилот Евроосиёнинг Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Ислом цивилизациялари каби бир неча йирик тамаддун марказларини бирлаштирувчи маконга айланди.

    Бу цивилизациялар нафақат бетакрорлиги ва анъанавийлиги бўйича баъзи умумий хусусиятларга эга, балки урф-одатлар, қадриятлар ва турли маданий амалиётлар билан ҳам ажралиб туради. Агар ШҲТ каби халқаро майдондаги ташкилотлар, аввало, сиёсий ва иқтисодий прагматизмни кўзлаб иш юритса, халқлар кўпроқ қалбан яқинлашади, бу эса давлат қурилиши ва бошқарувида ғоялар ҳамда мафкуравий тузилмалар ўрнини белгилаб беради.

    Расмий Тошкент ШҲТ фаолиятидаги муваффақиятларнинг асосий кафолати халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, давлатлараро ўзаро тушунишни чуқурлаштириш, уйғун манфаатларни инобатга олиш, тенглик эканини таъкидлаб келади. Бу мақсадларга эришишнинг энг осон йўли эса халқ дипломатиясидир.

    Шубҳасиз, ШҲТ роли ва нуфузининг янада мустаҳкамланиши аъзо давлатларнинг “Шанхай руҳи”га, ташкилот тамойиллари ва қадриятларига содиқлигига боғлиқ бўлади.

    ШҲТ маконида яшаётган халқлар манфаати йўлида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, маданий хилма-хилликни сақлаш ва тарғиб қилиш, минтақанинг маданий ва табиий меросини ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик халқлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга ҳисса қўшиши шубҳасиздир.

    Ўзаро ишончга асосланган халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш, дунё мамлакатлари, хусусан, қўшни давлатлар билан тинч-тотувлик тамойили асосида мулоқот қилиш, фақат давлатлараро эмас, балки халқларнинг кенг қатламлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ҳам кенгайтириш бугунги замоннинг асосий талабларидан биридир.

    Халқ дипломатияси турли давлатлар халқларининг ўзаро муносабатларини янада яхшилашга қаратилган, иккинчи томондан эса, ҳар бир давлат халқларининг ўзаро ички турмуш тарзида ҳам ўзаро бирдамликни улуғловчи, юракларни илҳомлантирувчи туйғудир. У нафақат халқлар яқинлашувини, балки турли миллат ва элатларнинг маданий уйғунлашуви, тинчлик ва биродарликка тарғиб этувчи воситадир.

    — Гапни узоқдан бошлашга ҳожат йўқ. Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази фаолият бошлаганига беш йил бўлди. Қисқа давр. Лекин савол туғилади: марказнинг ўтган вақт мобайнидаги фаолиятини қандай баҳолаймиз? Ўзбекистондаги марказ нималарга эришди?

    — Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази фаолият бошлаганига беш йил бўлди. Бу муддат мобайнида марказ ўз ҳамкорлари, Ташкилотга аъзо давлатлардаги нодавлат ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, жамоат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, миллий маданият марказлари ва дўстлик жамиятлари ўртасидаги ҳақиқий мулоқот майдонига айланди.

    Марказ фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари этиб ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, Ташкилотга аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш белгиланган.

    Марказнинг мақсад ва вазифалари ШҲТ мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш учун шарт-шароит яратишдир.

    Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази фаолияти ташкилотга аъзо давлатларнинг нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролари ўртасида маданий-гуманитар, илмий-маърифий алоқаларни кенгайтириш, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерик мақомидаги ҳамкорларни жалб этган ҳолда цивилизациялараро мулоқотни фаоллаштиришга, шунингдек, ШҲТ минтақаси халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч, манфаат, тенглик, маслаҳатлашув, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурмат ва биргаликда ривожланиш истагини ўз ичига олган “Шанхай руҳи” тамойилларини фаол тарғиб қилишга қаратилади.

    Марказнинг халқаро ҳамкорлиги ҳақида гапирганда, Беларус тинчлик фонди, Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши, Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва “Қозоғистон фуқаролик альянси”, Хитойнинг яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича қўмитаси ва Хитой халқ дипломатияси уюшмаси, Қирғизистон Ипак йўли ва ШҲТ давлатлари интеграция маркази ва Қирғизистон халқ ассамблеяси, Покистон стратегик тадқиқотлар ҳамда Покистон тинчлик ва дипломатия институтлари, Евроосиё ва Россия халқлари Ассамблеяси, Горчаков номидаги Россия халқ дипломатиясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Россиядаги ШҲТнинг Халқ дипломатияси миллий маркази, Россия ва Ўзбекистон Дўстлик жамияти ҳамда Тожикистон тинчлик ва ҳамкорлик маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш ва илмий, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма тадбирлар ўтказиш устида ишлар давом этмоқда.

    Фақат 2022 йилнинг ўзида Марказ томонидан 84 та йирик тадбир ўтказилди. Шунингдек, ўз фаолияти давомида Марказ ШҲТ халқлари маданияти ҳақидаги билимларни янада чуқурлаштириш, халқлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маданиятлар ранг-баранглигини асраш каби муҳим мақсадларга қаратилган турли давра суҳбатлари, илмий-амалий конференциялар, ижодий кечалар амалга оширилмоқда.

    — Мулоҳазаларингиздан англашиладики, Ўзбекистоннинг ШҲТ маконидаги ўрни ва нуфузи кейинги йилларда анчайин ошиб бормоқда. Шу ўринда бизда ҳам бир фикр пайдо бўлмоқда. Умуман, ШҲТнинг ташкил топиш сабаблари ва асослари нимада? Ва энг муҳими, бу Ташкилотда нуфузга эга бўлиш нимани англатади?

    — Жаҳон сиёсатининг муҳим субъектига айланиб бораётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти нуфузини оширишда ўз фаолиятини мазкур халқаро ташкилот билан биргаликда ташкил этаётган йигирма олти давлат қаторида Ўзбекистоннинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Қатьий иродага асосланган фаол иштирок натижасида мазкур халқаро ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг мақсад, вазифалари ва асосий тамойилларига мос қарор қабул қилиш механизмларини такомиллаштириш йўналишлари давр талабига ҳамнафас такомиллашиб бормоқда. Узоқни ўйлаб, пухта режа асосида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ШҲТнинг бошқа нуфузли халқаро институтлар ўртасида ҳам муносиб ўрин эгаллашига замин яратмоқда.

    Бугун ШҲТ тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, халқаро ва минтақавий можароларни ўзаро тенглик, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш асосида, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, куч ишлатиш ёки таҳдид қилишга қарши ҳаракатларни таъминлашга ҳисса қўшаётган замонавий халқаро муносабатлар тизимининг фаол иштирокчисидир.

    Ушбу халқаро ташкилотнинг пайдо бўлиши ХХ аср охирида дунёдаги геосиёсий вазиятнинг ўзгариши, хусусан, барча давлатларда, жумладан, Марказий Осиёда террористик таҳдиднинг кучайиши билан бевосита боғлиқ.

    Илгари бу минтақада мавжуд бўлган хавфсизлик тизими 90-йилларга келиб кучайиб бораётган таҳдидларга дош бера олмай қолди. Гиёҳвандлик моддаларини ташиш каналлари кўпайиши, ноқонуний меҳнат миграцияси ўсиши, экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар сони ортиши минтақадаги давлатларнинг чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва ҳарбий соҳадаги тезкор ва самарали ҳамкорлик йўлларини излашни тақозо этди.

    Бугун ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шериклар бўлган жами 26 давлатнинг умумий майдони 34,3 миллион квадрат километрга тенг, бу Евроосиё қитъасининг 63 фоизини ташкил этади, нуфуси эса 3,4 миллиард, яъни ер курраси аҳолисининг ярмига тенг. ШҲТ давлатлари иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётининг 20 фоизини ташкил этади.

    Ташкилотнинг асосий мақсадлари аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, улар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт, экологик ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорликни кучайтириш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат.

    Ушбу ташкилот аъзоси ва таъсисчиларидан бири сифатида Ўзбекистон ШҲТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори. Бугунги кунда мамлакатимиз ШҲТнинг кўп қиррали савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликдаги ва терроризм, экстремизм, ноқонуний наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш каби соҳаларидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш орқали унинг фаол иштирокчиси бўлиб ҳаракат қилмоқда.

    Яна бир муҳим жиҳат: ШҲТ давлатлари нафақат дунёдаги сиёсий вазият туфайли, балки минг йиллар давомида савдо-сотиқ, маданий-маънавий қадриятлар алмашинуви маркази ҳисобланган Буюк ипак йўли бирлаштирган чуқур тарихий ва маданий алоқалар орқали ўзаро боғлиқ.

    ШҲТга Ўзбекистон раислик этган (2003–2004, 2009–2010, 2015–2016 ва 2021–2022 йиллар) даврларда ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузи ва ролини мустаҳкамлаш бўйича 80 дан ортиқ самарали ташаббуслар илгари сурилган.

    Эътиборлиси шундаки, мазкур таклифларнинг барчаси ташкилотга аъзо давлатлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди ва маъқулланди.

    Шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, 2022 йил 12 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити олдидан чоп этилган мақоласида кўп томонлама фаолиятга асосланган энг ёш институтлардан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг турлича маданий-цивилизацион қарашлари, ўз ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий тараққиёт моделларига эга мамлакатларни бирлаштира олган ўзига хос давлатлараро тузилма экани таъкидланган эди.

    Янги Ўзбекистон илгари сурган таклифлар дунёда, шу жумладан, ШҲТ минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

    — Жуда яхши. Яна халқ дипломатиясига доир мавзуга қайтсак. Бу йил Ўзбекистонда катта конституциявий ислоҳотлар амалга оширилди. Халқимизнинг сиёсий хоҳиш-иродаси билан янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилдик. Бир сўз билан айтганда, миллий тараққиётимизнинг беш устунига асос солдик. Бу – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида ривожланиш концепциясидир. Шу маънода, айтингчи, янгиланган Конституциямиздаги тамойиллар Ўзбекистонда халқ дипломатияси ривожига қай даражада таъсир ўтказади?

    — Ушбу саволнинг берилиши жуда ўринли бўлди, деб ўйлайман.

    Зеро, референдум нафақат жорий йилнинг, балки сўнгги йиллардаги энг муҳим сиёсий воқелик ҳисобланади. Янгиланган Конституция юртимизда амалга оширилган барча ислоҳотларнинг энг юқори чўққиси – олий даражадаги кафолат босқичи, халқ овози – референдум орқали киритилган ўзгариш ва қўшимчаларни кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизи сифатида талқин этиш мумкин. Бу муболаға эмас, юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар таҳлил қилинса, хулосамиз асосли эканини англаш қийин эмас.

    Фуқароларимизнинг референдумда иштирок этиб, ўз ҳуқуқларидан эркин фойдалангани ҳам эътиборга молик, деб ўйлайман. Айнан шу ҳолат ислоҳотларнинг, танлаган йўлимизнинг ҳаққоний эканини тасдиқловчи муҳим жиҳатдир.

    Халқимизнинг сиёсий иродасини ифода этган мазкур референдумда бизнинг марказ ҳам муносиб иштирок этди. Нодавлат халқаро ташкилот ҳисобланган марказ раҳбари сифатида референдумда халқаро кузатувчи бўлиб иштирок этган Россия ва Покистон делегацияларига ҳамроҳлик қилдим.

    Ўрни келганда айтиш лозимки, Конституциянинг ҳам, халқ дипломатиясининг ҳам асл негизини ягона тушунча – халқ ташкил этиши ҳеч кимга сир эмас.

    Янгиланган Конституциянинг халқ дипломатияси ривожига алоқадорлиги ҳақида гап кетганда, энг аввало, Бош қонунимиз муқаддимасида белгиланган барча тамойилларда халқ дипломатияси воситаларига оид нормалар акс этганини қайд этиш лозим. Айтиш мумкинки, Конституциямиздаги ҳуқуқий нормалар айнан халқ дипломатиясига яқинроқдир. Фикримизни далиллаш учун янгиланган Конституциянинг муқаддимасига эътибор қаратиш етарли.

    Муқаддимада белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатимизни намоён қилиш, давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий-маънавий меросига таяниш ёхуд мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш халқ дипломатияси устувор йўналишлари учун асосий таянч тамойиллар бўлиб ҳисобланади.

    Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлаш тамойиллари эса марказимиз зиммасига юкланган асосий вазифалар билан тўлалигича ҳамоҳангдир.

    Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга халқ дипломатияси нуқтаи назаридан қараганда бир неча муҳим жиҳатларни кузатиш мумкин.

    Аввало, мазкур жараённи амалга оширишда халқимизнинг бевосита ва тўлақонли иштирок этганини олқишлаш керак. Айнан юртдошларимизнинг конституциявий ислоҳотларга бефарқ эмаслиги, бевосита ўзи ва ўзи сайлаган вакиллик органлари орқали юрт ободлиги ва эл фаровонлигини таъминлашга хизмат қилувчи, қадриятларни улуғловчи ҳуқуқий нормаларни танлагани алоҳида эътиборга молик муҳим омилдир.

    Бу ўринда халқчилликни англаш учун қуйидаги рақамларга эътибор бериш лозим. Конституциявий ўзгаришлар жараёнида аҳоли томонидан 220 мингдан ортиқ таклифлар билдирилган. Жумладан, конституциявий ўзгаришлар илк лойиҳасини шакллантириш чоғида фуқаролардан келиб тушган 60 мингдан зиёд таклифнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган.

    Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказилган референдумда овоз бериш бюллетенига киритилган жами 19,7 миллион юртдошимизнинг 16,7 миллиони, яъни 84,5 фоизи иштирок этган, уларнинг 15 миллиони – 90,2 фоизи конституциявий қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.

    Халқ дипломатияси маркази ШҲТ доирасида фаолият юритувчи халқаро ташкилот экани инобатга олинса, Конституциянинг Ўзбекистон ташқи сиёсатига оид 17 ва 18-моддаларига тўхталиб ўтиш жоиз.

    Конституциянинг “Ташқи сиёсат” деб номланувчи IV боби 18-модда билан тўлдирилди. Хусусан, ушбу моддада қуйидаги янги норма акс этган: “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади”.

    Ишончим комилки, халқ дипломатияси институтлари дунё мамлакатлари менталитетини англаш, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш учун яхши асос бўлиб хизмат қилмоқда. Дунё халқлари манфаати йўлида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, маданий хилма-хилликни сақлаш ва тарғиб қилиш, турли халқаро тадбирлар доирасида минтақанинг маданий, табиий меросини ўрганиш соҳасидаги ҳамкорлик эса ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга ёрдам беради.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Улуғбек АСРОРОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates