Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази Қобилжон Собиров таъкидлаганидек, ШҲТ сўнгги йилларда ўзининг прагматик ҳаракатлари туфайли халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги модели – сайёрамизда барқарорлик ва тинчликни таъминлашга қаратилган шерикликни яратган нуфузли ташкилот сифатида ўзини намоён этмоқда.
Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар очиқлик ва ўзаро англашув руҳида минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ШҲТ давлатларининг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланиши йўлида яқин ҳамкорликни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қуватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида марказнинг устувор йўналишлари сифатида ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш хамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтириш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш ва уларни мунтазам чоп этиб бориш белгиланган.
2022 йил май ойида Тошкент Халқ дипломатияси форуми, жорий йил 14-16 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ШҲТ халқ дипломатияси ва биродарлашган шаҳарлар форуми ўтказилиши “ШҲТ оиласи” халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим туртки бўлди.
Маркази директори Самарқанд саммити доирасида илгари сурилган “Эзгу ният элчиси” институтини таъсис этиш ғояси халқ дипломатиясининг муҳим элементи бўлиб хизмат қилишини, келгусида бу борадаги ишларни доимий мулоқот ва ҳамкорлик асосида жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ташкилотга аъзо давлатларда чоп этилган илмий ва бадиий адабиётларни мунтазам равишда таржима қилиб бориш, ўзаро адабиётлар алмашинуви учун қулай муҳит яратиш, ОАВ ходимлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
Қобилжон Собиров ШҲТга раислик қилган аввалги даврларда Ўзбекистон ўз фаолияти ҳақидаги қарашларининг устувор йўналишларини аниқ белгилаб олганини, кўп тармоқли ҳамкорликнинг узлуксизлиги ва изчил мустаҳкамланиши тамойилларига содиқлигини маълум қилганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекстон ШҲТни ривожлантириш, норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ушбу тузилманинг жаҳондаги нуфузини оширишга катта ҳисса қўшмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази 2019 йилдан миллатлараро ва динлараро тотувликни ривожлантириш, цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришни, ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланган ҳолда 35 та йирик илмий-амалий анжуман ўтказди.
Марказнинг 5 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинар экан, бугунги кунга қадар марказ ўз фаолиятининг турли йўналишлари бўйича маҳаллий ва хорижий шериклар билан 33 меморандум ва ҳамкорлик шартномалари имзолагани маълум қилинди. Ҳисобот даврида марказ томонидан ШҲТ халқлари маданияти ҳақидаги билимларни янада чуқурлаштириш, халқлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, маданиятлар хилма-хиллигини сақлашга қаратилган 130 та илмий-амалий семинар, давра суҳбатлари ва бадиий кечалар, 19 та кўргазма, маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан 82 та учрашув ўтказилди, 3 та тўплам, 2 та фотоальбом, 5 та китоб нашр этилиб, 70 дан ортиқ радиоэшиттиришлар ва интервьюлар ўтказилди.
Марказ ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга, шунингдек, ШҲТ мамлакатлари кутубхоналари, музейлари, театрлари ва бошқа маданий муассасалари орқали тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишда фаол иштирок этишга алоҳида аҳамият бермоқда. Марказ ташаббуси билан 2019 йилдан Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонада “ШҲТ билимлар зали” ташкил этилган. Ҳозирда билимлар зали фондида 800 босма нашр ва санъат асарлари тўпланган.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўз нутқида фуқаролик жамияти ва хорижий мамлакатлар аудиториялари билан ҳамкорликда халқ дипломатиясининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Оммавий ахборот воситаларининг глобал ахборот маконидаги ўрни тобора ортиб бораётгани, уларнинг фаолияти учун замон талабларига мос келадиган барча шарт-шароитлар яратилгани, маданий-гуманитар соҳадаги халқаро алоқаларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Тадбирда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси марказининг оммавий ахборот воситалари билан икки ва кўп томонлама алоқаларини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Қобилжон Собиров журналистларни касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклаб, марказ фаолиятини ёритишда фаол иштирок этаётган журналистларга миннатдорлик билдирди.
ШҲТ маркази директори, шунингдек, марказ ва ОАВ вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик янада самарали бўлишига, ШҲТ доирасида кўп томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада оширишга умид билдирди.
Тадбир якунида Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ташкил топганининг 5 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда халқ дипломатиясини ривожлантиришга, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётган журналистларга Марказнинг “Халқ дипломати” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиғи топширилди.