Халқ таълими тизими: ноқонуний харажатларга йўл қўйилган

    Таълим 14 май 2020 1751

    Бугунги оғир иқтисодий шароитда ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарали ишлатилиши муҳим. Энг катта соҳалардан бири бўлган халқ таълими тизимида афсуски, маблағларни жойларда тўғри тасарруф этилиши бўйича инсон омилига ҳалигача жуда катта боғлиқлик кузатиляпти.

    Шунинг учун, ўтган бир ярим йил давомида Вазирликнинг Ички аудит тизими салоҳиятини ошириб, жойлардаги хато ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда ушбу хатоларга сабабчи бўлган омилларни камайтириш бўйича тизимли иш бошланган.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб Палатаси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати ҳамкорлигида Халқ таълими соҳасида 2018-2019 йилларда бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда 2020 йилги харажатларни мақбуллаштириш имкониятларини аниқлаш бўйича яқинда ўтказилган ўрганиш ҳам анчагина муаммоларни кўрсатиб берди.

    Ўрганиш натижасида жами 192,3 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, ушбу кўрсаткич 2018-2019 йилларда Давлат бюджетидан тизимга ажратилган жами 30 562,1 миллиард сўм (шундан, 2018 йилда 12 037,2 миллиард сўм ва 2019 йилда 18 524,9 миллиард сўм) маблағларга нисбатан 0,63 фоизни ташкил этади.

    Аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 52,5 миллиард сўми иш ҳақидан ўғирлик, ноқонуний ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга тўғри келган, мазкур йилларда иш ҳақи билан боғлиқ харажатларга ажратилган жами 28 118,0 миллиард сўмга (шундан, 2018 йилда 10 987,0 миллиард сўм ва 2019 йилда 17 131,0 миллиард сўм) нисбатан 0,19 фоизни ташкил этади.

    Хусусан, Жиззах вилоятида – 16,3 миллиард сўм (ажратилган маблағга нисбатан 1,17 %), Қашқадарё вилоятида – 10,98 миллиард сўм (0,39 %), Андижон вилоятида – 8,2 миллион сўм (0,33 %) ва Самарқанд вилоятида – 6,5 млрд. сўмлик (0,2 %) ноқонуний харажатларга йўл қўйилган.

    56,1 миллиард сўмлик “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда амалга оширилган харидлар, 27,7 миллиард сўмлик умумтаълим мактабларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун ҳудудларга ажратилган бюджет маблағларининг самарасиз сарфланиши, 56,0 миллиард сўмлик бошқа хато ва камчиликлар аниқланган.

    Ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва уларни келгусида такрорламаслик юзасидан Ҳисоб Палатаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда “йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

    Хусусан, халқ таълими тизимини бошқариш бўйича ягона электрон дастурий мажмуасини яратилиши, Молия вазирлигининг “UzASBO” дастурий мажмуаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан интеграция қилиниши ҳам белгилаб олинди.

    Бугунги кунгача аниқланган хато ва камчиликларнинг 6,7 миллиард сўми ундирилди ҳамда 23,7 миллиард сўми бартараф этилди.

    Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида расмийлаштирилган материаллар прокуратура органларига юборилди, уларнинг натижалари бўйича маълумотлар ОАВларда ёритилиб борилмоқда.

    Шерзод ШЕРМАТОВ,

    Халқ таълими вазири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates