Болаларимизни “онлайн ота-оналар”га бериб қўймайлик ёхуд “Ширин қовунлар мамлакати”ни унутаётган фарзандларимиз китобхонлиги ҳақида очиқ ҳақиқатлар

    Таниқли болалар ёзувчиси Муҳаббат Йўлдошева билан ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг ютуқ ва муаммолари ҳақида фикр алмашар эканмиз, миллат фарзандлари камолотини белгилайдиган бу жараёндаги воқелик ва ўзгаришлар самараси учун барчамиз бирдек жон куйдиришимиз кераклигини янада чуқурроқ ҳис қилдик. 

    Нашватини олмага пайванд қилиб бўлмайди, биласизми? Агар шундай қилинса, бу икки ажойиб мевадан ҳам мосуво бўламиз. Болалар адабиётимизда бугун энг муаммо бўлаётган нарса миллийлик, назаримда. Миллий руҳиятимиз акс этган, миллий қаҳрамонларимизнинг, халқимиз даҳосининг улуғ мақсадларини ўзида жамлаган, шулардан озиқланган асарлар керак бугун. Миллий кино, миллий театр, албатта, адабиётдан куч олади. Шундай экан, ўзбек боласининг қалбини тинглаб, унинг юрак уришига мос асарлар яратишимиз керак.

    Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг ушбу мулоҳазаларини бугунги суҳбатимизга дебоча сифатида танладик. Таниқли болалар ёзувчиси Муҳаббат Йўлдошева билан ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг ютуқ ва муаммолари ҳақида фикр алмашар эканмиз, миллат фарзандлари камолотини белгилайдиган бу жараёндаги воқелик ва ўзгаришлар самараси учун барчамиз бирдек жон куйдиришимиз кераклигини янада чуқурроқ ҳис қилдик.

    — Муҳаббат опа, “Адабиёт оламида бизнинг оиламизни “Ёзувчилар оиласи” деб аташади”, дея фахр билан сўз бошлаганингизда юз-кўзларингизда ўзгача қувонч ва фахрни кўрдим. Ёзувчи ҳам, таржимон ҳам, китоб ва саҳифалар безакчиси ҳам ўз ижодий жамоангизда бўлишининг қандай афзал ва мураккаб томонлари бор?

    — Адабиёт деб аталмиш улуғ даргоҳга кириб келганимга 40 йилдан ошди, узоқ йиллар ёзувчи, илмий журналист ва кинотаржимон сифатида фаолият юритдим, таҳририят ва телеканалларда ишладим. Икки нафар фарзандим матбуот ва адабиёт оламида улғайишди, алла ўрнига эса янги ёзаётган эртакларимни тинглашди ва ўзлари ҳам сезмагани ҳолда болалар адабиётига юз тутди. Қизим Гулноз Тожибоева олти ёшидан эртак ёза бошлади, у ҳозир болалар ёзувчиси, рассом, таржимон ва сценарист сифатида танилган. Гулнознинг болаларга аталган 14 та китоби нашрдан чиқди. 4 ёшидан бошлаб эртак тўқий бошлаган. Ўғлим Хуршид Тожибоев эса IT соҳаси мутахассислигини эгаллаган бўлса-да, болалар ёзувчиси ва таржимон сифатида танилиб боряпти, унинг болаларга аталган эртак тўпламлари сони 10 тадан ошди.

    Ёзувчи, таржимон, безатувчи-рассомларнинг бари битта ижодий жамоага жам бўлишининг афзаллиги мислсиз. Авваламбор, бизнинг китобларимизни ҳеч ким ўзимиздан яхшироқ таржима қилолмайди. Эртакларга безак расмларни бадиий адабиёт қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, лекин дидимиз ва истагимиздан келиб чиқиб ўзимиз хоҳлагандек қилиб чизамиз. Соҳамизга оид қандайдир янгиликни билиб қолсак, бундан бошқаларни огоҳ қилишга шошиламиз. Доимо биргаликда ва ўзаро фикрлашиб, маслаҳатлашиб ишлаганимиз учун уччовимизнинг ҳам ёзиш, таржима қилиш ва китоблар дизайни борасидаги услубимиз бир мунча ўхшаб кетади. Чунки мен ўзим билган нарсани фарзандларимга, улар эса ўз билганларини менга ўргатишади.

    Китоб ёзиш, уни нашрга тайёрлаш ва бадиий безаш-дизайн борасидаги ишларни ҳам баравар бажарамиз, бир-биримизнинг китобларимизни текшириб, камчиликларини тўғрилаб кетаверамиз. Масалан, ўзбек-кирил алифбосидаги ва рус тилига таржима қилган асарларимизнинг муҳаррирлиги ва мусаҳҳиҳлиги кўпроқ менинг зиммамга тушади. Лотин имлосидаги асарларимизнинг муҳаррирлиги ва мусаҳҳиҳлигига эса Хуршид масъул бўлади. Китоблар дизайнини уччаламиз баравар қилсак-да, лекин бош дизайнер-рассом вазифаси Гулнозга юклатилган, чунки у — профессионал рассом. Мен асосан рус, инглиз, қозоқ, турк, қорақалпоқ, немис ва болгар тилларидан, Гулноз рус, инглиз, корейс ва қорақалпоқ тилларидан, Хуршид рус ва турк тилларидан ўзбек тилига таржима қила оламиз.

    Мураккаб томонлари ҳам етарлича. Оилада бирданига уч нафар ижодкор бўлганидан кейин асарларимизни тинимсиз нашр қилиб туриш керак бўлади. Баъзан “Учовингиздан биттангиз асар беринг” деган талаб бўлиб қолади. Бундай ҳолларда ўзимникини қолдириб, ҳеч бўлмаганда ўғлим билан қизимнинг асарларини ўтказишга уринаман.

    2017 йилдан бошлаб “Ўзбек адабиётини дунё ўқисин”, деган мақсадда чет эл нашрларида ўзбек адабиёти намуналарини астойдил тарғиб қилиб келяпсиз. Ва ана шу жараёнда ўзбек болалар адабиётидаги қайси устуворликлар ва муаммолар кўзга ташланди?

    — Дастлаб ўзим ва фарзандларимнинг эртакларини чет эл нашрларида чиқаришга ҳаракат бошлаганимда, хорижлик ноширларнинг “Ўзбекларда ҳам болалар ёзувчилари етарлими? Бугунги замон талабларига жавоб берадими?” деган ажабтовур саволларига дуч келдим. Шунда билдимки, нафақат чет элларда, ҳатто МДҲ давлатларида ҳам ўзбек болалар адабиётини деярли билишмас экан. Чунки кўпинча турли тилларга таржима қилинадиган тўпламлар, антологиялар тузилаётганида кўпроқ шеърият ва насрга эътибор қаратилади, болалар адабиёти эса доим ортга суриб қўйилаверади. Ваҳоланки, болалар адабиёти ҳам долзарб масалаларни кўтариб чиқа олиши мумкинлигини Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон каби устозларимиз ўз асарларида аллақачон исботлаб кетган.

    Шуни таъкидлаб айтмоқчиманки, адабиётни чет элларга танитишнинг асосий йўли – таржима. Шу боис аввалига ёш ўзбек ёзувчиларининг, кейинроқ катта адибларнинг асарларини ҳам рус тилига таржима қилиб, ўзим таниган ноширларга жўната бошладим. Балки буни “таниш-билишчилик” дерсиз, лекин бу адабиётимизнинг ривожи учун иш берса, нега ундан фойдаланмаслик керак? Россиялик машҳур фантаст-ёзувчи, “Вече” нашриёти бош муҳаррири Виталий Пишченко билан 1988 йили, Тошкентдаги фантаст-ёзувчилар семинарида танишгандим. Мен ёзувчи Бахтиёр Абдуғафурнинг “Узбечка” романини рус тилига таржима қилганимдан сўнг, уни Виталий Пишченкога жўнатдим ва ёш ёзувчига ёрдам беришини сўрадим. Турган гапки, у илтимосимни ерда қолдирмади ва яхши асарнинг нашр этилишига ёрдам берди.

    Ўтган 5 йил давомида мен 30 нафардан ошиқ ўзбек ёзувчиларининг ҳикоя ва романларини таржима қилиб, Россия, Қозоғистон, Украина, Қрим, Туркманистондаги нашрларда, Бельгия, АҚШ, Покистон, Англия, Франциядаги адабий нашрларда чоп этилишига кўмаклашдим. Қизим Гулноз эса 10 дан ошиқ ўзбек болалар ёзувчиларининг асарларини рус ва инглиз тилларига таржима қилиб, МДҲ ва чет эл нашрларида чоп этилишига ҳисса қўшди. Хуршид эса ўзбек адабиётини турк тилига таржима қилиш учун тил борасидаги билимини оширяпти.

    — Баъзи адабиётшуносларнинг таъкидлашларича, ҳозирги ўзбек болалар адабиёти сони шу қадар камки, уларни на таснифлаш, на бола ёшига қараб ажратиш, на мавзуларга кўра бўлиш мумкин. Ҳатто муаллифларни саралаш ҳам мураккаб жараён. Сизнингча ҳам шундайми?

    — Қизим Гулнозни 2021 йилда Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтадиган “Китобхон Сибирь” Халқаро китоб фестивалига таклиф қилишганида, у билан бирга “Ўзбекистонда ноширлик маданияти ва нашриётлар” номли маъруза тайёрлаш учун 2019–2021 йиллар давомида республикамиздаги ўнга яқин йирик нашриётларда чиқарилган китобларни таҳлил қилдик. Ушбу таҳлил асносида уч йил мобайнида чиқарилган китоблар орасида болаларга аталган асарлар ниҳоятда камлигини, улар ҳам асосан таржима эканлиги маълум бўлди. Энг кўнгилни хижил қиладигани, шу йиллар давомида ўзбек болалар ёзувчиларининг ўсмирларга мўлжалланган асарлари деярли чиқмаган экан.

    Болалар адабиётидаги ҳозирги вақтда кўзга яққол ташланаётган энг ёмон ҳолат — мен уни даҳшатли деган бўлардим, — бу болалар адабиётини ривожлантириш ҳақида давлат қарорлари эълон қилинганидан сўнг бирданига “болаларга аталган асарлар” урчиб кетаётганидир. Бунақанги асарларда болалар психологияси, руҳий олами, дунёқарашлари умуман ҳисобга олинмайди, муаллиф болаларни ва уларнинг тилини билмайди, шу сабабли хато ортидан хатога йўл қўяверади. Кўпинчи муаллиф китобини ўз ҳисобидан нашр эттиргани туфайли баъзи ноширлар бундай хатоликларга қарашмайди.

    Статистика маълумотларига қарасак, ҳозирги кунда юртимизда 35 миллиондан ошиқ аҳоли яшаётган бўлса, шунинг 10 миллионини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил қилар экан. Бу ҳисобга яна икки-уч миллион нафарга етадиган 15–16 ёшли ўсмирларни ҳам қўшсак, тахминан 12–13 миллионга яқин китобхон эҳтиёжини қондириш учун 1000–2000 нусхада чиқадиган китобларимиз етарлимикан? Йўқ, албатта. Бу худди чанқаб турган одамга чой қошиқда сув бергандек гап. Миллионлаб болажонларимизнинг ўқиши учун болалар адабиёти 100 минглаб ададда чиқиши керак!

    Қачонки болалар адабиётини ривожлантириш ҳақида гап кетса, “Болалар ёзувчилари деярли йўқ”, деган гап тишни зириллатади. Ўзбек болалар ёзувчилари йўқ деб ким айтади? Болалар адабиётидан 100 километр нарида юрадиган одамлар шундай дейди! Илло, айни вақтда мамлакатимизда ҳаёт бўлиб, ижод қилаётган, турли ёшдаги камида 100 чоғлиқ болалар ёзувчилари бор. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши томонидан тавсия этилган ёш ижодкорларнинг китоблари “Адабиёт” нашриёти томонидан чоп этилмоқда. Ўз маблағи ҳисобига китоб нашр эттираётган ижодкорларимиз ҳам анчагина. Фақат аксарият китоблар 100–500 нусхада босилиб, болажонларнинг қўлига етиб боролмаётгани ачинарли. Болалар ва ўсмирлар учун чоп этилаётган китоблардан маблағимиз аямаслигимиз зарур. Шунда биз уларни ўз қўлимиз билан “онлайн ота-оналар” ихтиёрига бериб қўймаймиз!

    — Мактабгача бўлган давр инсон ривожланишида энг муҳим ва кескин палла ҳисобланади. Айни шу давр келажагимизни ҳал қилади. Мактабгача ёшда олган психологик жароҳатлар ҳам улғайганимизда руҳий ҳолатимизга энг кўп таъсир этиши илмий исботланган факт. Демак, китобхон жамият аъзоларини мактабгача бўлган даврдан бошлаб тарбиялашимиз зарур. Бироқ...

    — Бола туғилганидан то бир ёшигача бўлган муддат ичида умр бўйи оладиган билимидан кўра кўпроқ маълумотга эга бўлар экан. Агар олимларнинг бу хулосасига ишонсак, демак бир ёшли болага бемалол эртак ўқиб бериш мумкин. Биласизми, корейс халқи болани тили чиққаниданоқ ўқишга ўргатиш керак деб ҳисоблайди. Мен 2018 йили Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида бўлганимда, корейслар болаларни китобга қандай қизиқтиришларига гувоҳ бўлгандим. Бу ердаги Осиё Маданият Маркази тасарруфидаги Болалар марказига кирганимда, жажжи китобхонларга аталган кутубхонани кўрдим. Озода, саришта кутубхонадаги жажжи жавонларга турли эртак китобчалар териб қўйилган, ерга эса болаларнинг китоб ўқиши ёки китобдаги суратларни томоша қилиб ўтиришлари қулай бўлиши учун юмшоққина ёстиқчалар ташлаб қўйилган. Юмшоқ ёстиқчалар болага уйидагидек шароит яратади. Бундан ташқари, қаттиқ ёғоч стулчадан кўра юмшоқ ёстиқча устида ўтириб китоб ўқиш анча қулайроқ.

    Тарбиячи етагидаги 3–4 ёшли болалар оёқ кийимларини ечиб, девор томонга териб қўйишди ва китоб жавонлари томон ўтиб кетишди. Айтганча, кутубхонага оёқ кийимларини ечиб кирилади. Бу китобларга нисбатан ҳурматни билдирар экан, бундан ташқари, тозаликни сақлаш ва китоб ўқиган келадиган болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида шундай қилинаркан. Пойабзалини ечган болалар шамоллаб қолмайди, чунки кутубхона биноси корейсча услубдаги ер тагидан иситиш тизимлари билан жиҳозланган.

    Биз инсоннинг бирон одати ҳақида гапирганда, “Танглайи шу билан кўтарилган”, деб қўямиз. Келинг, биз ҳам фарзандларимизнинг танглайини китоб билан кўтарайлик. Чунки, “Сариқ девни миниб”, “Ширин қовунлар мамлакатида” каби машҳур асарларни ўқийдиган болалар ҳам камайиб бораётгандек... Болажонларимизни тили чиқмасиданоқ китоблар билан ўраб олайлик, шунда эртага китобхон авлодга эга бўламиз.

    — Дунёда ХХ асргача мактабгача ёшдаги болалар адабиёти асосан фольклор, эртак ва ривожлантирувчи (энциклопедия ёки одоб-ахлоқ ўргатувчи) китоблардан иборат эди. XXI аср болалар адабиётида эса кичик ёшдаги болалар учун ҳам ҳикоя тарзидаги, уларнинг муаммолари ва саволларини акс эттирган асарлар пайдо бўлиб, ушбу йўналиш шиддат билан ривожланди...

    — Оиламиз болалар адибларидан иборат бўлгани учун ҳам бу муаммо бизнинг оғриқ нуқтамизга айланган ва биз унинг ечимини излашга аллақачон киришганмиз. Мисол тариқасида мен фарзандларим билан бирга жажжи китобхонларимизга аталган китобларни қандай тайёрлашимизни айтиб ўтаман. Энг аввало, биз боласига китоб сотиб олаётган ота-оналарга енгиллик туғдириш мақсадида китоблар муқовасига болаларнинг ёшига мослаб “3+”, “5+”, “8+”, “14+” каби ёш тоифаларини белгилаб қўйяпмиз. Китобларнинг мазмуни ҳам айнан шу ёш белгиларига мос бўлади.

    Жажжи ўқувчиларимизга аталган китобларимиз асосан рангли, суратлари кўп, матни оз, ҳарфлари йирик бўлади. Бу китобларимизни болаларнинг руҳияти ва педагогика талабларидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаймиз. Айтайлик, 3 ёшли болаларга аталган эртак ёки ҳикоялар ниҳоятда қисқа, матн қисми 80–150 сўз, асосан рангли суратлардан иборат. Бу эса болалар эътиборини тез жалб қилади, китобга қизиқишини оширади, воқеаларни идрок этишларини енгиллаштиради ва, энг муҳими, чарчатиб қўймайди.

    Менимча, болаларга атаб китоб чиқараётган нашриётларнинг ноширлари, муҳаррирлари, безакчи рассомлари ва муаллифлари асарлар қайси ёш тоифасига мўлжалланаётганидан келиб чиққан ҳолда тизимли иш олиб боришлари керак. Болалар китоблари жажжи китобхонларда гўзаллик ва эстетик дидни идрок этишни ривожлантириш билан бирга билим ҳам бериши лозим. Шу мақсадда китобдаги ҳар бир қаҳрамонни қизиқарли қилишдан ташқари унга яна муайян билим берувчи маълумотлар ҳам юклатилади.

    Эртак ва ҳикояларнинг қаҳрамонлари, албатта, ўзбек халқининг ўзига хос анъаналари, қадриятлари ва кундалик турмушидан келиб чиқиши, суратларда эса юртимизда ўсадиган гуллар, дарахтлар, ўсимликлар, ҳайвонлар тасвирланиши керак.

    — Айни пайтда ўзбек ёзувчилари томонидан ёзилаётган кўплаб эртаклар ва бадиий асарларда миллий қадрият ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш учун нималарга эътибор бериш лозим?

    — Бадиий адабиётнинг биринчи вазифаси эзгулик ва яхшиликни тарғиб қилиш ҳисобланади. Биз болага асарлар орқали яхшиликка, албатта, яхшилик қайтиши, ёмонлик эса жазоланишини уқтиришимиз лозим. Айни пайтда воқеалар ривожини шунақанги мантиқий ечим ёрдамида олиб боришимиз керакки, токи уни ўқиган жажжи китобхоннинг боши қотмасин.

    Ҳозир ўзбек ёзувчилари томонидан ёзилаётган кўплаб эртаклар ва бадиий асарларда миллий қадриятлар ва анъаналарнинг ўзига хослиги йўқолиб бораётгани бор гап. Ёш ижодкорларимиз мумтоз адабиётимиздан, халқ оғзаки ижоди намуналаридан бохабар бўлса, ижод жараёнида бевосита унинг қарашлари ва билими асосида миллий асар муҳити яралади.

    Бир адиба дугонамиз беш ёшлардаги набираси нима учун эртак қаҳрамони бўлган айиқчанинг отаси йўқлигини сўраб қолгани ҳақида айтиб берди. Ҳақли савол. Боланинг ақли етган нарсага нега биз ёзувчиларнинг ақлимиз етмади экан-а? Ахир оила тўкис бўлиши, унда бола билан бирга она ва, албатта, ота ҳам яшаши керак-ку! Шунингдек, болажон, қадриятларини улуғлайдиган ўзбек халқининг оиласида мавжуд бўлгани каби меҳрибон бувижонлари, набирасининг ҳар бир саволига жавоб топа оладиган донишманд бобожонлари ҳам, албатта, бўлиши шарт.

    — Сиз бошчилик қилаётган “HUMO” эртаклар танлови қандай мезонлар ва мақсадларни ўз олдига қўйган?

    — 2019 йили қизим Гулнознинг таклифи билан болалар адабиёти жанрида ижод қилаётган ёш ёзувчиларга ёрдам бериш учун “HUMO” эртаклар танловини ўтказдик. Жонкуяр ўзбек ёзувчилари Дилфуза Қўзиева, Марям Аҳмедова, Асрор Аллаёров, болалар ёзувчилари Гулноз Тожибоева ва Хуршид Тожибоев, журналист Елена Грюкалова ва “Дониш чироғи” нашриёти директори Акмал Нажмиддинов ушбу танловнинг ташкилотчиси ва ҳомийси ҳисобланишади. Танловда баҳолаш ишларини амалга оширишда ўзбекистонлик ёзувчилар билан халқаро ҳакамлар жамоасида Кенес Ўразбек ўғли (Қозоғистон), Мария Филипова-Хажи (Болгария), Тахмина Убайдуллоева (Тожикистон), Али Жаъфар ўғли (Озарбайжон) ва Соғинбой Ибрагимов (Қорақалпоғистон) каби адиблар иштирок этишди. “Севимли TV” телеканали ҳам танловни ўтказишимизда катта ёрдам берди.

    Эртаклар танловини ўтказиш жараёнида ёш, ҳали шаклланмаган, лекин ижодий салоҳияти жуда катта ўнлаб болалар ёзувчиларини кашф қилдик. 2022 йилда “HUMO-2019” эртаклар танловининг иштирокчиси бўлган ёш ижодкор Саид Камолнинг “Кеккайган қовоқ” номли эртаклар тўпламини нашрдан чиқартирдик.

    — Айни пайтда фарзандларимиз китобхонлигини ошириш учун яна нималар қилиш зарур деб биласиз?

    — Болалар китобхонлигини ошириш учун биринчи навбатда болалар яйраб, қувнаб ўқийдиган, қизиқарли асарлар керак. Ва, бу асарларни ёзадиган болалар ёзувчилари керак. Ажойиб асарлар ёзишлари учун эса ижодкорларни рағбатлантириб, руҳлантириб туриш керак. Дунё тажрибасига кўз ташласак, болалар ёзувчилари учун Америкада ўнга яқин, Россияда эса ўн бешта номдаги адабий мукофотлар таъсис қилинганини кўрамиз. Яқинда Ўзбекистон ҳам Болалар китоблари бўйича халқаро кенгашга — IBBY ташкилотига аъзо бўлди.

    Бир неча йил муқаддам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан бу борадаги фикримизни сўрашганида, биз оиламиз номидан ўзбек болалар ёзувчилари учун махсус мукофотлар таъсис этилиши таклифини бердик. Бизнингча, болалар адабиёти ҳақида фақат 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунидагина эслаш эмас, балки умримизнинг ҳар онида қайғуришимиз керак.

    — Ижодий янгиликларингиз...

    — Яқинда фарзандларим менга кутилмаган совға сифатида https://muhabbatxon.uz деб номланган оилавий ижодий сайтимизни ташкил қилишди. Ўзбек, инглиз ва рус тилларида юритиладиган ижодий сайтимизда наср, назм, болалар адабиёти, фантастика, сирли олам, таржима рукнларидаги асарларни рўйхатдан ўтмасдан ва текин ўқиш мумкин.

    Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси қошида Болалар ёзувчилари тўгарагини ташкил этдик. Бу тўгаракка республикамизнинг барча вилоятларидаги болалар адабиёти жанрида ижод қилаётган ёш ижодкорларни жамлаб, уларнинг ижодларига кўмаклашишни мақсад қилганмиз.

    Биз биламизки, витаминлар етишмай қолса, инсон касал бўлади. Китоб етишмаётган фарзандларимиз ҳам касал бўлмайдими? Бўлади! Маънавий касал бўлади! Миллионлаб болажонларга атаб асар ёзадиган болалар ёзувчилари бармоқ билан санарлик бўлмаслиги лозим. Биз фарзандларимизнинг тили чиқмасиданоқ уларни китоблар билан ўраб олганимиздагина, эртага китобхон авлодга эга бўламиз.

    – Албатта, биргина суҳбат асносида болалар адабиёти деб номланган ўзига хос мамлакатнинг барча муаммолари ва ютуқларини қамраб олишнинг иложи йўқ. Қолаверса, бу мамлакатнинг миттивойлар ҳайратлари, болакайлар иштиёқи ва ўсмирлик англашилмовчиликлари янглиғ ўзига хос довонлари эса мўъжизаларга ва саргузаштларга ниҳоятда бой. Истагимиз – бу олам илдизлари ўзлигимиздан, кўҳна маънавий-маърифий илдизларимиздан баҳра олсин ва бугунннинг энг улкан кашфиётларига уйғун камол топсин!

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates