Дунёнинг тараққий этган давлатларида таълим-тарбия ишларининг йўлга қўйилиши ва уларнинг мактабларда амалга оширилганини ўрганиш миллий таълим тизими ривожи учун катта аҳамиятга эга. Бу орқали биз миллий таълим тизимини янгитдан ташкил қилиш, умумий ўрта таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар эскириб, ўз долзарблигини йўқотиб бораётган фаолият шакллари ва усулларидан тезроқ халос бўлиш, уни муносиб тарзда янгилашда қўшимча бой манбаларга ҳам эга бўламиз. Зотан, ҳозирги замон таълимида давлат ва жамият талаби ва манфаатлари акс этиб туриши керак.
Мамлакатимиз таълим тизими жаҳоннинг ривожланган давлатлари таълим соҳасидаги инновaциялар қўлланилаётгани, таълимнинг дунё стандартига мослашуви сабабли ўта муҳим ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Бу эса янги турдаги таълимни шакллантириш каби долзарб вазифаларни ҳал этишни тақозо этади. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, умумий ўрта таълим тизими, олий таълим муассасалари, илмий марказлар, таълим тизими давлат бошқарув ташкилотлари ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, институционал сармоядорлар ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўймасдан туриб ривожланган тизимни қуриш мумкин эмас.
Юртимизда ривожланган хорижий давлатлар таълим тизимини ўрганиш ва жорий этиш бўйича қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида халқ таълими тизимида фойдаланилаётган дарсликлар сифатини ошириш, хорижий ўқув қўлланмаларни қўшимча ёки муқобил ўқув материаллари сифатида қўллаш амалиётини йўлга қўйиш, юқори натижаларга эришган юқори синф ўқувчиларига ривожланган хорижий давлатларда ҳамкорлик дастурлари орқали мақсадли таълим олиш тартибини жорий этиш, хорижий тиллар ва ахборот-коммуникaция технологияларини ўқитиш жараёни методик ёрдам кўрсатиш белгилаб қўйилган. Бу бизнинг таълим тизимимизда ҳам ҳориждаги ўқув-тарбия ишларининг йўлга қўйилишига эътибор ва қизиқишнинг тез суръатлар билан ўсиб бораётганидан далолат.
Халқ таълими тизимида чет эл таълимини ўрганиш билан шуғулланувчи муассасалар ҳам ташкил топмоқда. Таълим-тарбия билан боғлиқ барча саъй-ҳаракатлар билим берувчи, тарбияловчи, зиё тарқатувчи, бошқа мутасадди шахслар, қисқаси, устоз ва мураббийлар билан билим олувчи, тарбияланувчи, умуман олганда, ўқувчи ва талабалар мисолидаги шогирдларларнинг биргаликдаги ақлий ва жисмоний меҳнати, ҳамкорликдаги ёки мустақил меҳнати, фаоллиги ва ижодий фикрлашидан иборат бўлган кўпқиррали ва мураккаб жараёнлардир.
Кейинги йилларда юз бераётган туб ўзгаришлар барча соҳаларда янгича инновaцион ёндашувлар, мавжуд қарашлар, амалдаги чора-тадбирлар ва фаолиятга муносабатларни замонавий тенденциялар ва стандартлар асосида ислоҳ этишни тақозо қилмоқда. Истиқлол йилларида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилганини таъкидлаган ҳолда, айтишимиз жоизки, мақсадлар ва уларга эришишнинг усул ва воситаларини аниқ белгилай олмаслик, меҳнат бозори талабларини чуқур ўрганмаслик, ундаги талаб ва таклифнинг номувофиқлиги, одамларнинг ижтимоий аҳволи ва хоҳиш-истакларини инобатга олмаслик оқибатида анчагина жиддий хато ва камчиликлар ҳам кузатилди. Натижада, “Таълим тўғрисида”ги қонун ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури”да назарда тутилган талаблар тўлиқ ижросини топмади.
Ўтган йиллар давомида биз барча соҳалар каби таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳам ўзимизга хос ва мос йўлни топишга кўпроқ эътибор қаратдик. Кейинги йилларда халқаро даражада дарс бера олиш лаёқатига эга кадрларни тайёрлаш зарурати давлатимиз таълим сиёсатида муҳим вазифа бўлиб турибди. Бунга эришиш учун қатор халқаро талабларга тўла жавоб бера оладиган таълим муассасаларини ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан энг асосийси Президент мактаблари ташкил этилди ва ушбу мактабларда жаҳон таълим стандартларига асосланган дарслар жорий этилган.
Ҳар қандай таълим шаклида, энг аввало, келажак авлодни тарбиялашга масъул ўқитувчи шахси ва профессионал компетенцияси муҳим аҳамият касб этади. Президент мактаблари учун ўқитувчи кадрларни танлаб олишда ҳам қатор талаблар ишлаб чиқилган. Педагогнинг муайян соҳада олий педагогик маълумот эгаллаган бўлиши, умумий таълим муассасаларида 5 йилдан кам бўлмаган педагогик иш тажрибасига эга бўлиши, ахборот-коммуникация технологиялардан фойдалана олиши кераклиги кабилар шулар жумласидан.
Чирчиқ давлат педагогика университетида Президент мактаблари ўқув дастури ҳамда халқаро таълим муассасаларининг стандартларини ўрганиш ишлари бошланди. Дастлаб Президент мактаби дастурлари асосида кадр тайёрлаш чораси бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган бўлиб, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги Президент мактаби ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Самарали натижага эришишнинг асосий шарти педагогик амалиётни Президент мактабида ўтказиш эканлиги аниқланди ва бу борада ҳам меъёрий ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Ҳозирги кунда ўқитувчи шахсига қўйилаётган талаблардан бири, ўз соҳаси бўйича етарлича билим, кўникма, малака ва тажрибага эга бўлиш билан бир қаторда ташкилотчилик қобилияти, креатив фикрлаш салоҳияти, инсон психологиясини билиш даражаси, равон ва ифодали нутқ соҳиби бўлиши, мулоқотмандлик, жамоа билан ишлай олиш қобилияти каби фазилатларни ҳам эгаллаган бўлишлари шарт.
Ўқитувчилик касби муқаддас касблардан бири. Агар деҳқон ерга қадаган уруғи ҳосилини бир йилда олса, боғбон эккан ниҳоли мевасини узоғи билан уч йилда олади. Устоз-мураббий эса берган таълим-тарбияси натижасини узоқ йиллар кутади. Шундай экан, эртанги кунимиз равнақи, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий жабҳалардаги муваффақиятларимиз бугунги кунда бераётган сабоқларимизга чамбарчас боғлиқдир. Машҳур маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний миллат тарбиясига қаратилган асарларида “болаларда фикрлаш иқтидорини ҳосил қилиш, фикр тарбияси бениҳоя зарур ва муқаддас бир вазифа эканлигини таъкидлаб, у муаллимларнинг “диққатларига суялган, виждонларига юкланган” бўлиб, уларнинг “ёрдамига сўнг даражада муҳтож”, деб ёзган эди. Тўғри қайд этилганидек, “фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги” албатта муаллимга боғлиқдир. Зотан, бу фикрлар қарийб юз йиллар муқаддам айтилган бўлиб, ҳозирги кунда бу масъулият кўп карра ошганини ҳаёт яққол кўрсатиб турибди.
Дониёр АҲМАДЖОНОВ,
Чирчиқ давлат педагогика университети ўқув ишлари бўйича проректор