баннер
26 мар 2025
03:50

    Ҳозир диплом учун эмас, етук мутахассис бўлиш учун ўқийдиган давр

    Биз тараққиётнинг тобора илдамлаб бораётгани ҳақида кўп ва хўб сўз юритганмиз. У билан ҳамқадам бўлишга, ривожланишлар шиддатидан ортда қолмасликка ҳаракат қилиб келяпмиз. Бугун шов-шувларга сабаб бўлган янгилик эртага оддий ҳолатга айланиб бораётган даврда фарзандларимиз янада билимли, ҳунарли бўлиши учун имкониятлар майдонини кенгайтириб бораётганимиз ҳам бежиз эмас.

    Биргина олий таълим соҳасини олайлик. Бугун биз тайёрлаётган кадрлар, мутахассислар ишлаб чиқариш бозорида қанчалар харидоргир? Корхона ва олий таълим муассасаси ўртасидаги ҳамкорлик ўзини қай даражада оқлаяпти? Муаммолар нимада, ечим қаерда?

    Президентимиз раислигида 2024 йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу ҳақда атрофлича фикр юритилди.

    Ўзгаришлар фурсати

    Таълимга эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилиши Ўзбекистоннинг келажакда ўзига хос таълим хаби бўлишини таъминлайди. Иқтисодий ўсиш барча тизимлар ривожи учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Аҳоли даромади ошади, иш ўринлари кўпаяди, янги инновацияларни жорий этиш имкониятлари кенгаяди. Бу, ўз навбатида, малакали кадрларга талаб ортишига сабаб бўлади.

    20 июндаги йиғилишда белгилаб берилган вазифалар муҳандислик соҳасидаги олий таълим муассасалари учун янги даврни, ўзгаришлар жараёнини бошлаб берди. Биринчидан, олий таълим муассасаларининг саноат корхоналари билан ҳамкорлиги кўлами янада кенгайди. Иккинчидан, олий таълим муассасалари оптималлаштирилиши белгиланди. Учинчидан, олийгоҳларнинг ишлаб чиқариш соҳалари билан ўзаро интеграцияси янада кучайтирилмоқда.

    Кадрлар салоҳияти биргина олий таълим муассасаси берадиган билим билан чегараланиб қолмайди. Шу боис, учун давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантириш учун янги ташаббусларни илгари сурди. Эндиликда техника йўналишида ўқитиш ва илмий тадқиқот жараёнлари илғор тажрибалар асосида тўлиқ ўзгартирилмоқда. Улар йириклаштирилиб, дуал таълим тизимига ўтказилмоқда.

    Меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлардан воз кечиш вақти келди. Олий таълим муассасалари таълим йўналишларини ишлаб чиқариш соҳасидаги талаблардан келиб чиқиб белгилаши лозим. Сабаби, тизимда хусусий таълим ташкилотлари фаолияти ҳам ривожланиб бораётгани рақобат муҳитини кенгайтирмоқда. Ота-оналар, ёшларнинг дунёқараши ўзгаряпти. Ҳозир диплом учун эмас, мутахассис бўлиб етишиш учун ўқийдиган пайт. “Ўқияптими, ўқияпти”, деб эмас, “Ўрганяптими, изланяптими?” дея савол қўядиган, фикр юритадиган вақт ҳозир.

    Шунинг учун “тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили асосида ҳар бир олийгоҳга саноат корхонасини ҳамкор сифатида бириктириб қўйиш белгиланди. Ҳамкор корхоналарда барча муҳандислик олийгоҳлари кафедралари очилди. Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинмоқда.

    Дунёда билан ҳамқадам

    Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий бундай деган: “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”. Бу ҳикмат бугунги кун учун айтилгандек гўё. Бир аср илгари айтилган, бироқ ҳозир ҳам катта қадр-қийматга эга ҳикмат бу.

    Олий таълим муассасалари сони ва қамрови ортиб бораётгани, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шакллангани, малакали мутахассис тайёрлашга талаб давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳар биримизнинг зиммамизга катта масъулият юклайди.

    Дунё билан тенглашиш учун дунё билан ҳамқадам бўлиш лозим. Сир эмаски, бугунги кунда жаҳон университетлари “Университет 4.0” моделига ва тўртинчи саноат инқилобига ўтиш каби масалалар устида бош қотирмоқда. Бу нимани англатади?

    “Университет 1.0” моделидаги университетлар фақат таълим бериш, “Университет 2.0” моделидаги университетлар таълим бериш билан бирга илмий фаолиятни ҳам йўлга қўйиш, “Университет 3.0” моделидаги университетлар эса илмий фаолият, таълим ва илмий ғояларни бизнесга татбиқ этиш билан шуғулланади.

    “Университет 4.0” моделидаги университетлар бутун эътиборини миллий иқтисодиётнинг саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларини фундаментал ўзгартириб, янги йўналишлар очиш, харажатларни максимал даражада минималлаштириш орқали даромадларни юксалтириш, инсон омилини чеклаш орқали иқтисодиётнинг ҳар бир жабҳасини рақамлаштиришга эришиш, иқтисодий ўсишни таъминловчи янги инновацион моделларни таклиф қилишга қаратади.

    4-саноат инқилоби эса сунъий интеллект, робототехника, инсон омилисиз ўзаро алоқа ўрнатиш имконини берувчи йўналишлар интернети, генетик муҳандисликнинг жадал суръатлар билан ҳаётга татбиқ этилишидир.

    Жорий йилнинг 7 февраль куни Президентимиз раислигида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча соҳалар каби олий таълим тизимидаги фаолият кўлами таҳлил қилинди. Ёшларнинг ахборот технологиялари бўйича билим ва малакаларини ошириш, рақамлаштириш сиёсатини изчил амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар ҳам ўртага ташланди. Давлатимиз раҳбари “Қайси раҳбар рақамлаштиришни кечиктирса, очиқлик сиёсатимизга қарши чиққан бўлади”, дея таъкидлади.

    Бундан ташқари, ёшларни IT ва чет тилига ўқитиб, халқаро тан олинган сертификат берадиган тадбиркорлар биринчи йил ижара тўламаслиги белгиланди. Бу саъй-ҳаракатлар дунё билан бўйлашиш, ривожланган давлатлар билан ҳамқадам бўлиш, соғлом рақобатга киришиш учун қилинмоқда.

    Янгиланишлар моҳияти

    Бугун дунё эврилишлар шиддатини теран ҳис этмоқда. Етакчи давлатлар бюджетининг асосий қисмини янги технологияларни жорий этишга сарфлаётгани шундан. Шундай экан, биз ҳам янгиланишлар сари илдамроқ қадам ташлашимиз лозим. Шу ўринда олий таълим муассасаларида энергетика соҳаси учун сунъий интеллект ва рақамлаштириш, инжиниринг, ишлаб чиқариш муаммолари ечимига қаратилган илмий-инновацион ишланмаларни яратиш ва тижоратлаштириш йўналишида илмий-амалий фаолият юритадиган “Яшил энергетика ва интеллектуал энергетик тизимлар” илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

    Республикамизда драйвер соҳага айланган энергетика тизимида “яшил” энергетикани ривожлантиришга қаратилган интеллектуал энергетик тизимлар, қайта тикланувчи энергия турлари асосидаги энергиятежамкор технологиялар ва қурилмалар, саноат иссиқлик энергетикаси, сунъий интеллект ва рақамли энергетика йўналишларидаги илмий изланишлар жадаллаштирилмоқда. Илмий тадқиқот ишлари нуфузли хорижий илмий марказлар, Ўзбекистон Фанлар академияси илмий текшириш институтлари ва соҳа корхоналари билан ҳамкорликда ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимларини ишлаб чиқаришга қаратилади.

    Бунда ёқилғи-энергетика комплекси тармоқлари ва энергия ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва ишлатиш тизимларидаги илмий-технологик муаммолар бўйича илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, рақамли илмий-инновацион ечимлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқиш, “тармоқ-корхона-олийгоҳ-илмий тадқиқот институти” занжири асосида илмий ишланмаларни тижоратлаштириш амалга оширилади. Нуфузли корхоналар билан ҳамкорлик кўлами янада кенгаяди.

    Муҳандислик соҳасида ёш олимлар ва талабаларнинг бизнесга йўналтирилган инновацион ғояларини бозорга тайёр маҳсулот сифатида етказиш, тадқиқотчиларнинг ишланмалари ва лойиҳаларининг тажриба нусхалари ҳамда прототипларини ясаш ва синовдан ўтказиш шароитларини яратиш мақсадида олий таълим муассасаларида “Устахона-Fablab”, 3D-лойиҳалаш ва моделлаштириш ҳамда кичик ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Бу, ўз навбатида, ёш олимлар ва талабалар учун иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

    “Устахона-Fablab” комплексидаги кичик ишлаб чиқариш цехларида талаба ёшлар ва тадқиқотчилар инновацион ва тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилинади. Ҳудуддаги илмий-техник лойиҳаларни бошқариш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган корхоналар билан ўзаро самарали ҳамкорлик ўрнатилади ва илмий-инновацион ишланмалар тижоратлаштирилади.

    Устахоналарда талабалар учун инновацион ишланмаларнинг тажриба нусхалари ва прототипларини бепул тайёрлаш, коворкинг, стартап лойиҳаларнинг акселерация дастурларини ишлаб чиқиш, 3D лойиҳалаш ва моделлаштириш, муҳандислик соҳасида илмий ва инновацион хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилади.

    2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”, деб номланиши муносабати билан ёшлар ўртасида “яшил” маданиятни ривожлантириш, таълим сифатини янада яхшилаш, илм-фанни юксалтириш кўзда тутилган. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестициялар ва ташқи беғараз кўмак (грант) ҳамда тўғридан тўғри кредит маблағларни жалб қилиш, экспорт кўрсаткичларини ошириш бўйича истиқболли режалар белгилаб олинди. Бу масъулиятли вазифани бажариш ҳар биримиздан янада изланишни ва тинимсиз меҳнат қилишни тақозо этади.


    Орифжон БОЗОРОВ,

    физика-математика фанлари номзоди, доцент


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech