Унда Президент таълим муассасалари агентлиги Мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Гавҳар Ишимова, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби директори Тўрабой Шерматов, Cambridge Assessment International Education ташкилотининг таълим йўналиши бўйича бош маслаҳатчиси Стeве Кинг, Cambridge Assessment International Education ташкилотининг касбий ривожланиш дастурлари бўлими бошлиғи Сара Турнер ва Президент таълим муассасалари агентлиги халқаро маслаҳатчиси Мишель Гадди иштирок этди.
Матбуот анжуманида PDQ (Professional Development Qualification) дастури, Cambridge Assessment International Education ташкилоти томонидан Президент мактабларининг аккредитациядан ўтказилаётгани ҳамда Президент мактабларининг CIS (Council of International Schools) Халқаро мактаблар кенгашига аъзо бўлиш жараёни ҳақида сўз борди.
PDQ (Professional Development Qualification) дастури
Ҳозирда Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази Cambridge Assessment International Education ташкилоти билан ҳамкорликда ўқитувчиларни касбий ривожлантиришга қаратилган PDQ (Professional Development Qualification) дастури устида иш олиб бормоқда.
Мазкур дастурнинг бошқа малака ошириш дастурларидан фарқи шундаки, PDQда нафақат умумий семинар-машғулотлар, балки ҳар бир фан йўналишида ихтисослаштирилган махсус дарслар ҳам бўлади. Бу эса ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш билан бир қаторда ўз фани доирасида методик кўмак олишига ёрдам беради.
PDQ дастури педагогларга мунтазам равишда ўз устида ишлаш имкониятини беради, дарслар гибрид шаклида ташкил этилади. Бунда нафақат ўқитувчилар, балки бутун мактаб жамоаси билан ишлашга, ҳар бир таълим муассасаси учун алоҳида стратегия ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.
Жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб эса Агентлик тизимидаги мактабларнинг бир гуруҳ ўқитувчилари тажриба-синов тариқасида мазкур дастур асосида малака оширишлари жорий қилиниши режалаштирилган.
Ҳозирда Cambridge Assessment International Education ташкилоти вакиллари Тошкентда бўлиб туришибди, лойиҳа устида ишлар қизғин давом этмоқда.
Шунингдек, айни пайтда мазкур дастурни маҳаллийлаштириш устида ҳам иш олиб борилмоқда. Яъни, келажакда фақат инглиз тилини билган педагоглар эмас, балки барча ўқитувчилар PDQ асосида касбий маҳоратларини оширишлари мумкин бўлади.
Президент мактаблари Cambridge Assessment International Education ташкилоти томонидан аккредитациядан ўтказилмоқда
Хабарингиз бор, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактаблари фаолияти халқаро ҳамкор ташкилот – Cambridge Assessment International Education билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Мазкур ташкилот ўқув жараёнларида ҳамкорлик қилиш билан бир қаторда, мактаб фаолияти ҳамда ўқув жараёнларининг сифатли ташкил этилгани кўрсаткичлари асосида мактабларни халқаро аккредитациядан ўтказади.
Аккредитациядан муваффақиятли ўтиш мактабларнинг ушбу ташкилот томонидан тан олинганини билдиради.
Ўтган давр ичида 4 та Президент мактаби – Нукус, Наманган, Хива ва Тошкент шаҳарларидаги Президент мактаблари Cambridge Assessment International Education ташкилоти аккредитациясидан ўтди. Ҳозирда эса 2021-2022-ўқув йилида ўз фаолиятини бошлаган 10 та янги Президент мактаби аккредитациядан ўтиш жараёнида.
Маълумки, халқаро аккредитациядан ўтиш осон жараён ҳисобланмайди. Бунинг учун таълим муассасаси қатор талабларга жавоб бериши керак. Жумладан, бунда:
— таълим муассасасида Cambridge Assessment дастурларининг муваффақиятли тадбиқ этилгани,
— SCIENCE ва табиий фанлар – математика, физика, кимё, биология фанлари учун тўлиқ лаборатория хоналари билан таъминлангани,
— Cambridge Assessment имтиҳонларининг шаффоф ва сифатли ташкил этиш учун мактабда етарли шарт-шароитларнинг (имтиҳон саволлари сақланадиган secure room’ларнинг мавжудлиги, жараёнлар камера кузатувида амалга оширилгани) яратилганига алоҳида эътибор қаратилади.
Аккредитация жараёни икки босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда Cambridge Assessment International Education вакилларидан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан мактаблар фаолияти онлайн таҳлил қилинади, керакли маълумотлар ташкилотга тақдим этилади.
Мазкур босқич муваффақиятли ўтгач, ишчи гуруҳ мактабда бўлиб, таълим муассасасининг талаб этилган мезонларга қай даражада мос келишини ўрганади.
Ҳозирда янги очилган 10 та Президент мактабида аккредитациядан ўтиш жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Президент мактабларининг CIS (Council of International Schools) аккредетациясидан ўтказилиши
CIS (Халқаро мактаблар кенгаши) бу бутун дунёга машҳур ташкилот бўлиб, мазкур кенгаш аъзоси бўлиш халқаро даражада тан олинишни англатади.
Халқаро мактаблар кенгашига аъзо бўлиш учун, жумладан қуйидаги талаблар қўйилган:
- Таълим муассасаси фаолият йўналишининг сифатли ташкил этилгани,
- Мактаб бошқаруви, маъмурият фаолиятининг сифатли йўлга қўйилгани,
- Ўқув дастурининг мувафаққиятли жорий қилингани,
- Дарс жараёнларининг сифатли ташкил этилгани ҳамда баҳолаш тизими,
- Ўқувчилар учун зарурий шароитларнинг яратилаётгани;
- Таълим муассасасининг кадрлар билан тўлиқ таъминлангани,
- Таълим муассасаси жойлашган бинонинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши, технологик ва ёрдамчи тизимларнинг мавжудлиги.
3 йил давомида Халқаро мактаблар кенгаши ишчи гуруҳи томонидан таълим муассаси мазкур мезонларга нақадар мос келиши ўрганилади. Ушбу ишчи гуруҳ дунёнинг турли бурчакларидан йиғилган таълим соҳасининг мутахассисларидан таркиб топади.
Айни пайтда 2019 йилда фаолиятини бошлаган 4 та – Нукус, Хива, Наманган ва Тошкент шаҳарларидаги Президент мактаблари мазкур кенгаш аъзолигига ўтиш жараёнида. 2021-2022-ўқув йилида ўз фаолиятини бошлаган 10 та янги Президент мактабини ҳам босқичма-босқич мазкур кенгаш аъзолигига ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда CIS (Халқаро мактаблар кенгаши)га аъзолик учун барча ҳужжатлар муваффақиятли топширилган, ҳамда ташкилот томонидан Президент мактаблари “супер гуруҳ”га киритилган. Бу дегани, Президент мактабларининг халқаро мактаблар кенгашига аъзо бўлиши 3 йилда эмас, 2 йилда кўриб чиқилади.
“Рақамли авлод” ўқув-тадқиқот инклюзив лабораторияси
Президент таълим муассасалари агентлиги ва “Digital Generation Uzbekistan” Нодавлат нотижорат муассасаси томонидан “Рақамли авлод” ўқув-тадқиқот инклюзив лабораторияси жорий этилди.
Мазкур лаборатория доирасида айни пайтда методология дастурлари устида иш олиб борилмоқда.
Ҳозирда Тошкент шаҳридаги 102- ва 106- сонли эшитиш қобилияти заиф болалар мактаб-интернати ўқувчилари учун робототехника ва рақамли дизайн дарслари ташкил этилган ва дарс машғулотлари бўлиб ўтмоқда.
Тез кунларда замонавий касбларнинг бошқа турлари, жумладан медиа, график дизайн ва SMM дарслари ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.









