Жумладан, Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида ғалла етиштиришнинг ўзига яраша қийинчилиги ва машаққати бор.
Ўз меҳнатларининг самараси ўлароқ, Қизилтепа туманининг Ўртачўл ҳудудида ҳар йили ғалла ўрими биринчилардан бўлиб бошланади. Омилкор фермерлар ўз вақтида зарур чоралар кўргани, замонавий агротехнологиялардан самарали фойдалангани натижасида бу йил ҳам ҳудудда мўл ҳосил етиштирилди.
Ғаллани йиғиб олиш ишлари “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, тажрибали деҳқон Раъно Валиева раҳбарлигидаги “Валиобод” фермер хўжалиги далаларидан бошланди. Айтиш жоиз, ушбу фермер хўжалиги нафақат туман ва вилоятда, балки республикада ҳам илғор хўжаликлардан бири саналади. Ҳар йили ғалла ва пахтачиликда биринчилардан бўлиб белгиланган режани ортиғи билан бажаради.
Бу йил ҳам ғалла ҳосилдорлиги ёмон эмас. Фермер ерга донни қадагач, умид билан ерга, кўкка боқади. Ҳар қандай шароит бўлмасин, қишни қиш, баҳорни баҳор демай, об-ҳаво инжиқликларига қарамай тиним билмайди. Елиб-югуради, меҳнат қилади. Эртанги ҳосил, кутилаётган даромад, ризқ-насиба ана шу меҳнатга, елиб-югуришга, ўз вақтида қилинган агротехник чора-тадбирларга боғлиқ. “Қимирлаган қирдан ошар”, деган ибратли ҳикмат бор. Деҳқон ҳаракатда бўлса, рўзғорида барака, дастурхонида тўкинчилик, юртда эса фаровонлик бўлади.
– Ўн йил механизаторлик қилганман. Қишлоқ хўжалиги илмини, деҳқончилик сирларини ҳам ўргандим. Ҳозирда фемерлар учун барча имкониятлар яратилган. Фақат бундан унумли фойдаланиб, меҳнат қилишимиз лозим. Фермер хўжалигимиз ер майдон 150 гектардан зиёдни ташкил этади. Пахта ва ғалладан олинаётган ҳосилни ҳар йили ошириб боришга ҳаракат қиляпмиз, – дейди тажрибали фермер Раъно Валиева.
Албатта, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида ерга ишлов бериш ривожланди, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очилди, деҳқонларнинг дунёқараши, ерга муносабати ўзгарди. Бугун фермерлар ўзини ернинг ҳақиқий эгаси, деб ҳис қилади. Қанча кўп меҳнат қилса, мўл ҳосил етиштирса, бундан аввало ўзи манфаат кўришини яхши билади. Бу уларни янада ғайрат ва масъулият билан ишлашга, ҳосилдорликни изчил оширишга ундамоқда.
Бу йил Ўртачўл ҳудудида 83 та фермер хўжалигининг 3 минг 534 гектар майдонига ғалла экилган. Бир вақтлар 20–25 центнер ғалла юқори кўрсаткич саналган бўлса, энди бу ерда 70–80 центнердан дон етиштириш одатий ҳолга айланди.
– Вилоятимизда 2023 йил ҳосили учун 38 минг гектар майдонга ғалла экилган бўлиб, уни йиғиб-териб олиш мавсуми учун 100 га яқин отряд ташкил этилди. Комбайн ва бошқа техника воситалари шай ҳолатда. Мавсум якунигача 288 минг тонна ғалла ҳосилини йиғиштириб олишни режалаштирганмиз. Шундан 95 минг тоннаси давлат эҳтиёжи, 39 минг тоннаси биржа савдолари, 10 минг тоннаси уруғлик учун ажратилади, – дейди Навоий вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суннат Худойназаров.
Ҳар йили вилоятда мавсумда қисқа фурсатларда ғаллани нобудгарчиликсиз йиғиб олиш, уни сотишда янги тизим шаффофлиги, фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари манфаатдорлигини таъминлаш, ички бозорда ун ва дон маҳсулотлари нархининг ўсиши ва тақчиллигининг олдини олиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.
Ризқ-рўзимиз бўлган буғдойни исроф қилмасдан йиғиштириб олишда далаларда меҳнат қилаётган деҳқонлар, фермерлар, комбайнчилар ва бу жараёнга масъул бошқа мутасаддиларнинг фидойилиги таҳсинга лойиқ. Зеро, уларнинг бугунги машаққатли меҳнати эртанги фаровон турмушимиз ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлайди.
Ҳосил машаққатли меҳнатлар эвазига етиштирилади. Бунинг учун ғаллакор бир зум бўлсада тиним билмайди. Кечани кеча, кундузни кундуз демай ерни шудгорлайди, ерни тайёрлайди, дон униб чиққач суғоради, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантиради, турли ҳашарот ва касалликларга қарши агротехник тадбирларни амалга оширади. Ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш эса алоҳида масъулият талаб этади.
– Қизилтепа туманидаги ғалла майдонларига ушбу мавсумда 30 дан зиёд комбайн бириктирилди. Ушбу техникалар узлуксиз ишлаши учун тўлиқ техник кўрикдан ўтказилиб, камчиликлар бартараф этилди. Мавсум бошлангандан буён ҳар куни техник назорат ишлари ҳам олиб борилмоқда, – дейди “Ўзагроинспекция” Қизилтепа тумани бўлими инспектори Олимжон Атауллаев.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда деҳқон меҳнатига кўрсатилаётган рағбат, фермерлик ҳаракатининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши оддий инсонларнинг оддий интилишларини юзага чиқариб, эл фаровонлигида ўз аксини топиб бормоқда.
Муҳими, бугун ер ўзининг муносиб эгасини топган. Ҳосилдорлик ҳисобига манфаатдорлик ҳам ортди. Меҳнатлари эвазига даромади ортаётган миришкорларимиз айни кунларда етиштирилган ҳосилни охиригача нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш билан банд.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири