Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида миллий оператор тармоғини ривожлантириш бўйича етарлича чоралар кўрилмагани оқибатида Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида Ўзбекистон 93-ўринда қолаётгани қайд этилганди. Шу боис, почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, почта алоқаси хизматларини тақдим этиш фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш орқали Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи 50 таликка киритиш мақсади белгиланди. Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Қарор ижросини таъминлаш почта алоқаси объектларида замонавий, шу жумладан, “гибрид почта” хизматини ривожлантириш ва иш унумдорлигини ошириш учун ушбу хизматдан фойдаланиш бўйича элликдан ортиқ давлат органи билан шартномалар тузилди. Шунингдек, иккита автомат конвертлаш ускунаси харид қилиниб, Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилмоқда.
Мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиши учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплекс (почтамат)ларни жорий этиш бўйича лойиҳавий техник ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, танлов ўтказилди. Бугунги кунга қадар ўттизта почтамат келтирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказига етказилди. Ҳозир уларга ахборот тизимлари ўрнатилмоқда.
Давлат хизматлари кўрсатиладиган почта алоқа бўлимлари ва уларнинг ходимлари рўйхати шакллантирилмоқда. Жумладан, 702 та почта алоқа объектида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган ҳолда ўн етти турдаги давлат хизматлари кўрсатиляпти. Шу кунга қадар почта алоқаси объектлари орқали аҳолига 4 минг 750 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган.
Бугунги кунда www.pochta.uz сайти орқали даврий матбуот нашрларига онлайн обуна хизмати йўлга қўйилди. 250 турдан ортиқ даврий матбуот нашрига онлайн обуна уюштириш имконияти яратилди. Онлайн обуна дастури Payme ва CLICK мобиль иловаси билан интеграция қилинди.
Почта хизматлари кўрсатиш жараёнини автоматлаштириш юзасидан техник топшириқ ишлаб чиқилиб, танлов ўтказилди ва ишлаб чиқарувчи билан шартнома тузилди. Почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизим 2021 йил 17 майдан Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилди. Уч юзта компьютер ва юз элликта кўп функцияли ускуна харид қилиниб, тегишли жойларга етказилди. Шунингдек, мингта мобилб қурилма билан таъминланди.
Ахборот-коммуникация технологиялари бўйича хизмат кўрсатувчи ходимларни учун ўқитиш ва малакаси ошириш мақсадида “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг ходимлар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилди. Почта алоқа объектларида амалдаги банк ва молиявий, давлат ва электрон тижорат хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш ҳамда қўшимча хизмат турларини жорий этиш бўйича ходимларнинг малакасини ошириш юзасидан АТ “Алоқабанк”, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ва “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки” МЧЖ ўртасида битим имзоланган.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш, шунингдек, товарларни экспорт қилиш имкониятини берувчи тизим яратилди. Ҳозир “Unisavdo” миллий онлайн савдо майдончасига тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотларни жойлаштириш бўйича 300 нафар ишбилармон билан шартномалар тузилди. Бугунги кунда тадбиркорлар ва интернет-магазинларнинг 7359 турга яқин маҳсулотини “Unisavdo” миллий онлайн савдо майдончасига киритиш юзасидан амалий ишлар бажарилмоқда.
Интернет-савдо майдончалари эгаларига ўз маҳсулотларини сақлаш, яъни омборхона муаммосини ҳал этиш ҳамда интернет-савдо майдончаси орқали харид қилинган маҳсулотларни шу ернинг ўзида тез муддатда қадоқлаб, мижозларга етказиб бериш имкониятини берадиган тўртта логистика маркази шу йил якунига қадар Тошкент шаҳри, Асака тумани, Вобкент тумани ва Урганч шаҳрида ташкил этилади.
Президентининг мазкур қарори бозор иқтисодиёти шароитида рақабатбардошликка интилаётган “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва почта хизматлари кўрсатаётган кўплаб маҳаллий почта курьерлик ташкилотлари, хорижий компаниялар фаолиятини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтаяпти.
Зеро, ушбу қарор бўйича белгиланган вазифаларни бажариш барча соҳа мутахассислари, ходимлари, мутасадди корхона ва ташкилотлар олдида турган муҳим ва долзарб, кечиктириб бўлмайдиган масалалардан ҳисобланади. Чунки почта хизматларидан фойдаланиш юртдошларимиз кундалик ҳаётидаги энг муҳим заруратдир.
Моҳинур ҚУДРАТУЛЛАЕВА,
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги
ахборот хизмати масъул ходими









