Ҳудудда чуқур ўйланган ташқи сиёсат юритиш минтақада хавфсизликни ва барқарор ривожланишни таъминлашда ҳамда стратегик геосиёсий мувозанатни сақлашда жуда муҳим. Бундай сиёсат, албатта, жуда катта масъулиятни, дипломатик маҳоратни ва кучли сиёсий иродани талаб қилади.
Президентимиз юритаётган фаол яхши қўшничилик сиёсати туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиёда соғлом сиёсий иқлим ва дўстона муҳит вужудга келди, бу минтақада кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда дунё эксперт-таҳлил ҳамжамияти вакиллари томонидан минтақамизга қизиқиш сезиларли тарзда ошди. Улар бугунги Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётининг ўзига хос хусусиятларини чуқурроқ ўрганишга интилмоқда. Таъкидлаш жоизки, минтақа давлатлари ўртасидаги илмий алоқалар фаоллашмоқда. Унинг асосида минтақавий иқтисодиёт ва турли соҳаларда давлатлараро муносабатларнинг истиқболларини биргаликда ўрганиш, долзарб таклифлар ишлаб чиқиш зарурати ётибди.
Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари лавозимига киришганидан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш масаласи давлат ташқи сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Президентимиз минтақадаги кўплаб ҳудудий низолар, сув ва энергия билан боғлиқ муаммолар, транспорт-логистика масалаларини муваффақиятли ва ўзаро манфаатли ҳал қилишга интилишларнинг бош илҳомчиси бўлди. Унинг бу борадаги ташаббускорлиги Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни тенденция даражасига кўтарди. Оқибат ўлароқ минтақада қатор стратегик йўналишларда фаол ўзаро ҳамкорлик авж олди. Минтақа мамлакатлари ўзаро савдо айланмаси ва иқтисодий интеграцияни кенгайтиришга интила бошлади. Шу мақсадда божхона тўсиқларини камайтириш, эркин савдо ҳудудларини ривожлантириш, қўшма корхоналар ва иқтисодий кластерлар ташкил этиш каби чоралар кўрилди.
Шунингдек, транспорт йўлакларини ривожлантириш, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, таълим ва фан соҳасидаги алоқаларни жадаллаштириш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, минтақавий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш борасида ҳам ҳамжиҳатликда фаолият юритиш бошланди. Ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик минтақанинг барқарорлиги ва иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Шу нуқтаи назардан ёндашганда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон Президентларининг Хўжанддаги уч томонлама учрашувини, мазкур мамлакатлар чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланишини ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида баҳоламоқ керак.
Шартнома имзоланишининг стратегик аҳамияти беқиёс.
Биринчидан, Марказий Осиёда чегара масалаларининг тинч ва музокаралар йўли билан ҳал этилиши давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди. Бу келишув минтақанинг сиёсий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатиб, келгусида чегаравий низоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Чегара муаммолари ҳал қилиниши минтақа давлатлари ўртасидаги дипломатик муносабатларни кучайтириш билан бирга, ташқи сиёсатда ҳам янада самарали ҳамкорлик учун замин яратади.
Иккинчидан, мазкур ҳужжат транспорт ва савдо йўлакларининг янада эркинлашишига кенг имкониятлар яратиб беради. Давлатлар ўртасидаги логистик тўсиқлар бартараф этилиши маҳсулот ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишини рағбатлантиради. Бу эса иқтисодиётнинг турли соҳалари юксалишини таъминлайди. Хусусан, мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти ошади, минтақадаги экспорт ва импорт жараёнлари жадаллашади, уларда фаолият юритаётган тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшиги очилади.
Учинчидан, шартнома минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига янада кучлироқ туртки бериши шубҳасиз. Чегара ҳудудларида яшаётган аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар вужудга келади, минтақа бўйлаб савдо-сотиқ ва туризм ривожланишига шароит яратилади. Шунингдек, трансчегаравий ҳамкорлик орқали сув, энергетика ва экологик масалаларни ҳал этиш осонлашади. Бу эса минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим қадамлардан бири бўлиши мумкин.
Шартноманинг стратегик аҳамиятларидан яна бири шундаки, у Марказий Осиё давлатларининг интеграция жараёнларига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ҳужжат яқин келажакда минтақа мамлакатларини ўзаро ҳамжиҳатликка чорлаб турувчи, иқтисодий, маданий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос вазифасини ўтовчи тарихий ҳужжат бўлиб қолади. Халқаро майдонда Марказий Осиё мамлакатларининг биргаликда ҳаракат қилиши глобал иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Хўжандда уч давлат раҳбари иштирокида Дўстлик стеласи ҳам очилди. Стеланинг айни тарихий ҳужжат имзоланаётган паллада очилиши унга ўзига хос рамз бахш этди. У минтақа мамлакатлари орасидаги стратегик ҳамкорликнинг ёрқин тимсолига айланиши шубҳасиз. Бу рамзий ҳаракат фуқаролар ўртасидаги ўзаро тушуниш ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Умуман олганда, мазкур шартнома нафақат чегаравий масалаларни ҳал қилиш, балки Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган кенг қамровли ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Унинг амалга оширилиши минтақа мамлакатлари учун узоқ муддатли иқтисодий ўсиш ва сиёсий барқарорлик йўлида мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.
Дилмурод НАБИЕВ,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
Ҳамкорлик материали