Яқинда Президентимиз раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселекторда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янги босқичга кўтаришга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Мазкур йиғилишда илгари сурилган ташаббуслар ва рақамлар соҳага қаратилаётган эътиборни яққол ифода этмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон нафақат қадимий шаҳарлари ва бетакрор меъморий обидалари билан, балки туризмнинг янги ва замонавий йўналишларини ривожлантиришга бўлган интилиши билан ҳам жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда.
Хусусан, юртимизнинг барча тарихий обидаларига кириш имконини берувчи ягона “Турист карта“нинг жорий этилиши бу борада сайёҳлар учун муҳим янгилик бўлади. Бундан ташқари, маданий мерос объектларини реставрация қилишга камида 4 миллиард доллар грант маблағларининг жалб этилиши соҳага қаратилаётган инвестициялар салмоғини кўрсатади.
Эсласак, сўнгги йилларда виза тартибининг сезиларли даражада либераллаштирилиши, электрон виза тизимининг жорий этилиши мамлакатимизга келувчи сайёҳлар оқимининг кескин ошишига замин яратди. Бу нафақат хорижий сайёҳлар учун қулайликларни яратди, балки мамлакатимизнинг очиқлик ва дўстоналик сиёсатининг ёрқин намунаси бўлди. Эндиликда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Буюк Ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридори салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланмоқда.
Жорий йилнинг ўзида туризм соҳасида катта ўзгаришлар кутилмоқда. Хорижий туристлардан келадиган экспорт 15 миллион кишини ва 4 миллиард долларни ташкил этиши кўзланмоқда. Бундан ташқари, 635 та меҳмонхона ва меҳмон уйларининг ишга туширилиши натижасида 50 мингта янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, қўшимча 375 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиши режалаштирилган. Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида 1 тадан, Бухорода эса 2 та ва Қашқадарёда 3 та туризм қишлоғини ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар белгиланган.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳам фаол ишлар олиб борилмоқда. Умумий қиймати 42 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни таъминлаш, шу жумладан, 5,3 миллиард долларлик хорижий молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. 81 та йирик лойиҳани ишга тушириш ва 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Донор ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик натижасида 2 миллиард доллар грант олиб келиш мақсад қилинган. Банклар томонидан 6 миллиард доллар ресурс жалб қилиш ҳам асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Хусусийлаштириш дастури доирасида 15 та йирик давлат корхонаси евробонд чиқариб, IPOга қўйилади, 49 та корхонадаги давлат улуши халқаро бозорда сотилади. Нью-Йорк, Сингапур, Гонконг, Дубай, Шанхай, Токио, Истанбул каби мегаполислар “Ўзбекистон инвестициялари куни“ ўтказиладиган асосий шаҳарлар сифатида белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлидан қатъий одимлаб, туризм соҳасида ҳам улкан ютуқларга эришди ва бу жараён давом этмоқда. Эндиликда олдимизда турган вазифа — эришилган натижаларни мустаҳкамлаш, жалб этилаётган инвестицияларни самарали ўзлаштириш, янги марралар сари интилиш, жаҳон сайёҳлик бозорида муносиб ўрин эгаллашдир. Демакки, бу жараёнда таълим тизимида малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бориши табиий. Видеоселектор йиғилишида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилган муҳим ўзгаришга тўхталиб ўтди:
“Туризмда олий таълимни 4-йилдан 3-йилга камайтириб, дуал тизимга ўтказдик. Нима учун? Ёшлар кўпроқ амалий билим олиб, тажриба орттириши керак“, — дея таъкидлади Президентимиз.
Дарҳақиқат, бугунги кунда назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларнинг ҳам муҳим аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, туризм каби хизмат кўрсатиш соҳасида талабаларнинг ўқув жараёнидаёқ реал иш муҳити билан танишиши, амалий тажриба орттириши келгусида уларнинг етук мутахассис бўлиб шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Бундай интеграция талабаларнинг нафақат назарий билимларини мустаҳкамлайди, балки уларни меҳнат бозорининг талабларига мослаштиради.
Бу борада Давлатимиз раҳбарининг ушбу тизимга қаратилган эътибори ва қўллаб-қувватлаши, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича олиб борилаётган фаол сиёсат ёшларимизни ҳам шижоатга, ўз устида тинимсиз изланишлар олиб боришга чорламоқда.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори
Ҳамкорлик материали