Президентимизнинг 2021 йил, 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилди.
Бугунги кун-глобаллашув давридир. Бу давр инсониятнинг замон билан ҳамнафас одимлашини талаб этади. Шу боисдан, турли соҳа мутахассислари ўз она тилини мукаммал билиш билан бир қаторда, бир нечта хорижий тилларни билишлари ва мулоқот қила олишлари мақсадга мувофиқ. Бунинг учун хорижий тилларни ўрганиш ва ўқитиш тизимини янада замонавий методлар билан такомиллаштириш ҳамда чет тилларини ўрганишга бўлган мотивацияни ошириш ниҳоятда катта аҳамият касб этади.
Интернет сайтларида хорижий тилларни ўрганишга бағишланган “Инглизча “дунёнинг севимли тили ” бўлиб қола оладими?”, “Чет тили фақат “энглиш”ми?” сарлавҳалари остида ёзилган бир нечта илмий ва илмий-оммабоп мақолаларда муаллифлар хорижий тилларни ўқитиш фақатгина инглиз тили билан чекланиб қолиши керак эмаслигига урғу берадилар.
Дарҳақиқат, хорижий тиллар деганда кўз ўнгимизда барча чет мамлакат тиллари намоён бўлса-да, афсуски, мамлакатимизда мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимида бу борада оқсаш яққол сезилади. Негаки, деярли давлат тасарруфидаги барча ўрта мактабларда шу кунга қадар асосан инглиз тили чет тили сифатида ўргатиб келинмоқда эди. Бироқ Президентимиз ташаббуси билан бугунги кунда таълим муассасалари, тармоқлар ва ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, камида 10 та чет тилини — инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс тилларини ўргатишни ташкиллаштиришдек долзарб масала кун тартибига қўйилган.
Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан бу борада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Тил ўрганиш ва ўқитиш борасида дунёнинг етук олимлари тажрибасида самарали натижа бериб келаётган ўқитиш методикалари, шунингдек, хорижий тилларни ўқитиш соҳасида “боғча-мактаб-олий таълим ташкилоти-корхона” тамойилидаги узлуксиз таълим занжирини жорий этиш, аҳолининг барча қатламларига мос бўлган тилни ўрганиш бўйича услубиёт ва тавсияларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш сингари кўплаб салмоқли ишлар бажарилиб келинмоқда. Агентлик қисқа муддат ичида узлуксиз таълим тизимининг бош бўғинлари саналган вазирликлар, чет тили ўқитишнинг турли соҳаларида фаолият юритиб келаётган кўплаб хорижий ва маҳаллий ташкилотлар ҳамда давлат ва нодавлат таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, катта-катта лойиҳалар устида ишлашга муваффақ бўлмоқда. Жумладан, Британия Кенгаши, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Гёте Институти, Япония ва Корея халқаро ҳамкорлик агентликлари, Ат Танал Ал Араби араб тилини ўқитиш ва тест тизимини ўз ичига олган ташкилот, Истанбул Айдин Университети, шунингдек, Макмиллан, Оксфорд, Пирсон, ММ, Клетт сингари хорижий нашриётлар билан алоқа ўрнатилиб, ҳамкорликда фаолият олиб борилмоқда.
Шунингдек, олис ҳудудларда жойлашган ёки хорижий тилларни ўқитиш бўйича кўрсаткичи паст бўлган таълим ташкилотлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича Агентлик томонидан республикада фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари ва хорижий ҳамкорлар вакилларидан иборат мобил гуруҳлар шакллантирилди. Мазкур мобил гуруҳлар томонидан “каскад” тамойили асосида ҳудудларда хорижий тилларни ўқитиш ва оммалаштириш бўйича тренерлар тайёрланмоқда ҳамда уларнинг ҳудуддаги чет тиллари ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича фаолияти ташкил этилди.
Республикамиздаги 207 нафар умумий ўрта таълим мактабларининг хорижий тилларга ихтисослаштирилиши муносабати билан айни мактабларда хорижий тилларни ўқитишни тубдан ислоҳ этиш ва такомиллаштириш, шу билан бирга республикамиз олий таълим муассасалари қошида хорижий тилларни янада чуқурроқ ўрганиш учун ўқув марказлари ташкил этилди.
Ҳозирги кунда ОТМлар ҳузурида ўзаро келишув асосида ташкил этилган мазкур ўқув марказлар профессор-ўқитувчилар ва талабаларни чет тили билиш даражасини аниқлаш бўйича халқаро ва маҳаллий тестларга тайёрлаш билан бирга, чет тили мутахассислиги бўлмаган ОТМ ўқитувчилари ва талабалари, раҳбар кадрларининг хорижий тиллар бўйича саводхонлигини ошириш соҳасида интенсив курсларни олиб бормоқда. Бу эса олий таълим муассасасидаги барча учун хорижий тилларни билиш саводхонлигини ривожлантиришда катта имконият ва қулай шарт-шароит демакдир.
Агентлик томонидан полиглот (кўп тилни биладиган) талабалар билан ишлаш, полиглот ёшлар ўртасида мусобақа ва тадбирлар уюштириш, уларни рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Келажакда, бу даргоҳ нафақат республикада хорижий тилларни ўқитишни оммалаштиради, балки хорижий тилларда таҳсил олиш ва ўқитишда дуч келадиган ҳар қандай масалаларни ҳал этиб, дунё миқёсида ватанимиз равнақини кўрсата оладиган илм-фан, таълим ва тараққиёт нуфузини кўтаришга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.
Гулруҳ ЭЛМУРАДОВА,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги
бош мутахассиси









