Хорижлик делегация аъзолари Конституциявий комиссия фаолияти билан яқиндан танишди

    2022 йил 20 июлда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси делегацияси Владимир Мисев бошчилигида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф бурди.

    Делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссиянинг раиси Акмал Саидов билан учрашди.

    Унда Конституциявий комиссия аъзолари, Конституциявий қонун лойиҳасига масъул бўлган қўмиталар — Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Ж.Ширинов, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Ш.Бафаев ҳамда мазкур қўмита раиси ўринбосари И.Қудратовлар иштирок этди.

    Мулоқот аввалида меҳмонларга А.Саидов Конституциявий ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

    Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифалар, халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби мақсадлар мамлакатимиздаги туб ислоҳотларга мос янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш зарурати ҳақида тўхталиб ўтилди. Дарҳақиқат, ўтган давр мобайнида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар содир бўлди. Бунда Бош қомусимизда «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштириш долзарблиги ҳақида фикр юритилди.

    Мазкур жадал ислоҳотларни ҳисобга олиб, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияларининг қўшма мажлисида мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббус илгари сурилиб, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид ташкилий-ҳуқуқий масалаларни кўриб чиқиш бўйича Олий Мажлис палаталари Кенгашларига таклиф киритилди.

    Ушбу таклиф Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг 2022 йил 20 майдаги қўшма йиғилишида кўриб чиқилиб, қўллаб-қувватланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича 47 нафардан иборат таркибда Конституциявий комиссия тузилди.

    Таъкидланганидек, аҳолининг Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз таклифларини монеликсиз юбориши учун барча қулайликлар яратилди.

    Хусусан, аҳолининг конституциявий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини янада ошириш мақсадида мобил алоқа компаниялари орқали мамлакатимиз фуқароларига Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларини Конституциявий комиссиянинг барча платформаларига юбориш мумкинлиги тўғрисида 30 миллиондан ортиқ абонентга 3 марта эслатма тариқасидаги СМС-хабарномалар юборилди. Натижада Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси қизғин ўтмоқда. Бугунги кунга қадар 88 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди.

    Учрашувда қайд этилганидек, жамоатчилигимиз конституциявий ислоҳотларни объектив зарурат сифатида қараб, Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда фаол қатнашиб, ўзининг аниқ фуқаролик позицияларини билдиришмоқда. Мазкур жараёнда мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган турли аҳоли қатламлари иштирок этиб, уларнинг барчасига миннатдорлик билдирилмоқда. Бунда айниқса, ёшлар фаол иштирок этиб, таклифларнинг 70 фоизга яқини айнан улардан келиб тушаётгани диққатга сазовордир.

    Ўз навбатида, делегация раҳбари В.Мисев ва делегация аъзоси К.Дашутсиналар берилган батафсил ва таҳлилий ахборот учун миннатдорлик билдириб, сиёсий жараёнлар ҳақидаги саволларига батафсил жавоб олишди.

    Суҳбат самимий ва конструктив руҳда ўтди.

    Делегация аъзолари Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти билан яқиндан танишди.

    Меҳмонларга аҳоли ўз таклифларини Конституциявий комиссияга замонавий воситалар — «Meningkonstitutsiyam.uz» электрон платформаси, қисқа рақамли колл-маркази, почта алоқаси, «Telegram» мессенжеридаги махсус бот орқали юбориш имконияти яратилгани ҳақида маълумотлар берилди.

    Бундан ташқари, босма матбуот нашрлари, телевидение ва радио орқали ҳам таклифлар қабул қилинаётгани, жойларда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда халқ депутатлари Кенгашлари аҳолининг таклифларини оғзаки ёки ёзма шаклда қабул қилинаётгани хусусида ҳам сўзлаб берилди. Бу каби аниқ мақсадга йўналтирилган ўзига хос институционал механизмларнинг яратилгани ишларни тизимли равишда олиб бориш имконини бермоқда.

    Шундан сўнг, делегация аъзолари Конституциявий комиссиянинг Матбуот хизмати ходимлари билан ҳам учрашди. Мулоқотлар чоғида аҳолига конституциявий ислоҳотларга оид ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш мақсадида ОАВ, жумладан, телевидение, радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилгани ҳақида маълумотлар берилди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

    Делегация аъзолари яратилган қулайликларни эътироф этди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates