Хотин-қизлар фаоллиги жамият ривожининг муҳим омилидир

    Сўнгги йилларда мамлактимизда аёллар ҳар бир жабҳада фаол бўлиб, ўз ўрни ва мақомига эга бўлиб бормоқда. Ўзбекистон тарихида илк маротаба Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизини ҳам бугун хотин-қизлар ташкил этаётгани қувонарли.

    Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди. Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими жорий этилди.

    Бугун туман ҳокими вазифасида олти нафар раҳбар аёл ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, фаолият олиб бормоқда. Кимлардир аёл кишининг раҳбар бўлганининг нимаси яхши, дейиши мумкин. Бундай саволга жавоб аниқ: нозик ҳилқат соҳибалари ижтимоий масалаларга кўпроқ юракдан ҳис қилиб ёндашади, дилидан ўтказиб қарорлар қабул қиладилар. Ижтимоий масалалар эса, бу — халқнинг дарди, шу кеча-кундузда унинг бошидан ўтаётган муаммолари билан узвий боғлиқдир.

    Аёл буни кўпроқ, теранроқ англашининг яна бир сабаби у оила бекаси, болалар тарбиячиси, уларнинг соғлиғи учун қайғурадиган шифокордир. Сиёсий ҳаётда фаол бўлган хотин-қизларимиз айнан мана шундай хислатлари туфайли қонунларнинг янада ҳаётий бўлиши учун курашадилар, уларда аниқ масалалар, муаммоларнинг ечимларини ифодалаш учун жон куйдирадилар.

    “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам хотин-қизларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни олий таълимга янада кўпроқ қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.

    Сўнгги йилларда Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди.

    Бугунги кунда хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, меҳнат фаолиятини рағбатлантириш ва одил судловга эришиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шу билан бирга, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тузилди. Мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш, касбий сегрегация, иш ҳақи ўртасидаги фарқ, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаш ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда кенг қамровли тарғибот ишларини ташкил этиш комиссиянинг асосий вазифа сифатида белгилаб қўйилди.

    Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси, туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимиларида жами 358 нафар ходим ишламоқда. Уларнинг 201 тасини аёллар, шундан 33 таси, яъни 16,5 фоизини раҳбар аёллар ташкил этади. 3 нафари Давлат хизматлари марказида директор, 11 нафари бўлим бошлиғи ва 17 нафари ФҲДЁ бўлимида мудира сифатида фаолият олиб боради.

    Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигини тўлақонли таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар стратегик йўл харитаси ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади. Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар эътирофга лойиқ. Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида рўёбга чиқарилмоқда.

    Маҳлиё УСМОНОВА,

    Янгийўл туман ФҲДЁ бўлими

    1-тоифали инспектори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates