Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқилди.
Жабрланган хотин-қизларининг оилавий турмуш муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, ҳаётий ҳақ-ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш, уларнинг маиший зўравонлик қурбонига айланиб қолишларини олдини олиш, ҳаётини қайта йўлга қўйишда моддий ва маънавий, тиббий-психологик ёрдам бериш мақсадида «1146» қисқа рақамли «Ишонч» телефони ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Шунингдек, қизларнинг яхши таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Миллий дастурнинг мақсади — хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада кучайтириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбия олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, иқтидорли ва билимли қизларни тарбиялаш ҳамда уларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятда, хусусан, давлат бошқарувида уларнинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлашдан иборат.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ўзбекистон тарихида илк маротаба БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, парламентдаги хотин-қизлар сони қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари» тизими жорий этилиб, Давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд. сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими жорий этилди.
Буларнинг бари республикамиздаги хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини тезда топиб кетиши ва уларга нисбатан турли хилдаги зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида тизимли равишда амалга оширилмоқда. Ҳар бир оилада аёлига, қизига илм олиши учун етарлича имконият яратилиб, гендер тенглик масаласига аҳамият қаратилса, ўйлаймизки юртимизда айнан аёлларга нисбатан қилинаётган ноҳақликлар сезиларли даражада бартараф этилади.
Махфиза Мастонова,
Бухоро вилояти, Жондор тумани
«Оқтепа ва Ромиш» МФЙ
хотин-қизлар фаоли