Хуш келибсиз, инвестор ёхуд инвестициявий низоларнинг ҳуқуқий асослари қай даражада?

    Статистик маълумотларга назар соладиган бўлсак, ўтган йил даврида иқтисодий судларда 3 мингдан ортиқ чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низолар ҳал этилган.

    Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга бўлди. Унда эътироф этилганидек: “Ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан 4 та муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқдир”.

    Мурожаатда судларни чинакам маънодаги адолат қўрғонига айлантириш борасида ҳаётга жорий этиладиган ислоҳотлар мамлакатда суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиши зарурлиги, қонун бузилиш ҳолатларини фақат ва фақат судларнинг ҳақиқий мустақиллигига эришиш орқали бартараф этиш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

    Ўзбекистон — энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторида

    Статистик маълумотларга назар соладиган бўлсак, ўтган йил даврида иқтисодий судларда 3 мингдан ортиқ чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низолар ҳал этилган. Ушбу иқтисодий ишларнинг деярли ярми Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган.

    2020 йил бўйича республикамиз Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” (Doing Business) рейтингида дунёнинг 190 та давлатлари орасида 7 поғона кўтарилиб 69-ўринни эгаллади ва бизнесни рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича 8-ўринни эгаллади ҳамда энг яхши ислоҳотчи давлатлар қаторидан ўрин олди.

    “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида “Шартномалар ижросини таъминлаш” индикатори бўйича Ўзбекистонни дунёнинг етакчи 20 та давлатлари қаторига киритишни ҳам таъминлаш зарур. Бунда мамлакатда одил судлов тизими муҳим аҳамият касб этиб, унинг сифатлилиги даражаси иқтисодий соҳадаги низоларни кўриб чиқишда суд жараёнининг шаффофлиги ва ишларни кўриб чиқиш самарадорлиги каби мезонлар орқали аниқланади.

    Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонуни бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак адашмаймиз. Ушбу меёрий ҳужжатнинг 61-моддасига мувофиқ, давлат органларининг инвестиция фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ёки чеклайдиган қарорлари, улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланган.

    Мазкур қонуннинг 63-моддасига кўра, чет эл инвестициялари билан боғлиқ бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эллик инвесторнинг инвестиция фаолиятини амалга ошириши чоғида юзага келадиган низо (инвестициявий низо) музокаралар ўтказиш, ундан сўнг агар келишувга эришилмаса, медиация йўли билан ҳал этилиши кўрсатилган. Музокаралар ўтказиш ва медиация йўли билан тартибга солинмаган инвестициявий низо Ўзбекистон Республикасининг тегишли суди томонидан ҳал қилиниши кераклиги мустахкамланган.

    Салбий омиллар ҳам йўқ эмас

    Шу билан биргаликда, мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшиланишига ва инвестициявий низоларни самарали ҳал этилишига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар мавжуд. Жумладан, инвестицияга оид низоларни суд томонидан ҳал этиш буйича амалдаги қонун ҳужжатлари нормалари етарли даражада ривожланмаган.

    Яъни инвестиция фаолиятига алоқадор иқтисодий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар турли хил судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Иқтисодий соҳада юзага келадиган низолар иқтисодий судлар, фуқаролик, меҳнат ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар фуқаролик ишлар бўйича судлар ва давлат органлари билан оммавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.

    Бу эса, ўз навбатида, инвесторлар фаолиятига оид низолар бўйича қарорлар қабул қилишда турли хил суд амалиёти шаклланишига сабаб бўлмоқда.

    Инвестицияга оид низоларни ҳал қилиш бўйича суд тизимини такомиллаштириш ҳамда инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.

    Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибини тузиш назарда тутилган. Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар (йирик инвесторлар) ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилган.

    Бунда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши ҳамда қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланган.

    Инглиз ҳуқуқи етакчи тизим сифатида

    Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигига эришишдан иборат. Чет элдан инвесторни жалб этиш учун унга, биринчи навбатда, қулай ишбилармонлик муҳити, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний кафолатлар яратиб бериш лозим.

    Бу борада кўплаб хорижий давлатларда инглиз ҳуқуқи етакчи тизим сифатида кенг қўлланилиб келинмоқда. Илғор ривожланган мамлакатларда инвесторлар ўзи билган инглиз ҳуқуқи тизимида иш олиб боришни афзал куришади. Инглиз ҳуқуқи бир неча давлатлар ҳуқуқ тизимининг энг афзал жиҳатларини ўзида жамлаган ҳуқуқ мажмуаси бўлиб, қўшма корхоналар тузиш, инвестиция киритишда ундан кўп фойдаланилади. Эгилувчанлик, шаффофлик, башорат қила олиш ва, энг муҳими, тезлик бу тизимнинг афзал жиҳатлари ҳисобланади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда инглиз ҳуқуқини жорий этиш учун дастлабки қадам сифатида хизмат қилади. Ушбу фармон билан Адлия вазирлигига “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида инглиз стандартлари, тамойиллари ва нормалари асосида алоҳида ҳуқуқий режим ўрнатиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

    Хитой, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур ва бошқа кўплаб мамлакатларда инглиз ҳуқуқидан фойдаланиш амалиёти кенг йўлга қўйилган. Жумладан, яқин қўшни давлат Қозоғистонда ҳам ички инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида инглиз ҳуқуқи тизимидан “Астана” халқаро молия маркази ҳудудида самарали қўлланилиб келинмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексга кўра, суд Ўзбекистон Республикасининг қонунига ёки халқаро шартномасига мувофиқ, чет давлатларнинг ҳуқуқ нормаларини қўллайди. Унда чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўллашда суд ушбу нормаларнинг мазмунини уларнинг тегишли чет давлатда шарҳланишига ва амалда қўлланилишига мувофиқ ҳолда аниқлаши белгиланган.

    Инвестицияга оид низолар бўйича судлар ташкил этиш керак!

    Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, республикамизда чет давлати ҳуқуқ нормаларини амалиётга жорий этиш учун миллий қонун ҳужжатларимизда етарли асос мавжуд бўлиб, чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар билан боғлиқ низоларни ҳал этишда суд амалиётини янада такомиллаштиришни замон талаб этмоқда.

    Хорижий давлатларнинг ўз ҳудудида инглиз ҳуқуқи тизимини жорий этиш бўйича илғор тажрибасини ўрганиб, ушбу тизимни Ўзбекистон ҳудудида, аввало, эркин иқтисодий зоналар ва йирик шаҳарлар ичидаги замонавий ишбилармонлик марказлари ҳудудларида жорий этиш, шунингдек уларнинг резидентлари иштирокидаги иқтисодий тусдаги низоларни ҳал этиш учун чет давлат ҳуқуқи нормаларини қўлловчи инвестицияга оид низолар бўйича судлар ташкил этиш таклиф этилади.

    Ҳуқуқий тажриба сифатида биринчи навбатда “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида инвестицияга оид низоларни кўриб чиқувчи ихтисослаштирилган судни ташкил этиш ҳамда мазкур ҳудуд иштирокчилари томонидан тузиладиган ҳар қандай битимдан келиб чиқадиган низоларни инглиз ҳуқуқини нормалари асосида ҳал этиш имкониятини қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

    Хулоса қилиб айтганда, юртимизда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, судларни инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ишончли ва мустаҳкам ҳимоя қиладиган, иқтисодий соҳадаги ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

    Бунинг натижасида мамлакатимизда инвесторлар, шу жумладан, чет эллик инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг суд ҳокимиятига ишончини ошириш, бу эса ўз навбатида Ўзбекистонда янада жозибадор инвестициявий муҳит яратишга ва “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида давлатимиз нуфузини тубдан оширишга туртки бўлиб хизмат қилади.

    Мавлон МУҲИТДИНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Инвесторлар уюшмаси раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates