Янги электр ҳисоблагичлар қандай афзалликларга эга?

    Аввалги ҳисоблагичларда саноқли маълумотлар жамланган бўлса, тизимга уланганларида 40 тага яқин маълумотни кўриш имконияти мавжуд бўлиб, хонадон соҳибига тахминан 25 йилгача хизмат қилиши кўзда тутилган.

    Электр энергияси ва табиий газ аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун энг зарур манбалардан ҳисобланади.

    Улардан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш эса аҳолининг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежашга хизмат қилади.

    Президентимиз раислигида 14 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилиш автоматлаштирилган тизимларини тўлиқ жорий этиш масалалари таҳлил этилди. Жорий йилнинг 28 сентябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Қўйилган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш мақсадида айни вақтга қадар жойларда қарийб 4 миллион дона электр ҳисоблагич ўрнатилиб, улардан 2 миллиондан ортиғи жорий этилаётган автоматлаштирилган тизимга уланди. Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан жорий йил якунигача яна 3,5 миллион дона шундай ҳисоблагич ўрнатилиб, 2021 йил 1 мартга қадар электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган. Мазкур жараёнлар 2021 йил 1 январдан бошлаб электр энергияси ҳисобини тўлиқ йўлга қўйиш, тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни таъминлаш, тизим орқали аниқланган хатоликларни тезкорлик билан бартараф этиш ишларини ташкиллаштириш каби вазифаларни амалга ошириш билан бир вақтда олиб борилади.

    Ўз-ўзини назорат қиладиган “ақлли” ҳисоблагичлар

    Автоматлаштирилган тизим инсон омили таъсирисиз ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш, қарздорлик мавжуд бўлганда тармоқдан ажратиш, бартараф этилгандан кейин унга қайта улашнинг автоматлаштирилган механизмидир. Бугунги кунда истеъмолчиларнинг мавжуд электр ҳисоблагичларини жорий этилаётган автоматлаштирилган тизимга ўтказишнинг имкони йўқ. Шу боис, республикамизда янги тизимга мос келувчи электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

    Амалдаги электр ҳисоблагичларни янгисига алмаштиришда аҳолидан ҳеч қандай ортиқча харажат талаб қилинмайди. Уларни олиб бориб, ўрнатиб бериш ишларининг бари “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ходимлари томонидан бепул амалга оширилади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 522 миллион АҚШ долларига тенг. Унинг илк босқичи Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирилиб, 150 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган ва Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси билан ҳамкорликда Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилмоқда.

    Республика бўйича электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этиш учун жорий йил якунига қадар 7 миллион 418 мингта электр ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар бу режа 54 фоизга бажарилди.

    Ҳисоблагичларни ўрнатиш билан параллел тарзда уларни автоматлаштирилган тизимга улаш ишлари ҳам олиб бориляпти.

    Янги электр ҳисоблагичлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмаган айрим фуқаролар орасида унинг ўрнатилишидан норози бўлаётганлар ҳам учраб турибди. Аммо қурилма нафақат тизим мутахассислари, балки аҳоли учун ҳам фойдаланишда қулай ва бир қатор афзалликларга эга.

    — Электр энергетикаси соҳасида ҳисоб-китобнинг йўқлиги, дебитор қарздорликнинг йилдан йилга ўсиб бориши тизимни тубдан ислоҳ қилиш, мавжуд электр ­ҳисоблагичларни автоматлашган турдагиларига алмаштириш заруратини юзага келтирди, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов. — Амалдаги электр ҳисоблагичлар электрон бўлса-да, аввалги айланадиган дискли (индукцион) ҳисоблагичлардан фақат кўриниши билангина фарқ қилади. Уларнинг ҳар иккаласи орқали, афсуски, маълумотларни масофадан олиш ва бошқаришнинг имкони йўқ. Ҳисоблагичларни ҳар сафар кўрикдан ўтказиш, ундан кўрсаткичларни ёзиб олиш ва ҳисоб-китоб қилиш учун дастурга киритишга ҳар бир истеъмолчига ҳудудий электр тармоқларидан ходим бориши талаб этилади. Бугунги кунда 7 миллион 400 мингдан ортиқ истеъмолчида шундай ҳисоблагич борлигини ҳисобга олсак ҳар ой уларнинг ҳаммасини маълумотини тўплаш осон кечмаслиги маълум бўлади. Мунтазам равишда ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш мақсадида жойларга чиқиш учун 8 минг ишчи олиниб, уларнинг ҳар бирига ойлик маош тўланган. Шунингдек, қарздорлиги мавжуд бўлганларнинг хонадонига икки нафар ходим бориб, истеъмолчини электр тармоғидан узиши ва қарздорлик тўланганидан сўнг қайта тармоққа улаши учун ҳам муайян вақт ҳамда ортиқча маблағ сарфланар эди. Энг ачинарлиси, узатилган электр ҳисобини юритиш, истеъмолчилар кесимида балансини чиқариш учун кўп вақт талаб этилиши ҳисобига маълумотлар корхонанинг молиявий ҳисоботларига кеч киритилар, натижада бу жараён 6 ойгача чўзилиб кетарди.

    Ана шу камчиликларнинг олдини олиш ҳамда аҳолига узлуксиз ва сифатли электр энергиясини етказиб беришни таъминлаш мақсадида электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтилмоқда.

    Автоматлаштирилган тизимга уланган электр ҳисоблагичлардан фойдаланиш, аввало, фуқароларга қулайлик туғдиради. Аввалги ҳисоблагичларда саноқли маълумотлар жамланган бўлса, тизимга уланганларида 40 тага яқин маълумотни кўриш имконияти мавжуд бўлиб, хонадон соҳибига тахминан 25 йилгача хизмат қилиши кўзда тутилган. Чунки улар маҳаллий корхоналар томонидан жаҳон стандартлари асосида юртимиз иқлим шароити, хусусан, ҳавонинг энг иссиқ ва энг совуқ даражасига мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда.

    Ҳисоблагични созлаш билан боғлиқ муаммоларда ҳам фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига ҳожат қолмайди. Тизимга уланиш жараёнида камчиликка йўл қўйилган бўлса ёки ишлаши билан боғлиқ бошқа муаммолар юзага келганда, ҳисоблагич тизимга автоматик хабар юборади ва мутахассислар келиб, нуқсонни бартараф этади.

    — Яна бир қулай жиҳати, ҳисоблагичлар тўлиқ автоматлаштирилган тизимга уланиши ҳисобига унга инсон омили таъсири буткул чекланади, — дейди Жаҳонгир Обиджонов. — Яъни ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш, қарздорлик мавжуд бўлганда тармоқдан ажратиш, қарздорлик бартараф этилганда, тармоққа қайта улашнинг бари автоматлаштирилган тизим асосида амалга оширилади. Натижада ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд этиш учун хонадонларни доимий кўрикдан ўтказиш керак бўлмайди.

    Одатда электр энергиясидан фойдаланишни биламиз-у, унинг тўловларига келганда ишни ортга сурамиз. Натижада узатилган электр энергияси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмагани тизимда қатор муаммоларни юзага келтира бошлайди. Бугунги кунда республика бўйича электр энергиясидан истеъмолчиларнинг 3,4 триллион сўм қарздорлиги мавжуд бўлиб, унинг 2,4 триллиони аҳоли улушига тўғри келади. Қарздорлик бўйича энг катта кўрсаткичлар Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилоятлари истеъмолчилари ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Ҳудудларда жорий этилаётган янги тизим мазкур муаммоларнинг ечими бўла олади. Хусусан, янги ҳисоблагичлар ўрнатилиши ва электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимга ўтказилиши натижасида 7 та туман ва шаҳарда электр энергияси учун тўловларнинг ундирилиши 40 фоиз ошиб, мавжуд дебитор қарздорлик 20 фоиз қисқарди.

    Ҳисоблагичнинг кўрсаткичини ўзгартириш (айлантириш) мақсадида ташқи таъсир ўтказиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатларни энди “ақлли” тизимдан яширишнинг имкони бўлмайди. Бунинг боиси, ҳисоблагич ҳар қандай ташқи таъсирни ўз хотирасига ёзиб олади ва бу маълумотларни қайта ишлаш марказларига юборади.

    ҲАР БИР ҲУДУДДА СЕРВИС ХИЗМАТЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ

    Ҳисоблагичлар барча ҳудудларга ўрнатиб бўлингач, уларни созлаш ва алоқага чиқариб биллинг тизимига улаш ишлари амалга оширилади. 2021 йилнинг март ­ойига қадар барча электр ҳисоблагичлар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Тошкентда шу йилнинг август ойида ишга туширилган Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказига ­уланади.

    Марказда республика, вилоят, туман (шаҳар) ва зарурат бўлганда маҳаллалар кесимида электр энергияси истеъмолчилари ҳисоблагичларининг маълумотлари қайта ишланади ва сақлаб борилади. Дастурий таъминот орқали электр энергиясининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шакллантириш ҳамда табақалаштирилган тарифда ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкони мавжуд. Марказда электр ҳисоблагичларни назорат қилиш баробарида уларни масофадан туриб қайта дастурлаш ҳамда олинган маълумотларни қайта ишлаш вазифалари ҳам амалга ­оширилади.

    Бугунги кунда бу ерда ўрнатиладиган дас­турий таъминотнинг сервер қурилмалари саккиз миллион истеъмолчини улашга мўлжалланган бўлиб, келгусида 20 миллион нафарга етказиш имконияти юзага келади.

    Аммо тизимни барча ҳудудларда ишга тушириш учун, аввало, айрим мавжуд муаммоларни бартараф этиш талаб ­қилинади.

    — Электр ҳисоблагичларни автоматлаштирилган тизимга улаш учун барча трансформатор пунктларига маълумотларни жамловчи концентраторлар ўрнатилиб, мобиль алоқа орқали маълумотлар марказга узатиб борилади. Лекин республикамизда интернет тармоғи бўлмаган ёки жуда ёмон ишлайдиган ҳудудлар бор. Бу эса иш жараёнида қатор муаммоларни юзага келтирмоқда, — дейди Жаҳонгир Обиджонов. — Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, бу муаммоларни ҳал қилиш бў­йича тегишли ташкилотларга аниқ топшириқлар берди. Уларнинг бартараф этилиши белгиланган вазифаларни тез ва самарали амалга оширишимизда катта ёрдам бўлади.

    Шунингдек, лойиҳа тўлиқ якунига етгач, ҳар бир вилоят марказларида ҳисоблагичларга хизмат кўрсатиш сервисларини очиш ҳам кўзда тутилган.

    Таъкидлаш жоизки, бу ишларни йўлга қўйиш натижасида электр энергияси таъминотида сезиларли ўзгаришлар бўлади. Аввало, тизимдаги тиғиз соатларда юкламани бошқариш имконияти яратилиб, истеъмолчиларга электр энергиясини олдиндан тўлов асосида етказиб бериш орқали қарздорлик ҳосил бўлишининг олди олинади. Айланма маблағлар танқислиги сабаб модернизация ва реконструкция қилинмаётган тармоқларга кўпроқ маблағ ажратиш ҳисобига электр энергиясини узатишдаги узилишлар сони сезиларли даражада қисқаришига эришилади. Асосийси, дас­тур орқали қайси тармоқ ёки ҳудудларда меъёрдан ортиқ йўқотишлар бўлаётганини аниқлаш орқали электр энергиясини узатишда тижорий йўқотишларга имкон қадар тўсиқ қўйилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates