Янги ғоялар ва ташаббуслар билан ёруғ манзиллар сари

    Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати устувор вазифалардан бири сифатида кўрилади. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга шарт-шароитлар, имкониятлар яратиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди.

    Бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг такомиллаштирилмоқда, ёшларнинг катта майдонда ўзини намоён қилишига рағбат кўрсатилаётир: ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини парламент минбарига олиб чиқишга имкон бериляпти, қонун ижодкорлигида ёшлар иштироки таъминланяпти, Сенатнинг бўлажак аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, йигитқизларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб боришга аҳамият қаратиляпти. Биз Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси докторанти Моҳистара МУҲАММАДЮНУСОВА билан мазкур тузилма фаолияти, унинг мамлакатимиз ёшлари ҳаётида тутган ўрни, Президент сайлови арафасида ёшлар фаоллиги хусусида суҳбатлашдик.

    — Суҳбатимизни айнан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Ёшлар парламенти мақсад ва зифалари ҳамда фаолияти билан танишишдан бошласак.

    — Мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқийман, илм билан шуғулланаман, ихтиролар қиламан, деган ёшларимиз учун барча шароитлар яратилган. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш масалалари ҳам ҳукумат даражасида назоратга олинган. Ана шу эътиборнинг давоми сифатида Олий Мажлис Сенати ҳузурида Ёшлар парламентининг ташкил этилиши йигит-қизларимиз ҳаётида катта ҳодисага айланди.

    Эндиликда Ёшлар парламенти аъзолари ўзи яшаб турган ҳудуддаги тенгдошлари муаммоларини ўрганиб, сабабларини аниқлаб, уни ёшлар ўртасида муҳокама қилмоқда. Бу каби муаммоларни парламент минбарига олиб чиқиш, ёшларнинг қонун ижодкорлигида иштирокини таъминлаш, Сенатнинг бўлғуси аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш каби вазифаларни амалга оширяпмиз.

    Ёшлар парламенти аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида турли йўналишларда фаолият юритаётган ташаббускор, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш, билим, лидерлик салоҳиятига эга ёшлар орасидан, гендер тенглик таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда, 100 нафар этиб шакллантирилган. Жумладан, халқ депутатлари вилоят, туман ёки шаҳар кенгашларига сайланган ёшлар вакилларидан ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда 6 нафардан — жами 84, Ёшлар иттифоқи тавсиясига кўра 10 ҳамда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига биноан 6 нафар фаол йигит-қиз Сенат Кенгаши қарори билан Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқланган.

    Бугун ана шу жамоа билан бирлашиб, мамлакатимиз ёшлари орасига кириб боряпмиз. Салоҳияти бор, бироқ уни намоён эта олмаган ёки ўз олдига аниқ мақсад қўёлмаган, йўл излаётган ёшлар доимий эътиборимизда. Чеккачекка ҳудудлардаги ишсиз ёки бирор ҳунарга эга бўлмаган тенгдошларимиз “Ёшлар дафтари”га бириктирилиб, касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Субсидия, имтиёзли кредитлар ажратилиб, иш билан таъминланяпти. Ажратилган маблағ эвазига ота-онаси, маҳалла-кўйга хизмати сингяпти. Хуллас, шижоатли ёки креатив ғояси бор ёшлар кўп ўтмай ўз йўлини топмоқда.

    Шулардан келиб чиқиб айтамизки, биз ўз олдимизга юртимиздаги барча ёшларни, хусусан, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган тенгдошларимизнинг интилишларини, орзу-умидларини юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш, нафақат иқтидорли, балки уюшмаган ёшларни ҳам ўз сафимизга қўшиш, уларга мотивация бериш орқали руҳлантириш, касб-ҳунарга ўқитиш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш, ёшлар муаммоларини бартараф қилишни мақсад қилганмиз.

    Ёшлар парламентида илм-фан, маданият ва туризм, спорт, соғлом турмуш, экология, компьютер технологиялари, инновацион ғоялар, стартаплар ва агрокластер, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва қонунчилик, бандлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, гендер тенглик ва ижтимоий масалалар комиссиялари фаолият юритяпти.

    Биз Олий Мажлис Сенати аъзолари каби қонун лойиҳалари муҳокамаларида иштирок этамиз. Белгиланган мақсад ва вазифалар, йўналишларимиздан келиб чиқиб конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, ҳудудлардаги ёшлар билан учрашув ва турли тадбирлар ташкил этамиз. Қонун ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг муҳокама қиламиз.

    — Шу кунгача Ёшлар парламенти қандай йирик лойиҳаларда иштирок этди?

    — Ёшлар парламентининг асосий мақсадларидан бири ҳудудларда ёшларга доир ташаббуслар амалга ошишига кўмаклашиш. Бу жараёнда жойларда айрим муаммолар ҳам кўзга ташланяпти. Масалан, яқинда Тошкент вилоятидаги туман маданият марказида бўлдик. Бу ерда шароит йўқлигига қарамай, ходимлар ҳудуд ёшлари билан сидқидилдан ишлаб келган. Улар иш жараёнидаги етишмовчиликлар рўйхатини шакллантириб, мутасадди ташкилотлардан ёрдам сўраган. Афсуски, муаммо ечими кейинга сурилган. Асосий муаммо жой масаласи эди. Биз ишга жиддий киришдик. Ҳозир амалий ишлар олдинга силжиди. Бу каби мисоллар кўп. Керакли ташкилотлар билан бирга муаммоларни ҳал қилсак, муҳим ташаббусларимиз йўналишлари бўйича кўзланган натижалар салмоғи ошиб бораверади.

    Ўтган йили Ўзбекистон ёшлари форумида кўтарилган масалаларни амалга ошириш учун бўлажак ёш олимларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш амалиёти жорий этилиши белгиланганди. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилиши режалаштирилган “Бўлажак ёш олим” танлови ана шундай лойиҳалардан бири. Қувонарлиси, ёш олимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу лойиҳа доирасида танлов ғолибларига 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бу пулни қўлида тайёр лойиҳа бор ёш олим нимага сарфлайди? Албатта, ўз ихтиросини амалга оширишга. Чунки у ихтиросини ҳаётга татбиқ этиш учун етарли имконга эга бўлади. Демак, ёшларнинг ихтиролари орзулиги ёки ғоялигича қолиб кетмайди. Патентланиб, амалиётда қўлланилади.

    Шу ўринда Фарғонада ташкил этилган Ёш фермер қизлар мактабига алоҳида урғу беришни истардим. Ушбу лойиҳа Республика гендер комиссияси билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида, Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муродова раҳбарлигида ташкил этилди. Меҳнатсевар ва қатъиятли фермер қизлар Лола опадан деҳқончилик сирларини ўрганиш баробарида Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида ҳам тарбияланмоқда. Ёш фермер қизлар мактаби тажрибаси мамлакатимиз миқёсида ибрат намунаси бўлишига ишонамиз.

    — Ёшлар парламенти аъзоларининг қонунчилик ташаббуслари ва қонунларни қабул қилишдаги ўрни қандай?

    — Ёшлар парламенти қонунлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб келаётгани ҳақида юқорида ҳам айтдик. Улар аввалига оммавий муҳокамага қўйилади ва албатта, ўзимиз ҳам Ёшлар парламенти аъзолари ўртасида қонуннинг ўзига хос жиҳатлари
    ва аҳамияти, мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуниш мақсадида амалиётда қандай натижаларга олиб келишини прогноз қиламиз. Ўрни келганда таклифларимизни берамиз. Қолаверса, Сенатнинг парламент сўровлари олдидан ўтказиладиган ўрганишларда доимий қатнашамиз. Аксарият аъзоларимиз Сенат ишчи гуруҳлари билан бирга жойлардаги тадқиқотларда иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Сенат ялпи мажлислари олдидан ўтказиладиган қўмиталар йиғилишларида ҳам фаол иштирок этамиз, қонунлар ва парламент сўровларига таклиф ва хулосаларимизни тақдим қиламиз.

    — Сиз Ёшлар парламенти раиси сифатида хориждаги тенгдошларингиз ва ёшлар масалалари бўйича мутахассислар билан мулоқотда бўласиз. Айтингчи, уларнинг Ўзбекистонга, ёшларимизга нисбатан фикрлари қандай?

    — Ўзбекистон номидан илк бор 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида “Ёшлар-72” деб номланган форумда нутқ сўзлаш насиб
    қилган. Юртимизда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун асосида ёшлар билан ишлашнинг янги тизимига асос солиниб, масъул ташкилотларнинг фаолияти аниқ белгилаб берилди. Ҳеч бир ёш эътибордан четда эмаслигини қалбан ҳис қилиб яшаяпмиз. Ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш каби долзарб масалалар ижобий ҳал қилинаётган бир пайтда шу юрт фарзанди эканимдан ғурур туйдим. Бу эса “Ёшлар-72” форумида ёруғ юз билан мамлакатимиз тажрибасини ўртоқлашишимга куч берди. Гапларим баландпарвоз туюлиши мумкин, лекин ана шундай халқаро миқёсдаги тадбирда қатнашган ватанпарвар, шижоатли ҳар бир ўзбекистонлик ёш бу фикрларимни тасдиқлашига ишонаман.

    Ўтган йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳаси халқаро муҳокамага қўйилди. Шу форумда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳам ўз таклифларини илгари суришга эришди. Қолаверса, жорий йилда ёшлар куни арафасида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси раиси билан Ўзбекистонга ташрифи доирасида учрашдик. Бу нуфузли ташкилот раҳбари Ўзбекистоннинг парламент соҳасида эришган ютуқлари, хусусан, парламентдаги ёшлар улуши 6 фоизга тенглиги ва бу рақам дунёдаги ўртача кўрсаткичдан 3 баробар юқори эканини эътироф этди.

    — Муҳим сиёсий жараён — Президент сайлови арафасидамиз. Шу кунларда бу жараён қизғин паллага кирди. Бу жараёнда ёшлар фаоллиги қандай?

    — Сайловда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш — муҳим масалалардан бири. Бу жараёнда Ёшлар парламенти ҳам ташаббуслари билан ишга киришди. Юртимизда 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар 7 миллионни ташкил этади. Демак, бу йил сайловда шунча йигитқиз ўз овози билан иштирок этиши кутилмоқда. Жорий йилнинг 20 октябригача мамлакатимиз бўйлаб “Ёшлар ва сайлов” мавзусида давра суҳбатлари ўтказяпмиз. Суҳбатларни ташкил этишдан мақсад ёшларнинг электорал маданиятини шакллантириш, сайловда илк маротаба иштирок этаётганларнинг дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, сиёсий билимини ошириш, жараёнда масъулиятни ҳис этган ҳолда қатнашишини таъминлашдан иборат.

    Бугунги ёшларимиз ўз фикр ва ташаббусини ҳимоя қилишга ўрганган. Буни ўтказилаётган давра суҳбатларида кузатиб боряпмиз. Мамлакатимиз ёшларининг сайловолди тарғиботларда фаоллиги, шубҳасиз, бизни қувонтирмоқда.

    Марказий сайлов комиссиясига сайлов жараёнларида 5 та йўналишда иштирок этишни таклиф қилдик.

    Сайловга хорижий мамлакатлардан, халқаро ташкилотлардан экспертлар ташриф буюради. Юртимизда улар билан муносиб мулоқот қила оладиган ёшлар кўп. Халқаро кузатувчилар, экспертларга ҳамроҳлик қилиш учун ҳам сиёсий билимга эга, ҳам тил биладиган ёшлар танлов асосида сараланади. Таржимонларнинг салоҳияти сайлов жараёнида муҳим аҳамиятга эгалиги ҳам инобатга олинади.

    Бугун ахборот-коммуникация технологиялари ҳар соҳада етакчи ўрин эгалламоқда. АКТ билан мақсадга эришиш қулай ва осон. Шу боис, ахборот технологиялари сайлов жараёнларида ҳам кенг қўлланилади. Бунда сайловчиларни электрон рўйхатдан ўтказиш жараёнини тезлаштириш учун АКТ бўйича мутахассисларга эҳтиёж сезилиши табиий. Биз шу жараёнга ҳам кўмак бермоқчимиз.

    Оммавий ахборот воситалари бўйича мутахассислар ахборот маданиятига эга, сиёсий жараёнларни яхши тушунадиган, таҳлил қиладиган ёшлардан тузилади.

    Сайлов тарғиботи билан шуғулланувчи кўнгиллилар сайлов участкаларида қайсидир фуқарога ёрдам керак бўлса ёки савол туғилса, уларнинг оғирини енгил қилади. Ҳозир Ёшлар парламентининг Қонунчилик ва ёшлар ҳуқуқлари масалалари бўйича комиссияси ушбу масала билан шуғулланяпти. Энг асосийси, ташаббусимиз қўллаб-қувватланди.

    Бир сўз билан айтганда, ҳали олдимизда қиладиган ишлар кўп. Янги ғоялар, янги ташаббуслар бор. Қадамбақадам барчасини амалга оширишга ҳаракат қиламиз.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири Башорат ЮНУСОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates