Бу эса Бош қонунимизда “Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат” тамойилини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик ҳуқуқи, фуқаролик жамияти институтлари ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Конституциявий комиссия томонидан аҳоли фикр ва таклифларини қабул қилиш тизимли йўлга қўйилди. Натижада юртимиздаги конституциявий ислоҳотларда нафақат олимлар, ҳуқуқшунослар, мутахассислар, балки фуқаролар ҳам бевосита иштирок этмоқда. Билдирилган таклифлар таҳлили халқимизнинг кенг кўламли ўзгаришларга бефарқ эмаслигини, фуқаролар ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилаётганини кўрсатмоқда.
Халқимиз, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши керак”лиги тамойилларига асосланиб берилган таклифларидан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди.
Конституциявий қонун лойиҳасида Бош қонунимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда. Конституцияга ўзгартишлар “инсон-жамият-давлат” принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Конституциявий тузатишлар, энг аввало, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга, ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланади. Қонун лойиҳасида Ўзбекистон ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий демократик давлатлиги, “инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади” экани белгиланмоқда.
Ўзгартиш ва қўшимчалар, аввало, “Инсон қадри учун” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган бўлиб, биринчидан, фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқларини, жумладан, эҳтиёжманд қатламлар ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтиради. Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан турли чекловлар ўрнатиш, шунингдек, уларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланмоқда.
Давлат ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларнинг ҳаёти сифатини оширишга, уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиши учун шароитлар яратишга ҳамда ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўриши белгиланмоқда. Ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиши, пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турларини тайинлаши мустаҳкамланмоқда.
Энг муҳими, пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги аниқ кўрсатилмоқда.
Иккинчидан, тузатишлар оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, бунда никоҳ аёллар ҳамда эркакларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, давлат оилани тўлақонли ривожлантириш учун зарур ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратиши, кўп болали оилаларга имтиёзлар ҳамда ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлаши, шунингдек, бола манфаатлари, жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши экани конституциявий мустаҳкамланмокда.
Учинчидан, фуқароларнинг малакали тиббий хизмат кўрсатилишига, соғлом табиий муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашнинг конституциявий механизмлари кучайтирилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдам кўрсатишнинг қонунда белгиланган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли экани қатъий ўрнатилмоқда.
Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриши, санитария-эпидемиологик осойишталикни кафолатлаши, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун имкониятлар яратиши белгиланиб, Оролбўйининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриши назарда тутилмоқда.
Тўртинчидан, таълимни, илм-фанни, миллатни ва, жумладан, ёшларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг аниқ конституциявий кафолатлари кўзланган. Хусусан, давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, ҳар бир боланинг умумий ўрта таълимга доир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқи кафолатланмоқда. Давлат бепул умумий ўрта таълимни, шунингдек, танлов асосида давлат таълим ташкилотларида бепул олий маълумот олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб, алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни ташкил этиш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат иқтидорли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълим олиш давом эттирилишини кафолатлаб, таълим муассасалари ва ташкилотларининг хусусий ва бошқа шаклларини ривожлантириш учун тенг шароитлар яратиши назарда тутилмоқда.
Бешинчидан, педагог ходимлар мақомини ҳар томонлама мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаси деб эътироф этилиши, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни ва обрў-эътибори давлат ҳимоясида экани конституциявий кафолатланмоқда. Ўз навбатида, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда.
Олтинчидан, Конституцияга ўзгартишлар борасида фуқароларимиздан келиб тушган энг кўп таклифлар айнан инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни кучайтиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Ўз навбатида, лойиҳа билан Конституциямизнинг мазкур масалага бағишланган нормалари ҳам тубдан такомиллаштирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади, деган норма киритилмоқда.
Ушлаб туришга, ҳибсга олишга ва ҳибсда сақлашга ёки эркинликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига биноан йўл қўйилиши, суднинг қарорисиз шахс 48 соатдан кўп муддатга ушлаб турилиши мумкин эмаслиги акс эттирилмоқда.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланиб, ушлаб турилиши чоғида шахсга ўзига тушунарли тилда ҳуқуқлари ва унинг ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши кераклиги мустаҳкамланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топган яна бир янгилик - заҳматкаш халқимизнинг кўп йиллар давомида бошига тушган ташвиш, яъни заррача айби бўлмаган шахсга айбдор сифатида қараш каби собиқ тузумдан қолган сарқитлардан холи этишга қаратилган, десак муболаға эмас. Яъни Конституция билан “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” белгиланмоқда.
Конституцияда ҳар ким интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги, шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳам кафолатланмоқда. Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмаслиги қатъий ўрнатилмоқда.
Конституциямизга “ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган бўлса, ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга”, деган инқилобий қоида киритилмоқда. Бундай қоида бугунги кунда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи тузилмалар, амалиётчилар орасидаги низоларга, олимлар ўртасидаги турли баҳсларга ҳам оқилона ечим бўлиши шубҳасиз.
Еттинчидан, миллий қадриятлар ва анъаналарни сақлашга, жамиятнинг тарихий, ижтимоий-иқтисодий асосларини, халқ бирлигини мустаҳкамлашга оид ўзгаришлар назарда тутилмоқда. Жумладан, қонун лойиҳасида давлат ва жамият миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маънавий ва маданий мероси узлуксизлигини таъминлаш, болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамланмоқда.
Конституциямизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришга бўлган ҳуқуқининг мазмун-моҳияти аниқ очиб берилмоқда. Масалан, фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг ўзига хос тарихий хусусиятларидан, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ҳамда анъаналардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда ва қонун доирасида ҳал этиш ҳуқуқи ҳамда уни амалга ошириш салоҳияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши деб эътироф этилиши белгиланмоқда.
Саккизинчидан, Конституцияга тузатишлар фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқларини, хусусий мулкчиликни, иқтисодий фаолиятнинг эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада давлат тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни, шарт-шароитларни таъминлаши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.
Товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиб, ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги мустахкамланмоқда. Асосийси, давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлиги, унинг устидан жамоатчилик назорати амалга оширилиши белгиланмоқда
Тўққизинчидан, фуқаро ва давлатнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан ўзаро боғлиқлиги кучайтирилмоқда. Хусусан, ҳар ким республикадан ташқарига чиқиш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқига эга экани кўрсатилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистан Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда.
Конституциямизга киритилаётган II йуналишдаги тузатишлар давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламент ваколатларини кучайтиришга, фуқароларнинг қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган. Масалан:
- халқимиз, жамоатчилигимиз томонидан узоқ йиллардан бери кутиб турилган масала, яъни ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига раҳбарлик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланмоқда, халқ депутатлари кенгашининг ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда;
- парламентнинг Ўзбекистан Республикасида коррупцияга карши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани кўриб чиқиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича ваколатларини Сенатга ўтказиш назарда тутилмоқда;
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги фармонни Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби Конституцияда белгиланмоқда;
Шу ўринда Конституциямизнинг 127-моддасига киритилаётган қўшимчага тўхталиб ўтсак. Унда Конституциямизнинг жамият ва давлат ҳаётининг фундаментал асосини белгилаб берувчи 1-моддаси қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Яъни энди “Ўзбекистон — суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат. Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маънони англатади”, деган қоида ўзгармайди!
Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди. Бугунги кунга қадар конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан жами 65 мингдан зиёд таклиф келиб тушган. Билдирилаётган фикр-мулоҳазаларда мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар ўз вақтида бўлаётгани таъкидланиб, Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда илгари сурган таклифлари ва ғоялари кенг жамоатчилик томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида фуқароларнинг фаоллиги кучаяётгани, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётгани умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирди. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 2022 йил 15 июлгача узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Унинг натижаларига кўра, конституциявий қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.
Бугун минглаб фуқароларимиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман, жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз ўз таклифларини юбормоқда. Зотан, юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири сиз ва бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ.
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ
масалалари қўмитаси раиси








